11.03.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориНаманган шаҳрининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш ва ободонлаштириш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, шунингдек, шаҳарнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни жадал ривожлантиришни таъминлаш ҳамда сервис хизматлар турлари ва сифатини ошириш мақсадида:
1. Наманган вилояти ҳокимлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг:
Наманган шаҳри Давлатобод тумани ва Тўрақўрғон тумани ҳудудида «Янги Наманган шаҳарчаси» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини (кейинги ўринларда — Янги Наманган шаҳарчаси) барпо этиш;
Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Namangan New City» дирекцияси номини Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Янги Наманган шаҳарчаси» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш» дирекцияси (кейинги ўринларда — Дирекция) деб ўзгартириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Белгилансинки:
а) Янги Наманган шаҳарчасини барпо этиш Наманган шаҳри Давлатобод туманининг «Юксалиш» ва «Орзу» маҳаллалари, Тўрақўрғон туманининг «Еттикон», «Ибрат» ва «Парасмон» маҳаллаларининг туташ ҳудудларидаги 1-иловага мувофиқ жами 1 203 гектар ер майдонида қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
I босқичда — 330 гектар;
II босқичда — 272 гектар, шундан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар — 129,57 гектар;
III босқичда — 601 гектар, шундан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган — 378,83 гектар;
б) ҳар бир босқич олдинги босқич якунланишига ва ер майдонларининг бош режада белгиланган тартибда ўзлаштирилишига кўра амалга оширилади;
в) Янги Наманган шаҳарчаси барпо этиладиган ер майдонларини белгиланган тартибда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш қурилишнинг тегишли босқичини бошлаш олдидан амалга оширилади;
г) бош режага мувофиқ, Янги Наманган шаҳарчаси ҳудудидаги умумий фойдаланишдаги ер участкалари инфратузилма объектлари ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни барпо этиш учун Дирекцияга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун, шу жумладан кўп квартирали уйлар, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун мўлжалланган ер участкалари эса белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.
3. Вазирлар Маҳкамаси, Наманган вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлигининг Янги Наманган шаҳарчаси барпо этилиши режалаштирилаётган 1 203 гектар ер майдонидан 2-иловага мувофиқ жами 508,4 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, шундан 436,2 гектар суғориладиган ер участкаларини аҳоли пунктларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлари тоифасига ўтказиш тўғрисидаги хулосаси қабул қилинсин.
Кадастр агентлиги мазкур бандда назарда тутилган ер участкалари белгиланган тартибда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиб, Дирекцияга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилишидан ёки электрон онлайн-аукционга чиқарилишидан олдин уларнинг ер фонди тоифасига ўзгартириш киритилишини ва бу ҳақида давлат ер кадастри маълумотларида қайд этилишини таъминласин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Янги Наманган шаҳарчасини барпо этиш мақсадида ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ қоплангандан сўнг ушбу ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланилади;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ушбу қарорга мувофиқ олиниши сабабли қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари ундирилмайди. Бунда, ушбу ерлардан мақсадли фойдаланилиши учун Наманган вилояти ҳокими Ш.Ш. Абдуразаков шахсан жавобгар ҳисобланади;
Янги Наманган шаҳарчаси ҳудудида ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотишдан тушган тушумлар (Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган харажатлар чегириб ташланган ҳолда) Дирекцияга ўтказилади ва Янги Наманган шаҳарчасини барпо этиш ишларига сарфланади.
5. Наманган вилояти ҳокимлиги:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари қисқариб кетишининг олдини олиш мақсадида 2024 йил 1 январга қадар, ҳар бир йил якунида тенг улушларда, ушбу қарор билан тоифаси ўзгартирилаётган суғориладиган ер участкалари майдонига тенг миқдорда янги ерлар ўзлаштирилишини таъминласин;
икки ой муддатда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Наманган илмий-тажриба станциясининг ушбу қарорга мувофиқ олиб қўйилаётган ер майдони ўрнига тенг миқдорда бошқа ҳудуддан белгиланган тартибда ер майдонини ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
Белгилансинки, мазкур бандга мувофиқ янги ерларнинг ўзлаштирилганлиги Наманган вилояти ҳокимининг ўзлаштирилган ер участкаларининг ер фонди тоифасини суғориладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги қарорига асосан давлат ер кадастри маълумотларига ўзгартириш киритиш орқали тасдиқланади.
6. «Янги Наманган шаҳарчаси» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш ишларини мувофиқлаштириш ва инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи 3-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Янги Наманган шаҳарчасининг бош режасини ҳамда ҳудудларини батафсил режалаштириш лойиҳаларини кўриб чиқиш;
Янги Наманган шаҳарчасини тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида барпо этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, Дирекция фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;
ваколатли ташкилотларнинг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини тортиш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;
давлат ва корпоратив харидлар очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилишини ҳамда уларнинг назоратини таъминлаш;
Янги Наманган шаҳарчасини барпо этиш, ҳудудда кўп квартирали уй-жойлар, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларини самарали жойлаштириш, лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини ташкил этиш;
лойиҳа-қидирув ва қурилиш ишларининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
кўп квартирали уй-жойлар, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш ишларига малакали хорижий мутахассис ва консультантларнинг жалб қилинишини, шунингдек, илғор хорижий технологияларнинг жорий этилишини таъминлаш.
7. Қуйидагилар Янги Наманган шаҳарчасини барпо этишнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Янги Наманган шаҳарчасини лойиҳалаштириш, қурилиш ишларини назорат қилиш ва бошқариш учун — Наманган вилояти маҳаллий бюджети маблағлари, Дирекция маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;
ижтимоий соҳа объектлари, ташқи автомобиль йўллари, ичимлик сув ва оқова сув таъминоти тармоқларини қуриш учун — Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар, Наманган вилояти маҳаллий бюджети маблағлари, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, Дирекция маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. Бунда, ижтимоий соҳа объектлари давлат-хусусий шериклик асосида қурилганда, молиялаштириш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ амалга оширилади;
ташқи электр энергияси ва табиий газ тармоқларини қуриш учун — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 декабрдаги «Ҳудудларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4929-сон қарорининг 2-бандида назарда тутилган маблағлар;
ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун — Наманган вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ва унинг қўшимча манбалари, тадбиркорлик субъектларининг маблағлари ва тижорат банкларининг кредитлари;
кўп квартирали уй-жойлар, бозор инфратузилмаси ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш учун — тадбиркорлик субъектларининг маблағлари ва тижорат банкларининг кредитлари.
8. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 июлдаги «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини ҳамда Наманган вилоятидаги кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4782-сон қарорига мувофиқ, Наманган вилоятидаги кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратилган 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларнинг иқтисод қилинган қисми Наманган вилоятининг ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини ҳамда жамоат объектларини барпо этиш ва таъмирлаш учун йўналтирилади.
9. Наманган вилояти ҳокимлиги икки ой муддатда:
Кадастр агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда Янги Наманган шаҳарчаси барпо этилиши муносабати билан Тўрақўрғон туманидан зарур ер майдонини Наманган шаҳри Давлатобод тумани таркибига ўтказиш юзасидан Олий Мажлис палаталарининг қарорлари лойиҳаларини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Ушбу қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Наманган вилояти ҳокими Ш.Ш. Абдуразаков белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар олти ойда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ