01.03.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориЎзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-81-сон Фармонига мувофиқ:
1. Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий вакиллик органларининг Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясини, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларида эса Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича ҳудудий комиссияларни ташкил этиш ҳақидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.
2. Қуйидагилар:
а) Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
б) Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони:
49 нафар штат бирлигидан иборат марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
168 нафар штат бирлигидан иборат Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
621 нафар штат бирлигидан иборат туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларининг намунавий тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисига:
ўзининг ўринбосарлари ўртасида аниқ вазифалар ва функцияларни тақсимлаш;
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда — Қўмита) марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари тузилмаларига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида ходимларнинг умумий чекланган сони доирасида 5 нафар бошқарув ходимлари штат бирлигидан иборат бўлган Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг котибияти ташкил этилсин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ҳар йили Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига Қўмита фаолияти юзасидан ҳамда соҳадаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида ахборот бериб боради;
маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари лавозимларига номзодлар туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари — оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари бошчилигидаги танлов комиссияларини шакллантириш орқали очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади;
маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари лавозимларига оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тажрибасига эга, шахсий фазилатлари билан намуна кўрсатган, фидойи ва садоқатли номзодлар тайинланади;
Қўмита марказий аппарати ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги марказий аппарати ходимларига, унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ходимларига тенглаштирилади.
6. Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Давлат бюджети маблағлари;
Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
8. Бош прокуратуранинг ташкилий-штат тузилмасида штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан 20 нафар штат бирлигидан (шундан, 14 нафар ҳудудий вакиллар штат бирлиги) иборат Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилсин.
Бош прокуратура хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳаларидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назорат ўрнатсин.
9. Қўмита:
а) икки ой муддатда:
марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмаларнинг Қўмитага юкланган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир бўлган, зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар билан танлов асосида тўлдирилишини;
таркибий ва бўйсунувидаги бўлинмалар, шу жумладан маҳалладаги хотин-қизлар фаоли тўғрисидаги низомлар, шунингдек, ходимларнинг лавозим йўриқномалари тасдиқланишини таъминласин;
б) уч ой муддатда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларини юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини ҳамда зарур алоқа, жумладан, Қўмитани ҳукумат алоқаси билан таъминласин.
10. Белгилансинки, Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзларига юклатилган функцияларга мувофиқ белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Қўмитага тегишли вазифаларни амалга ошириш учун, зарур ҳолларда, давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб қилиш, ишчи гуруҳлар тузиш;
Қўмита ваколатига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб судларга ариза (шикоят) ва даъволарни киритиш;
хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлашга доир ташаббуслар билан чиқиш ҳамда таклифлар киритиш.
11. 2022 йил 1 майдан бошлаб маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгилансин:
хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 баравари миқдорида;
хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари миқдорида;
хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,5 баравари миқдорида.
Белгилансинки, фаолият самарадорлиги кўрсаткичларидан келиб чиқиб, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларини қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 15 фоизи миқдорида моддий рағбатлантириш жамғармаси шакллантирилади.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022 йил 1 августга қадар маҳаллий бюджет маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларини «Аёллар дафтари»ни юритиш, масофадан туриб ҳисоботлар тақдим этиш ҳамда видеоконференцалоқа шаклида йиғилишларда иштирок этиш имконини берувчи планшетлар билан таъминласин.
Қўмита ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда планшетларда фойдаланиладиган дастурий таъминотни ишлаб чиқсин ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларига тақдим этсин.
13. Қўмита Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Исмоилий кўчаси, 1 Г-уй манзили бўйича оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қўмита билан биргаликда 2022 йил 1 апрелга қадар Қўмитанинг ҳудудий бўлинмаларини зарур бино ва иншоотлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
14. Молия вазирлиги:
2022 йилда ушбу қарорни амалга ошириш доирасида Қўмитанинг харажатлари учун «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
«2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгунга қадар Қўмита фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар учун маблағ ажратиш чораларини кўрсин;
2023 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларида зарур маблағларни кўзда тутсин.
15. Қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ