03.05.2023
3 май куни Берлин шаҳридаги Бельвю саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Федерал Президентга Германияга ташриф билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.
Президентлар Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик мисли кўрилмаган суръатда ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Фаол сиёсий, гуманитар ва ишбилармонлик мулоқотлари давом этмоқда. Томонлар нуфузли халқаро институтлар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Икки томонлама муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқиш муҳимлиги юзасидан якдил фикр билдирилди.
Президентлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.
Жумладан, кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма лойиҳалар сони икки баробар ошди. Иқтисодиётимизда Германия инвестициялари ҳажми 5,5 миллиард еврони ташкил этмоқда, шундан 4 миллиард евро охирги бир неча йилда жалб қилинган.
Президентлар умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган савдо шартномалари ва инвестиция-технология битимлари имзоланиши билан якунланган ишбилармонлик тадбирларининг натижаларини олқишладилар.
Берлинда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланмоқда.
Шу маънода, Германия минтақадаги ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини, шу жумладан Евроиттифоқнинг “Глобал дарвоза” ташаббуси доирасида қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланди.
Томонлар минтақада, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш борасидаги шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирдилар.
Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдам кўрсатиш, бунда чегараолди Термиз шаҳрида яратилган замонавий инфратузилма имкониятларидан ҳам фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Маданий-гуманитар алмашинув масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Етакчилар Берлин шаҳрида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига бағишлаб ноёб кўргазма очилаётганидан мамнунлигини билдирдилар.
Ўзбекистонда немис тилини ўрганиш бўйича комплекс дастурни тайёрлаш, шу жумладан мамлакатимиз ҳудудларида Гёте Институти фаолиятини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Франк-Вальтер Штайнмайерни мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.