16.01.2023
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармониЎзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–11-сон Фармони ижросини самарали таъминлаш мақсадида:
1. Бош прокурор (Н.Йўлдошев):
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси (кейинги ўринларда – Ихтисослашган прокурорлар корпуси) фаолиятига 2023 йил 1 сентябрга қадар “Судларда прокурор иштироки” ахборот тизимини яратиб, дастлаб синов тарзида ишга туширсин ҳамда 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этсин;
Олий суд билан биргаликда 2023 йил 1 июлдан Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинувини тўлиқ йўлга қўйсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг эмблемаси намунаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, эмблемани тайёрлаш ва сақлаш ҳамда ундан фойдаланиш тартиби Олий суд раиси томонидан тасдиқланади.
3. Одил судлов фаолиятини амалга ошириш учун жалб этилган ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Олий суд Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш;
айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгилаш;
фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш бўйича асослантирилган таклифларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини таъминласин.
Олий суд Судьялар олий кенгаши ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар ушбу бандда назарда тутилган янги механизмлар жорий этилиши натижасида иш юкламаси мақбуллаштирилган судларнинг штат бирликларини самарали тақсимлаш бўйича асослантирилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини таъминласин.
4. Бош прокурор (Н.Йўлдошев) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ҳамда судларда кўриладиган иш ҳажмини инобатга олиб, айрим йўналишларда прокурор назоратини қисқартириш, шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сонини кўпайтириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
5. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз фаолиятини самарали амалга оширишлари учун Олий суд (Б.Исламов) суд биноларида алоҳида хизмат хоналари ажратилишини, Бош прокурор (Н.Йўлдошев) мазкур хоналарнинг жиҳозланишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов):
доимий равишда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишига кўмаклашиб борсин;
Олий суд (Б.Исламов) билан биргаликда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сон қарори ижросини мониторинг қилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
8. Олий суд манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
9. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Олий суд раиси Б.Исламов ҳамда Бош прокурор Н.Йўлдошев белгилансин.
Фармон ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ