15.09.2021
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16-17 сентябрь кунлари Тожикистон Республикаси пойтахти – Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси тадбирларида иштирок этади.
Тожикистон раислигида ўтказилаётган саммит ишида ШҲТга аъзо давлатлар – Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғиз Республикаси, Покистон Ислом Республикаси ва Россия Федерацияси етакчиларининг иштирок этиши кутилмоқда.
Ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар томонидан Беларусь Республикаси, Эрон Ислом Республикаси ва Мўғулистон Президентлари иштирок этади. Мажлиснинг фахрий меҳмони сифатида Туркманистон раҳбари таклиф этилган.
Шунингдек, тадбирда ШҲТ ижроия органлари ва бошқа халқаро институтлар раҳбарлари қатнашади.
Кун тартибига мувофиқ, иштирокчилар ШҲТнинг ўтган 20 йилги фаолиятининг асосий якунларини кўриб чиқадилар, кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб вазифаларини муҳокама қиладилар. Глобал сиёсат ва минтақа кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Саммит якунида Душанбе декларациясининг қабул қилиниши, давлатлар раҳбарларининг қарорлари ва Ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга доир бошқа кўп томонлама ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. ШҲТга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши саммитнинг муҳим воқеаси бўлади.
Бундан ташқари, Президентимиз дастуридан ҳамкор давлатлар раҳбарлари билан қатор икки томонлама музокаралар ҳамда Афғонистондаги вазият бўйича “ШҲТ - КХШТ” форматидаги учрашувда иштирок этиш ўрин олган.