06.10.2022
Президент Шавкат Мирзиёев Сайхунобод туманидаги “Политекс Сирдарё” пахта-тўқимачилик кластери корхонасини бориб кўрди.
Илгари Сайхунобод туманида саноат умуман йўқ эди, фақат пахта экиларди. Қишлоқ хўжалигидаги янгиланишлар, кластер тизими натижасида бу ерда ҳам саноат пайдо бўлди. Ҳозир биргина пахтадан ип, калава, мато, тайёр кийимлар, чигитдан ёғ, совун, озуқа ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Хусусан, тумандаги “Политекс Сирдарё” кластерининг тўқимачилик корхонасида ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Германия технологияси келтириб ўрнатилиб, 700 та иш ўрни яратилган. Корхонанинг йиллик қуввати 7000 минг тонна бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида Хитой, Туркия ва Бангладеш давлатларига 2,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Шунингдек, кластер қошида йилига 30 минг тонна ёғ-мой тайёрлайдиган корхона ҳам мавжуд. Унда 100 нафар аҳоли бандлиги таъминланган.
Давлатимиз раҳбари “Политекс Сирдарё” корхонаси ип-калава ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, ишчилар билан мулоқот қилди.
Шу ерда Сирдарё вилояти тўқимачилик корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди. Бугунги кунда вилоятда 9 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият кўрсатмоқда. Бу йил 268 минг тонна пахта хомашёси етиштириш режалаштирилган. Унинг юз фоизи ҳудуднинг ўзида қайта ишланади.
Президентимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам суҳбатлашди.
- Бугун Сирдарёга келишдан асосий мақсадимиз – вилоятни аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантириш мезонларини белгилаш, - деди Шавкат Мирзиёев. - Биринчи мезон, Сирдарё шароитида, бу - ер. Кластер эгаларининг дунёқараши ўзгаряпти, сифатга ҳаракат қиляпти, даромади ошяпти. Энди улар халқ манфаатига хизмат қилиши керак. Бу манфаат биринчи навбатда иш ўрни. Масалан, аҳолига деҳқончилик учун ер ажратиш орқали 100 минг иш ўрни яратиш мўлжалланяпти. Иккинчидан, бу ерларга нима даромадли бўлса, шуни экиш бўйича эркинлик берилади. Ким бозорни тушуниб, кўпроқ меҳнат қилса, нақд даромад олади. Яна бир муҳим томони, агар Сирдарё вилоятида ишсизликни тугата олсак, бу бошқа ҳудудлар учун намуна бўлади.