27.04.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида БМТ Бош котибининг ўринбосари, Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) Ижрочи котиби Ольга Алгаеровани қабул қилди.
Учрашувда Барқарор ривожланиш мақсадларига тезкор эришиш борасида БМТ институтлари, шу жумладан ЕИК билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари учун махсус дастур доирасида самарали ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди. Томонлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши ҳамда “Яшил макон” дастурини, юк ташишларни рақамлаштириш ва тўқимачилик саноати лойиҳаларини амалга ошириш масалаларида алмашинувларни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Суҳбатда БМТ ЕИК билан устувор йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.