24.03.2022
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида яна бир муҳим воқеа – Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига бағишланган маросим бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев бўлажак станциянинг қуввати ва самарадорлиги ҳақида сўзлади.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион доллар бўлиб, унинг натижасида 1 минг 560 мегаватт қувват яратилади, йилига 12 миллиард киловат-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа доирасида энг замонавий технологиялар ўрнатилиб, йилига 1 миллиард куб метр табиий газ тежалади.
Мажмуа Сурхондарёдаги биринчи, охирги йилларда юртимизда барпо этиладиган энг йирик иссиқлик электр станцияси бўлади. Бу ҳудуднинг чексиз иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга катта имкониятлар яратади.
Масалан, Сурхон воҳаси нефть, газ, кўмир, қимматбаҳо ва рангли металлар, кўп турдаги безак тошлар каби 100 дан ортиқ конларга эга бўлса-да, улар етарли даражада ўзлаштирилмаган. Шунинг учун келгуси беш йилда бу вилоятда 7 миллиард долларлик 5 мингдан зиёд инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, бу станцияда ишлаб чиқарилган электр энергияси Сурхондарёдаги 500 минг хонадонни ҳам нурга тўлдиради. Бундан ташқари, қўшни Афғонистонга йилига камида 3 миллиард киловатт-соат электр энергиясини экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Лойиҳа Германиянинг “Siemens Energy”, Франциянинг “ЕDF”, Нидерландиянинг “Stone City Energy” компаниялари томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Давлатимиз раҳбари бунга аҳлоҳида эътибор қаратиб, соҳада хусусий капитал иштирокига кенг имкониятлар очилаётганини таъкидлади.
– Биз охирги йилларда энергетика соҳасида катта ислоҳотларни амалга ошириб, соҳани тўлиқ трансформация қилмоқдамиз. Жумладан, электр ишлаб чиқаришга илк бор хусусий сектор иштироки учун кенг имкониятлар очилди. Сўнгги уч йилда умумий қуввати 1 минг Мегаваттдан зиёд бўлган 5 та электр станцияси давлат-хусусий шериклик асосида ишга туширилди. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда қуввати 9 минг Мегаватт бўлган яна 19 та электр станцияси барпо этилмоқда. Уларнинг умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд.
Президентимиз тадбирда иштирок этган халқаро молиявий институтлар ва компаниялар раҳбарларига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини яна бир бор таъкидлади.
Тадбирда иштирок этган “Siemens Energy” компанияси президенти Кристиан Брух ва “ЕDF” компанияси ижрочи директори Беатрис Буффон Ўзбекистонда энергетика тизими замонавий технологиялар асосида модернизация қилинаётганини юксак баҳолади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, мазкур лойиҳани юқори сифатда амалга оширишларини таъкидлашди.
Шундан сўнг, давлатимиз раҳбари инвесторлар билан бирга рамзий тугмани босиб, иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берди.
Мазкур станцияни 2024 йил охирида ишга тушириш режалаштирилган.