11.03.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориСамарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ичимлик сув ва оқова сув чиқариш хизмати билан таъминланганлик даражасини ошириш ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Швейцария Конфедерациясининг иқтисодий ишлар бўйича давлат котибияти билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро тараққиёт уюшмаси (кейинги ўринларда — Уюшма) ўртасида «Сув таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш ҳамда институционал салоҳиятни ошириш» дастурини (кейинги ўринларда — Дастур) амалга ошириш мақсадида 2021 йилнинг 17 май куни жами 239,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги, шу жумладан 49,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли, 190,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзсиз молиялаштириш битими ҳамда Швейцария Конфедерациясининг иқтисодий ишлар бўйича давлат котибияти (кейинги ўринларда — SECO) томонидан 7,8 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратиш тўғрисидаги битим имзоланганлиги;
Дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида ичимлик сув ва оқова сув тизимларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиши, шу билан бирга соҳада ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, энергия самарадорлигини ошириш кўзда тутилганлиги;
Дастурга киритилган «Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида ичимлик сув ҳамда оқова сув тизимларини реконструкция қилиш» лойиҳасининг (кейинги ўринларда — Лойиҳа) техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилиб, ваколатли давлат органларининг ижобий экспертиза хулосалари олинганлиги;
Лойиҳанинг умумий қиймати 79,3 миллион АҚШ долларини, Лойиҳани амалга оширишда Уюшма кредити — 66,0 миллион АҚШ долларини, Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси — имтиёзли даврда молиявий харажатларни ҳамда қўшилган қиймат солиғини қоплаш ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш тарзида 13,3 миллион АҚШ долларини ташкил этиши;
Лойиҳани амалга ошириш учун Уюшма томонидан жами 66,0 миллион АҚШ доллари, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 30 йил мобайнида қайтариш шарти билан 10,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли ҳамда 10 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 30 йил мобайнида қайтариш шарти билан 56,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзсиз кредит берилиши маъқулланганлиги;
Лойиҳани амалга ошириш даври 4 йилни (2022 — 2026 йиллар) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
«Сув таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш ҳамда институционал салоҳиятни ошириш» дастури доирасида амалга ошириладиган компонентлар ҳамда молиялаштириш тақсимоти 1-иловага мувофиқ;
«Сув таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш ҳамда институционал салоҳиятни ошириш» дастури доирасида 1, 2 ва 4-компонентлар бўйича Халқаро тараққиёт уюшмасининг имтиёзли кредитларини қайтариш ва унинг фоизларини тўлашнинг прогноз жадвали 2-иловага мувофиқ;
«Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида ичимлик сув ҳамда оқова сув тизимларини реконструкция қилиш» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий параметрлари 3-иловага мувофиқ;
«Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида ичимлик сув ҳамда оқова сув тизимларини реконструкция қилиш» лойиҳаси бўйича Халқаро тараққиёт уюшмаси кредитини қайтариш ва унинг фоизларини тўлашнинг прогноз жадвали 4 ва 5-иловаларга мувофиқ;
«Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида ичимлик сув ҳамда оқова сув тизимларини реконструкция қилиш» лойиҳаси доирасида Халқаро тараққиёт уюшмаси кредит маблағларига хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш бўйича улушлар тақсимотининг прогнози 6-иловага мувофиқ;
«Самарқанд сув таъминоти» МЧЖни молиявий соғломлаштириш бўйича «Йўл харитаси» 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматовга, зарур ҳолларда, Лойиҳанинг асосий техник-иқтисодий параметрларига Уюшма билан келишган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
а) «Ўзсувтаъминот» АЖ Лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун зарур ташкилий-техник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилишини, Уюшманинг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлашга масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;
б) Дастурни амалга оширишда инвестиция киритиш даврида Уюшма кредити бўйича фоизларни тўлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
в) Самарқанд вилояти ҳокимлиги «Ўзсувтаъминот» АЖ билан биргаликда Лойиҳанинг сифатли амалга оширилиши, белгиланган кўрсаткичларга эришилиши ва Уюшма қарзларининг қайтарилиши учун жавобгар ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига асосан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилган қарзлар (кредитлар) ҳисобидан юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона божидан озод қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки, Лойиҳани амалга ошириш доирасида:
ҳосил бўладиган қўшилган қиймат солиғи суммаси хўжалик юритувчи субъектлар маблағлари ҳисобидан тўланади ёки қонунчиликда белгиланган тартибда республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
олиб кириладиган товарларни божхона божидан озод қилиш ва қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳамда молиявий харажатларни республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш Ўзбекистон Республикасининг Лойиҳани амалга оширишдаги улуши деб ҳисобланади.
5. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига:
Ўзбекистон Республикаси, Уюшма ва SECO ўртасида имзоланган молиялаштириш ҳамда грант битимига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
Дастур доирасидаги қайта кредитлаш тўғрисидаги битимларни имзолаш, шунингдек, зарур ҳолларда, ушбу битимларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилсин.
6. Адлия вазирлиги Дастур доирасидаги молиялаштириш, грант, қайта кредитлаш ҳамда Лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимлар, шунингдек, зарур ҳолларда, ушбу битимларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.
7. «Ўзсувтаъминот» АЖга Жаҳон банкининг лойиҳаларни бошқариш гуруҳини ташкил этган ҳолда Дастурни мувофиқлаштириш ва бошқариш функциялари юклансин.
8. Самарқанд вилояти ҳокимлиги «Ўзсувтаъминот» АЖ билан биргаликда 2022 йил 1 майга қадар:
аҳоли ва ташкилотларнинг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари бўйича муддати ўтган қарздорликларини хатловдан ўтказсин ҳамда уларни бартараф этиш режа-графигини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин.
9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурларида ҳар бир йил учун асосий кўрсаткичларни аниқлаштириб ва янгилаб борган ҳолда, мазкур қарорга 1-иловада келтирилган Дастур доирасида ажратиладиган маблағларни инобатга олсин.
10. Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штаби (Э.Т. Юлдашев) Лойиҳа доирасидаги маблағларнинг мақсадли ажратилиши ва сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатсин ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.
11. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А.Э. Бурханов) Лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан доимий назорат ўрнатсин.
12. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмуни ва аҳамиятини аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига етказиш, уларга ичимлик сув ва оқова сув тизими билан таъминланадиган ҳудудлар тўғрисида маълумот бериб бориш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш чорасини кўрсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж. Раматов ва С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ