10.08.2022
Президент Шавкат Мирзиёев 10 август куни Тошкент архитектура-қурилиш институтининг янги биносини бориб кўрди.
Давлатимиз раҳбари бу ерга 2020 йил октябрда келган, институт негизида қурилиш кластери ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шундан сўнг, ажратилган майдон кенгайтирилиб, янги лойиҳа ишлаб чиқилди.
Аввало, институт учун иккита 5 қаватли ўқув корпуси, 8 қаватли маъмурий бино барпо этилди. Қурилиш материаллари бўйича илмий-тадқиқот маркази, лабораториялар, спорт мажмуаси, ётоқхона шу ерга жойлаштирилди. Бугунги ташриф чоғида давлатимиз раҳбари ушбу бунёдкорлик ишлари, таълим масканининг фаолияти билан танишди.
Институтда 4 та факультет ва 23 та кафедра бор. Бакалавриатда 22 та, магистратурада 25 та мутахассислик бўйича таълим берилмоқда. Замон талабларидан келиб чиқиб, “ақлли” уйлар ва шаҳарлар инфратузилмасини лойиҳалаш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси, иншоотлар зилзилабардошлиги каби йўналишлар дастурга киритилган.
Янги бинолар фойдаланишга топширилиши билан таълим қамрови ва сифати ошади. 2022/2023 ўқув йили учун 1 минг 600 дан зиёд квота ажратилган. Улар билан жами талабалар сони 7 минг 500 нафардан ортади.
Давлатимиз раҳбари шу ерда талабалар, докторантлар ва профессор-ўқитувчилар билан суҳбатлашди.
- Биз қайси соҳани ислоҳ қилишга киришсак, аввал мактаб яратишдан, кадрлар тайёрлашдан бошлаяпмиз. Бу институт ҳам келгусидаги бунёдкорлик ишларига замин бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис ўқув дастурлари замон билан ҳамқадам бўлиши зарурлиги таъкидланди.
- Бугун қурилиш соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётидаги «драйвер»лардан бири. Ҳамма жойда қурилишлар бўлаяпти, турли материаллар ишлаб чиқариляпти. Лекин беш йилдан кейин бугунги билим камлик қилади. Шунинг учун доим изланишда бўлишингиз, ўзингизга инвестиция қилишингиз керак. Бу инвестиция нима? Касбни мукаммал эгаллаш, тил ўрганиш, ишлаб, тажриба тўплаш, - деди Президент.
Мулоқотда талабалар институтда яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берди, мақсадлари ва таклифларини билдирди.
Давлатимиз раҳбари уларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Талабаларнинг амалиётини лойиҳа институтлари ва қурилиш компанияларида ташкил этиш, илмий ишларига буюртмалар шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йил 6 июль куни қурилиш ва шаҳарсозлик бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталиб, соҳадаги олий таълим муассасаларини трансформация қилиш, уларга академик ва молиявий мустақиллик бериш зарурлигини айтган эди.
Шунга мувофиқ, институтнинг ташкилий-бошқарув тизимини ислоҳ қилиш бошланган. Уни муҳандислик, архитектура, қурилиш ва қурилиш материаллари технологиялари, рақамли қурилиш йўналишларига ихтисослаштириш мўлжалланган. Бу йилдан “Рақамли Университет” тизимини жорий этиш, келгуси ўқув йилидан бошлаб, кириш имтиҳонларини халқаро стандартлар асосида йилига икки марта ўтказиш режалаштирилган.
Президентимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам суҳбатлашди.