25.03.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориИнсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базанинг тизимли шакллантирилишини ташкил этиш, 2021 — 2023 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Ўзбекистон Республикасининг аъзолиги самарали амалга оширилишини таъминлаш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш мақсадида:
1. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази (кейинги ўринларда — Марказ) тузилмасида «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали таҳририятининг 6 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобига:
2 та штат бирлигидан иборат Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — «Инсон ҳуқуқлари уйи» ташкил этилсин;
матбуот котиби лавозими негизида Матбуот хизмати ташкил этилсин ва қўшимча 2 та штат бирлиги киритилсин;
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик бўлимига қўшимча 1 тадан штат бирлиги киритилсин.
2. Марказга қуйидаги қўшимча асосий вазифалар юклатилсин:
инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш, ўқув, илмий-услубий ва оммабоп нашрлар ҳамда халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари доимий чоп этилишини таъминлаш;
инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг хронологиясини юритиш, фуқаролар ва илмий тадқиқотчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратиш.
3. Юқори касб маҳоратига эга бўлган ҳамда Марказ фаолияти самарадорлигини оширишга катта ҳисса қўшаётган ходимларни янада рағбатлантириш мақсадида Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизи миқдорида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ташкил этилсин.
Белгилансинки, махсус фонд маблағлари Марказ директорининг буйруғига биноан Марказнинг бошқарув, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига уларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик устамалар белгилаш учун йўналтирилади.
Марказ (А.Х. Саидов) Адлия вазирлиги (Р.К. Давлетов) ва Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) билан биргаликда икки ҳафта муддатда махсус фонд маблағларидан фойдаланиш тартиби, шунингдек, Марказ ходимларига ҳар ойлик устамалар белгилаш мезонларини тасдиқласин.
4. Марказ директорига белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан тежаб қолинган, шунингдек, тасдиқланган штатлар жадвалида назарда тутилган штат бирликлари тўлдирилмаганлиги сабабли бўшаб қолган маблағларни Марказ ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтириш ҳуқуқи берилсин.
5. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Ислом Каримов кўчаси, 15-уй манзилида жойлашган Марказ биносининг «Б» корпусини реконструкция қилиш ишларини ташкиллаштирсин;
Марказни Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — «Инсон ҳуқуқлари уйи» фаолиятини ташкил этиш учун зарур бўлган ахборот-кутубхона дастурий таъминоти, мультимедиа маҳсулотлари, мебель, компьютер техникаси ва бошқа асбоб-ускуналар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Марказ директори А.Х. Саидов белгилансин.
Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ