21.04.2022
Президент Шавкат Мирзиёев Касби туманидаги "Қамаши" маҳалласида бўлди.
Бу ерда 6 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Уларга қулай ижтимоий шароитлар яратиш мақсадида ҳудудда “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилди.
Маҳаллага олиб келувчи йўл бўйида 40 дан ортиқ енгил конструкцияли савдо ва хизмат шохобчалари қурилди. Бу орқали 200 нафарга яқин аҳоли ишли бўлди.
Хонадонлар электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви билан таъминланди. 8 километрдан ортиқ ички йўлларга асфальт, 18 километрдан зиёд қисмига қум-шағал ётқизилди.
Давлатимиз раҳбари Обод маҳалла марказидаги шароитларни кўрди, болаларнинг санъат ва спорт тўгаракларини кузатди.
- Бундай ишлар туфайли маҳаллаларга нур, маданият кираяпти, одамлар ўзгаришларни сезаяпти. Энди бу марказ халқимизга хизмат қилиши, доим гавжум бўлиши керак. Бу ерда хизматларни кўпайтириш, ёшларни спортга, турли тўгаракларга жалб этиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.
Маҳаллада жорий йилда 600 нафар хотин-қиз касаначилик асосида тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга жалб қилинди.
Кооперация асосида 50 та хонадонда инкубатор орқали жўжа кўпайтириш, 300 та хонадонда гўшт, 200 тасида тухум йўналишида паррандачилик ташкил этилмоқда.
Туман фаоллари билан суҳбатда ёшлар таълим-тарбияси, бандлик масаласи ҳақида сўз борди. Давлатимиз раҳбари Касби тумани азалдан ўзига хос кулолчилик ва гиламчилик мактаби билан машҳур бўлиб келганини таъкидлаб, “Ҳунарманд” уюшмасига ҳудудда ушбу йўналишларни ривожлантиришга кўрсатма берди.