07.05.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориЎзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ижросидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими доирасида аграр соҳа учун халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш, бу борада етакчи хорижий университетлар билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш мақсадида:
1. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети (Royal Agriculture University, кейинги ўринларда – ҳамкор университет) билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини (кейинги ўринларда – Университет) ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
2. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
а) Университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланганлиги:
аграр соҳани ривожлантириш, жаҳон тенденцияларини ва тажрибасини акс эттиришга мослашган “илмга асосланган, амалиётга йўналтирилган (science-based, practice-oriented) таълим” тамойили асосида ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар, профессионал кадрларни тайёрлаш;
илм-фан ютуқлари ва инновацияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, агротехнология ва экологик барқарорлик амалиётларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида бизнес ва оператив самарадорликни ишлаб чиқишни қамраб оладиган илмий тадқиқотлар олиб бориш;
қишлоқ хўжалиги ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда ўқув тизимини модернизация қилишга қаратилган янги таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
хорижий олий таълим муассасалари ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма таълим дастурлари ва лойиҳаларни амалга ошириш;
б) Университет битирувчиларига ҳамкор университетнинг дипломи берилади.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Университет Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети томонидан таъсис этиладиган тўлиқ академик ва молиявий мустақил бўлган давлат иштирокидаги олий таълим муассасаси ҳисобланади;
Университет Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва давлат тилида номи туширилган муҳр, банк ҳисобварақлари, штамп ва бошқа реквизитларга эга бўлади;
Университет томонидан бериладиган диплом Ўзбекистон Республикасида тан олинади;
Университетда таълим грант ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади;
Университет жалб этилган хорижий мутахассислар, маҳаллий ходимларнинг иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорини мустақил белгилайди;
Университет ректори Кузатув кенгаши билан келишган ҳолда қишлоқ хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Бунда Университет ректори Ўзбекистон Республикаси томонидан кўрсатилади.
4. Университетга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–60-сон ва “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–61-сон қарорларида белгиланган академик, молиявий ва ташкилий мустақилликка оид тартиб-таомиллар татбиқ қилинади.
5. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Университетда давлат муассасаси шаклидаги хўжалик ҳисобидан молиялаштириладиган Қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази (Capacity Building Center)ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
давлат ва хусусий секторда фаолият юритувчи соҳа вакиллари, шунингдек, фермер хўжаликлари, кластерлар раҳбарлари ва мутахассисларини хорижий тажрибалар асосида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;
маҳаллий қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий ва профессионал таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот институтларида илмий салоҳиятни юксалтиришга ҳисса қўшиш, жумладан, тадқиқотчилар учун замонавий тадқиқотлар олиб бориш ва нуфузли журналларда мақолалар чоп этишни қўллаб-қувватловчи ўқув курслари ташкил этиш;
халқаро тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда манфаатдор томонларнинг эҳтиёжларини аниқлаш учун доимий тадқиқотлар ва илмий изланишлар олиб бориш.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022 йил якунига қадар Университетда халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган талабалар, магистрант ва илмий изланувчилар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг илмий ишланмалари асосида стартап-лойиҳаларни яратиш ва амалиётга татбиқ этиш билан шуғулланувчи давлат муассасаси шаклидаги “Agro Innovation Incubator” марказини ташкил этсин.
7. Халқаро қишлоқ хўжалиги университетининг Кузатув кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ҳамда унинг ваколатлари этиб қуйидагилар белгилансин:
Университетга талабаларни қабул қилиш параметрларини, Университетдаги таълим шакли, тури ва тилини белгилаш;
Университетда янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини, шунингдек, олий таълимдан кейинги таълим бўйича докторантура ихтисосликларини очиш;
Университет раҳбарияти ва ходимлари ҳамда профессор-ўқитувчиларини ишга қабул қилиш тартибини белгилаш, шунингдек, уларнинг фаолиятига баҳо бериш, улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини (KPI) тасдиқлаш;
хорижий ва маҳаллий етакчи олий таълим муассасалари билан талабаларнинг академик мобиллигини таъминлаш ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий этиш;
Университетни ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегик режаларини тасдиқлаш;
бакалавриат, магистратура ва докторантурага қабул қилиш шартларини, шунингдек, талабаларни ўқишга қабул қилишда тест синовлари топшириладиган фанлар мажмуасини ва ўқиш учун тўлов миқдорини белгилаш;
Университетнинг ўрта муддат учун шакллантириладиган бизнес-режаси ҳамда даромадлар ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш, уларнинг ижросини муҳокама қилиш;
Университетнинг ички аудит ва молиявий назорат хизматига молиявий назорат ўтказиш бўйича қўшимча топшириқ бериш ҳамда назорат тадбирларининг натижаси юзасидан ҳисобот олиш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ваколатларни амалга ошириш.
8. Университет фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Халқаро қишлоқ хўжалиги университети фаолиятини йўлга қўйиш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
9. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги соҳаси учун бюджет кўмаги дастуридан 6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ва Жаҳон банкининг 11 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари;
талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
хўжалик, илмий фаолият ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари ва муассислар маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
10. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида ташкил этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев):
а) бир ой муддатда Университет уставининг тасдиқланиши ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин. Бунда:
хорижий олий таълим муассасалари билан тузилган келишувлар асосида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйсин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2022/2023 ўқув йили учун қабул жараёнини ташкил этсин;
Университетнинг вақтинчалик биносини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш лойиҳасини ишлаб чиқсин, ўрнатилган тартибда давлат экспертизасидан ўтказсин ҳамда халқаро молия институтларининг грант маблағлари ҳисобидан бинода таъмирлаш-қурилиш ишларини ташкиллаштирсин;
зарур бўлган ўқув, илмий лабораториялар, ўқув адабиётлари рўйхатини шакллантирсин ва харидини ташкил этиш чораларини кўрсин;
Университетни ташкил этиш даврида унинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий, юридик, иқтисодий, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этишда кўмаклашсин;
б) уч ой муддатда:
Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги соҳаси учун бюджет кўмаги дастуридан 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб этган ҳолда етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан Университет профессор-ўқитувчиларини қисқа муддатли қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида битимларни имзоласин;
соҳа мутахассисларини, шунингдек, фермер хўжаликлари, кластерлар раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини тасдиқласин;
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш курслари тўғрисидаги низомни тасдиқласин;
в) Қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази тўғрисидаги низомни тасдиқласин ва унинг фаолиятини 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйсин;
г) 2024/2025 ўқув йилига қадар халқаро молия институтларининг грант маблағлари ҳисобидан етакчи лойиҳа ва пудратчи компанияларни жалб этган ҳолда Университет янги ўқув кампуси қурилишини таъминласин.
12. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Олий аттестация комиссиясининг 2023 йил 1 январдан бошлаб Университет илмий салоҳиятини ошириш учун белгиланган тартибда ихтисослашган илмий кенгаш тузиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Бунда ихтисослашган илмий кенгаш аъзоларининг 50 фоизи халқаро ҳамкорлар ва хорижий ватандошлар орасидан танланади.
13. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Университетни Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Салар шаҳарчаси, Университет кўчаси, 2-уй манзилига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирсин.
Янги бино қурилгунга қадар Университетга Тошкент давлат аграр университетининг спорт мажмуаси, талабалар турар жойи ҳамда ўқув лабораторияларидан вақтинча фойдаланишга рухсат берилсин.
14. Ташқи ишлар вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг виза талабномаларига биноан Университетга таклиф қилинадиган чет эллик профессор-ўқитувчилар, мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
15. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) билан биргаликда ҳудудларда Университет фаолияти ва 2022/2023 ўқув йили учун қабулни самарали ташкил этиш мақсадида тарғибот ишларини амалга оширсин.
16. “Эл-юрт умиди” жамғармаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) билан биргаликда Университетнинг маҳаллий профессор-ўқитувчилари, магистрантлари ва талабаларини “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига малака ошириш, стажировка ва ўқишга юбориш чораларини кўрсин.
17. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини, қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими доирасида аграр соҳа учун халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.
18. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев белгилансин.
Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ