30.08.2021
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 август куни Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида Франция Президенти давлатимиз раҳбари ва кўп миллатли Ўзбекистон халқини мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан дилдан қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик, катта муваффақиятлар ва равнақ тилади.
Етакчилар Ўзбекистон-Франция муносабатларининг амалий жиҳатларини кўриб чиқдилар, хусусан, 2018 йил октябрь ойида Париж шаҳридаги саммитда эришилган келишувларга мувофиқ “йўл хариталари”нининг бажарилишини муҳокама қилдилар.
Бугунги кунда Франциянинг етакчи компаниялари иштирокида қазиб чиқариш, энергетика, саноат, транспорт ва коммуникациялар соҳалари, коммунал хўжаликни модернизация қилиш, туризм кластерларини ривожлантириш ва бошқа йўналишларда устувор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Франция тараққиёт агентлиги билан молиявий-техник ҳамкорлик бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилинган.
Биргаликдаги ташаббусларни илгари суриш мақсадида жорий йил май ойида Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва Франция ишбилармонларининг нуфузли делегацияси иштирокида бизнес форуми ўтказилди.
Бир қатор қўшма маданий тадбирларни юксак даражада ўтказиш, шу жумладан келгуси йилнинг биринчи ярмида Лувр музейида мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий меросига бағишланган кўргазмани ташкил этишга келишиб олинди.
Президентлар Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий аҳволнинг кескинлашиши таъсирида минтақадаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашдилар. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва алмашинувларни фаоллаштириш муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистон ва Франция етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек ишчан ва дўстона руҳда ўтди.