02.03.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориЎзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6260-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг:
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини (кейинги ўринларда — «Ватан таянчи» ҳаракати) ташкил этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаларида бошқарма бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида бўлим бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар «Ватан таянчи» ҳаракатининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ўсиб келаётган ёш авлодни Ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда қонунларимизга нисбатан юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш;
эркин фикрлайдиган, мустаҳкам билимли, жамиятда муносиб мавқеини эгаллаш қобилиятига эга, мустақил қарор қабул қилишга қодир, мамлакатининг, халқи ва ўз оиласининг фаровонлиги ва янада ривожланиши орзусида бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;
ўқувчи-ёшларни тузилаётган отряд атрофида бирлаштириш ва жипслаштириш, улар орасида ҳарбий-ватанпарварлик, ўқув-тарбиявий тадбирларни амалга оширишда асосий ташкилотчи сифатида фаолият юритиш, ўқувчиларда ўқиш ва интизом бўйича юқори натижаларга эришишга иштиёқни уйғотиш ҳамда уларга ўрнак бўлиш учун фаол ҳаракат қилиш;
давлат умумтаълим мактаблар ўқувчиларини одоб-ахлоқ, Ватанга садоқат ва ўзига қатъий ишонч руҳида тарбиялаш, ўқиши, интизоми ва жисмоний кўрсаткичлари паст ўқувчиларга юқори натижаларга эришишда кўмаклашиш;
давлат умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш;
ўқувчиларни турли хавфли ғоялар ва ташқаридан «оммавий маданият» ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
«Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати давлат муассасаси бўлиб, унинг асосий таъсисчиси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳисобланади;
«Ватан таянчи» ҳаракати ўз мақомига, Қуролли Кучлар хизматчилари (ҳарбий хизматчилар) меҳнатига ҳақ тўлаш (пул таъминоти) шартларига кўра давлат бошқаруви органи — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг мустақил бўлимига тенглаштирилади;
«Ватан таянчи» ҳаракати ходимларининг асосий таркиби Мудофаа вазирлиги қўшинлари умумий чекланган штат бирликлари доирасида ташкил этилади;
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари «Ватан таянчи» ҳаракати фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
«Ватан таянчи» ҳаракатининг Қуролли Кучлар хизматчилари (ҳарбий хизматчилар) меҳнатига ҳақ тўлаш (пул таъминоти) Мудофаа вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;
«Ватан таянчи» ҳаракатининг фаолиятини самарали ташкил этиш учун юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилади;
давлат умумтаълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси раҳбарлигида таркиби 20 нафар 10-11-синф ўқувчиларидан иборат бўлган «Ватан таянчи» отрядлари тузилади ва уларнинг фаолияти «Ватан таянчи» ҳаракати томонидан мувофиқлаштириб борилади;
«Ватан таянчи» отрядларига давлат умумтаълим мактаблари ўқувчилари ихтиёрийлик асосида аъзо бўлади;
«Ватан таянчи» ҳаракати ҳузурида Васийлик кенгаши, унинг ҳудудий бўлимлари ва бўлинмалари ҳузурида эса мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилади, уларнинг таркибига Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг вакиллари киритилади.
4. «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатининг ташкилий тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича дастурлар, «йўл хариталари» доирасида белгиланган тартибда ажратиладиган маблағлар;
«Ватан таянчи» ҳаракатининг вақтинча бўш маблағларини давлат улуши бўлган тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган тушумлар;
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, шунингдек, бошқа хорижий донорларнинг грантлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари:
а) «Ватан таянчи» ҳаракатининг алоҳида ҳисобварағида жамланади;
б) қуйидаги мақсадлар учун сарфланади:
ўқувчи ёшларга ҳар томонлама таълим-тарбия бериш мақсадида умумтаълим мактабларда амалий ва техник йўналишдаги тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш;
«Ватан таянчи» ҳаракатини сақлаш, унинг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;
давра суҳбатлари, конференциялар, амалий машғулотлар, тренинглар, шунингдек, маданий-маърифий, оммавий-маданий ва бошқа тадбирлар ўтказиш.
7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари билан биргаликда:
давлат умумтаълим мактабларида «Ватан таянчи» отрядлари фаолият юритиши учун тегишли шарт-шароитларни яратсин ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб борсин;
«Ватан таянчи» отрядларининг фаолияти доирасида тегишли тадбирларни ўтказиш бўйича давлат умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ижтимоий фаоллиги оширилишини таъминласин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
а) «Ватан таянчи» отрядларининг аъзолари:
«Ватан таянчи» ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари акс эттирилган эмблема билан таъминланади;
давра суҳбатлари, конференциялар, амалий машғулотлар, тренинглар ҳамда маданий-маърифий, оммавий-маданий ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун бир ҳудуддан бошқа ҳудудга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм, муассасалар ва ҳарбий полигонларга юборилганда, Жамғарма ҳисобидан озиқ-овқат билан «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейларининг ўқувчилари учун белгиланган меъёрларга мувофиқ таъминланади;
б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари бошлиқларининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида тегишлича «Ватан таянчи» ҳаракатининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари бошлиқлари ҳисобланади.
9. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
«Ватан таянчи» ҳаракатининг фаолиятида фаол иштирок этган ҳамда давлат умумтаълим мактабини аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир «Ватан таянчи» отрядининг бир нафар аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади;
«Ватан таянчи» ҳаракатининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган «Ватан таянчи» отряди аъзолари республика олий ҳарбий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўладилар;
«Ватан таянчи» ҳаракати томонидан республика олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда «Ватан таянчи» отрядлари аъзолари учун эмблеманинг ягона намунасини ишлаб чиқиб, тасдиқласин.
11. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига «Ватан таянчи» ҳаракати фаолиятини ҳамда ҳаракат томонидан амалга ошириладиган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги икки ой муддатда:
«Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати» давлат муассасаси уставини ишлаб чиқиб, тасдиқласин ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Б.Н. Курбанов ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Б.О. Саидов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ