02.03.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориГеология соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш, ўқитишнинг замонавий услубларидан кенг фойдаланиш, геология соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, геология соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт ўртасида узвий боғлиқликни етарли даражада таъминлаш, ер ҳақидаги фанлар, шу жумладан уларнинг фундаментал йўналишлари ҳамда амалиёт ўртасида реал интеграциялашув жараёни учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда — Давлат геология қўмитаси) тизимидаги Геология фанлари университети (кейинги ўринларда — Университет) геология соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминловчи илмий кластер ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш бўйича республиканинг таянч олий таълим муассасаси этиб белгилансин.
2. Қуйидагилар:
2022 — 2024 йилларда Геология фанлари университетини ривожлантириш дастури 1-иловага мувофиқ;
Геология фанлари университети ихтисослашган кафедралари талабаларини амалиёт ўташ объектларига бириктириш жадвали 2-иловага мувофиқ;
Геология фанлари университети учун харид қилинадиган замонавий лаборатория ва технологик ускуналар рўйхати 3-иловага мувофиқ;
Нефть ва газ геологияси йўналишида амалга ошириладиган мақсадли илмий лойиҳалар рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Университетдаги ўқув жараёнининг 70 фоизи илмий-амалий машғулотларга ажратилади;
Университетнинг ихтисослашган кафедралари талабаларининг амалиёт ўташ жараёни зарур шарт-шароитлар яратилган ҳолда мазкур қарорнинг 2-иловасида назарда тутилган ташкилотлар билан биргаликда олиб борилади;
йирик геология-қидирув экспедициялари ва саноат ташкилотларига амалиёт ўташ учун юборилган талабаларнинг яшаш харажатлари (овқатланиш, ётоқхона) ушбу ташкилотлар ҳисобидан қопланади, бундан Тошкент шаҳрида ва талаба доимий яшайдиган туман (шаҳар)да жойлашган ташкилотлар мустасно.
4. Давлат геология қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
2022 йил 1 июлга қадар Университетнинг Кузатув кенгаши қарори билан саноатда аҳамияти юқори бўлган ноёб ва рангли металларга бой бўлган истиқболли майдонларни аниқлаш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб тасдиқлашни таъминласин;
2022 — 2024 йилларда Геология фанлари университетини ривожлантириш дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини қатъий назоратга олсин ҳамда самарали мониторингини йўлга қўйсин;
2022 йилдан бошлаб Университет профессор-ўқитувчиларининг тизимли равишда нуфузли хорижий олий таълим ва илмий ташкилотларда замонавий таълим усуллари асосида малакасини ошириш чораларини кўрсин;
2022 йил 1 сентябрга қадар Университет фаолиятига оид илмий-техник журнал чоп этилишини йўлга қўйсин;
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Университет фаолиятида «Рақамли Университет» тизимини босқичма-босқич жорий этсин;
2023 йилдан бошлаб эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича Университет тадқиқотчилари ва илмий ходимларини хорижий етакчи университет ва илмий ташкилотларга илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун юборишни йўлга қўйсин;
2023 йил 1 январдан бошлаб Университетда геология соҳаси ва кончилик саноати муаммоларини илмий асосда таҳлил қилиш, таҳлил натижаларини халқаро даражада амалга оширилаётган илмий изланишлар билан интеграция қилиш ва SсiVal платформасини кенг жорий этиш асосида илмий ва инновацион фаолиятни йўлга қўйсин;
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Россия Федерацияси ва бошқа хорижий давлатларнинг илмий ташкилотлари ва етакчи геология-қидирув компанияларида Университет талабаларининг ишлаб чиқариш амалиёти ўташини йўлга қўйсин.
5. Қуйидагилар:
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат геология қўмитаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Термиз давлат университетининг Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган 10,3 гектар ер майдонидан иборат Дарбанд дала-ўқув полигонини ҳудуднинг геологик тузилиши, тоғ жинсларининг литологик ва тузилмавий шарт-шароитларидан мақсадли фойдаланиш учун Университетга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида;
Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Оқсоқ-ота дала-ўқув полигонининг ғарбий қисмидан 2,7 гектар ер майдонини Университетга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратсин.
6. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Университет ахборот-ресурс марказининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси электрон ахборот-кутубхона ресурсига барча хизмат турларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида уланишини таъминласин.
7. Давлат геология қўмитаси:
Сурхондарё вилоятидаги Дарбанд ва Тошкент вилоятидаги Оқсоқ-ота дала-ўқув полигонларида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Университет талабаларининг ўқув амалиётини ташкил этиш учун зарур шароитлар яратиш ва тегишли ҳудудларни ободонлаштириш чораларини кўрсин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда 2022 йил якунига қадар Университет ҳузурида академик лицей ташкил этиш юзасидан асослантирилган таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Б.Ф. Исламов белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чорак якунида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ