06.04.2023
Президент Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни табиатни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларга мувофиқ, Табиат ресурслари вазирлиги ташкил этилган эди. Ҳозирги кунда бу соҳада долзарб вазифалар жуда кўп.
Табиий муҳитни асраб-авайлаган ҳолда, қўриқхона ва питомникларда экотуризмни, ов хўжаликларида овчилик туризмини ривожлантириш мумкин. Шу боис табиат масканларига сайёҳларни жалб қилиш, ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш учун питомниклар ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Президент сув, ҳаво, ер ва ерости бойликларини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, 500 зиёд корхонада сув тозалаш иншооти стандартга жавоб бермайди, баъзиларида умуман йўқ. Компенсация миқдори камлиги сабабли, бундай технология ўрнатишдан кўра, компенсация тўлаш фойдали бўлиб қолган. Шу боис меъёрдан ортиқча оқова учун компенсация тўловини ошириш таклифи билдирилди. Давлатимиз раҳбари экологик назорат инспекцияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.
Жумладан, юртимизда йилига 7 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлаяпти. Шундан фақат 2 миллион тоннадан зиёди қайта ишланади. Қолган чиқиндилардан пайдо бўлаётган иссиқхона гази
ва сизот сувлар табиатга зарар етказаяпти.
Оҳангарондаги эски полигонда чиқиндидан 15 Мегаватт электр энергияси олиш лойиҳаси бошланган. Давлатимиз раҳбари бу тажрибани кенгайтириб, бошқа полигонларда ҳам чиқиндини қайта ишлаш ва муқобил энергия олишни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Ўрмон хўжалигида дарахт билан қопланган ҳудудлар атиги 8 фоиз экани, албатта, етарли эмас. Кўчатчиликни ривожлантириб, чўлларда 221 минг гектар, тоғ ҳудудида 15 минг гектар ўрмонлар барпо қилишга имконият борлиги қайд этилди.
Бунда, ўрмончилик соҳасини ривожлантириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда тубдан янги тизимни жорий этишга кўрсатма берилди. Жумладан, боғ ва ўрмонларни барпо этиш марказий молиялаштириладиган манзилли дастур асосида амалга оширилиши қатъий белгиланди.
Гидрометеорология йўналишида автоматлашган метеорологик станцияларни кўпайтириш, гидрологик ўлчов ускуналарини автоматлаштириш, агрометеорологик хизмат бўйича мобиль иловани ишга тушириш чоралари белгиланди.
Бундан ташқари, ҳар бир туман ва шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилади. Шунга асосан, ҳудудларнинг ҳаво тозалиги рейтинги шакллантирилиб, мансабдор шахслар ишига баҳо бериб борилади.