26.02.2022
26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Туркия етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, Туркиянинг дўст халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Мулоқот чоғида икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон-Туркия кўп қиррали ҳамкорлиги барқарор ва жадал суръатда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Турли даражаларда фаол мулоқотлар давом эттирилмоқда, ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсмоқда. Икки мамлакат етакчи ҳудуд ва корхоналарининг кооперацияси кенгаймоқда, биргаликда қатор йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Муҳим маданий-гуманитар дастурлар рўёбга чиқарилмоқда.
Давлат раҳбарлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Стратегик ҳамкорлик бўйича олий даражадаги кенгашнинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Халқаро сиёсат ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек дўстона ва ишонч руҳида ўтди.