18.03.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориСўнгги уч йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 1 500 дан ортиқ қишлоқ ва маҳаллалардаги йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди, шунингдек, уларда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, республикада ўтказилган хатлов натижасида ижтимоий-иқтисодий муаммолари кўп бўлган 1 071 та қишлоқ ва маҳаллалар мавжудлиги аниқланди.
Бундан ташқари, қишлоқ ва маҳаллаларнинг 179 тасида пахсадан ва хом ғиштдан қурилган умумтаълим мактаблари (мактаб филиаллари) фаолият кўрсатмоқда, 5 568 тасида 29 минг километр тупроқ йўллар қаттиқ қопламага (қум-шағал, асфальт) ўтказилмаган, 1 540 таси марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган, шунингдек, 49 тасида жамоат транспорти қатнови ҳамда 781 тасида чиқинди йиғиш хизматлари йўлга қўйилмаган.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга оширишни изчил давом эттириш орқали аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ:
1. Туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашлари томонидан Халқ қабулхоналари ва маҳаллий ҳокимликларга тушган мурожаатлар сони, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудда жойлашганлиги, аҳоли ва тадбиркорларнинг ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудни биргаликда ободонлаштириш ҳақидаги ташаббуслари мавжудлигини инобатга олган ҳолда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари (кейинги ўринларда – Дастурлар) доирасида 2022 йил учун:
қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган жами 413 та қишлоқ ва маҳалла танлаб олинганлиги;
танлаб олинган қишлоқ ва маҳаллалардаги йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг манзилли дастурлари тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ ва маҳаллалар сони бўйича мақсадли параметрлар 1-иловага, шунингдек, 2022 йил учун уларнинг манзилли рўйхатлари 1а-1н-иловаларга мувофиқ;
2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишларини молиялаштиришга йўналтириладиган маблағлар бўйича мақсадли параметрлар 2-иловага, шунингдек, 2022 йил учун молиялаштириш манбалари 2а-2н-иловаларга мувофиқ;
2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларининг мақсадли параметрлари 3-иловага, шунингдек, 2022 йил учун уларнинг манзилли рўйхатлари 3а-3н-иловаларга мувофиқ;
2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида минтақавий йўллар (ички кўчалар) ва ичимлик суви таъминоти тизимларини яхшилаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг мақсадли параметрлари 4-иловага, шунингдек, 2022 йил учун уларнинг манзилли рўйхатлари 4а-4н-иловаларга мувофиқ;
2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида электр таъминоти тизимини яхшилаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг мақсадли параметрлари 5-иловага, шунингдек, 2022 йил учун уларнинг манзилли рўйхатлари 5а-5н-иловаларга мувофиқ;
2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида газ таъминоти тизимини яхшилаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг мақсадли параметрлари 6-иловага, шунингдек, 2022 йил учун уларнинг манзилли рўйхатлари 6а-6н-иловаларга мувофиқ;
2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида уй-жой фондини яхшилаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг мақсадли параметрлари 7-иловага, шунингдек, 2022 йил учун уларнинг манзилли рўйхатлари 7а-7н-иловаларга мувофиқ;
2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари комплекслари, бозор инфратузилмаси объектларини қуриш ҳамда таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг мақсадли параметрлари 8-иловага, шунингдек, 2022 йил учун уларнинг манзилли рўйхатлари 8а-8н-иловаларга мувофиқ;
2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида алоқа, ахборотлаштириш ва аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш тизимини яхшилаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг мақсадли параметрлари 9-иловага, шунингдек, 2022 йил учун уларнинг манзилли рўйхатлари 9а-9н-иловаларга мувофиқ;
2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида аҳоли пунктларини ободонлаштириш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг мақсадли параметрлари 10-иловага, шунингдек, 2022 йил учун уларнинг манзилли рўйхатлари 10а-10н-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Ариповга, зарур ҳолларда, ушбу банд билан тасдиқланаётган мақсадли параметрлар ва манзилли рўйхатларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг таклифлари асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Республикадаги мавжуд қишлоқ ва маҳаллаларда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида аҳоли учун долзарб бўлган муаммоларни ўрганиш юзасидан ўтказилган хатлов жараёнида аниқланган ижтимоий-иқтисодий муаммолари кўп бўлган 1 071 та қишлоқ ва маҳаллаларнинг Дастурларга биринчи навбатда киритилиши талаб этиладиган 447 тасидан 263 таси 2022 йил учун манзилли рўйхатларга киритилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг 2-бандига мувофиқ Дастурларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни ва келгуси йиллар учун манзилли рўйхатларни шакллантиришда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланадиган ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда уларга устувор равишда ушбу бандда назарда тутилган 184 та қишлоқ ва маҳаллаларни киритиш чораларини кўрсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
а) Дастурлар доирасида:
ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимлари ҳамда йўл-транспорт инфратузилмаси объектлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан тегишлича Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси орқали;
ижтимоий соҳа объектларини ва бошқа объектларни қуриш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ҳамда вилоятлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармалари орқали;
электр энергияси, табиий газ, алоқа ва ахборотлаштириш тармоқларини қуриш-таъмирлаш ишлари тегишлича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзбектелеком” АКнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
б) объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан ажратилган маблағлар етишмаган тақдирда, ушбу объектларни қуриш, таъмирлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ қўшимча харажатлар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади;
в) йўлларни таъмирлаш учун қолдирилган захира маблағлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан белгилаб берилган қишлоқ ва маҳаллалардаги йўлларни таъмирлашга “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) қарорига асосан йўналтирилади.
5. Молия вазирлиги республика бюджетидан Дастурлар доирасида ички йўлларни таъмирлаш учун 2 триллион сўм ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 1 триллион сўм маблағ ажратсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ҳамда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни қуриш (таъмирлаш) ва ободонлаштиришга 1,4 триллион сўм маблағни мазкур қарорнинг 2, 2а-2н-иловаларида белгиланган миқдорларда ажратилишини таъминласин.
6. Дастурлар доирасида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича буюртмачи этиб:
ичимлик суви таъминоти объектлари (ижтимоий шериклик лойиҳалари бундан мустасно), ижтимоий соҳа объектлари ва қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган бошқа объектлар бўйича – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК ДУК;
ички автомобиль йўллари бўйича – Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК;
электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқлари бўйича – тегишлича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамда “Ўзбектелеком” АК ҳудудий филиаллари;
ичимлик суви таъминоти соҳасидаги ижтимоий шериклик лойиҳалари бўйича – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги белгилансин.
7. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган объектларни фойдаланишга қабул қилиш ҳамда эксплуатация қилишни ташкил этиш схемаси 11-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2023 йилдан бошлаб:
қишлоқ ва маҳаллалардаги мавжуд ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларининг ҳақиқий ҳолати тасдиқланган мезонлар асосида баҳоланиб борилади;
баҳолаш натижаларига кўра энг паст кўрсаткич қайд этган ва ўтган давр мобайнида Дастурларга киритилмаган қишлоқ ва маҳаллалар Дастурларга биринчи навбатда киритилади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қишлоқ ва маҳаллалардаги мавжуд ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларининг ҳақиқий ҳолатини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Республика комиссиясига киритсин.
9. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда жорий йил 15 майга қадар ишлаб чиқилган мезонлар асосида қишлоқ ва маҳаллаларни баҳолашдан ўтказсин ва уларнинг реестрини шакллантирсин.
10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:
2022 йил 15 апрелга қадар қишлоқ ва маҳаллаларда йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг манзилли рўйхатларига мувофиқ объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини таъминласин. Бунда, ҳар бир объект идентификация рақами берилган ҳолда, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ва “Бюджет назорати” электрон дастурига киритилади;
Дастурлар доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳажми ва смета қийматларининг асоссиз равишда ошиб кетмаслиги устидан доимий назорат ўрнатсин;
Дастурларга киритилган қишлоқ ва маҳаллаларнинг бош режа схемалари ҳамда батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳудудий лойиҳа ташкилотлари томонидан олдиндан ишлаб чиқилишини ва улар билан боғлиқ тадбирларнинг тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин;
жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, инфратузилма объектларини қуриш ҳамда таъмирлаш ишларини молиялаштиришга аҳоли ва ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳомийлик хайриялари, тижорат банклари кредитларини ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан маблағларни жалб қилиш чораларини кўрсин;
Дастурлар доирасида амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига, биринчи навбатда, шу ҳудудда яшаётган ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган ёки меҳнат миграциясидан қайтган ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини жалб қилиш чораларини кўрсин;
ҳар ой якуни бўйича Республика комиссияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигига Дастурлар доирасида бажарилган ишлар ва молиялаштирилган маблағлар тўғрисида ахборот киритиб борсин.
11. Қурилиш вазирлиги:
бир ой муддатда Дастурларга киритилган қишлоқ ва маҳаллаларнинг бош режа схемалари, батафсил режалаштириш лойиҳаларини ҳамда қишлоқ ва маҳаллалар марказининг замонавий қиёфаси лойиҳасини ишлаб чиқсин;
Дастурлар доирасида объектларни қуриш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини ва қурилиш-монтаж ишлари сифатли бажарилиши устидан тизимли давлат назорати амалга оширилишини таъминласин.
12. Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штабига (Э.Т.Юлдашев) Дастурлар доирасида:
танлов (тендер)лар ўз вақтида ва шаффоф ўтказилишини, қурилиш-пудрат ишларининг сифатли бажарилиши ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини назорат қилиш;
лойиҳалар буюртмачилар томонидан ўз вақтида молиялаштирилиши ҳамда белгиланган муддатларда якунланиши, шунингдек, ажратиладиган маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши устидан тизимли назоратни амалга ошириш;
ижроси кечикаётган ва муаммоли лойиҳаларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўриш;
ҳар ой якуни бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб бориш вазифалари юклатилсин.
13. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари А.Ж.Раматов, Ж.А.Қўчқоров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ