28.08.2021
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Еврокенгаш Президенти давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқини мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади. Республикамизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар қатъий қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди.
Кўп қиррали Ўзбекистон-Евроиттифоқ ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистонга “Преференциялар бош тизими плюс” бенефициари мақоми тақдим этилгани икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва ЕИ мамлакатларининг етакчи компаниялари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини илгари суришга, шунингдек, молиявий-техник кўмак дастурини кенгайтиришга хизмат қилиши мамнуният билан қайд этилди.
Бўлажак олий даражадаги саммитнинг кун тартибини ишлаб чиқиш, шу жумладан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тузишга тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистондаги аҳволнинг кескинлашиши таъсирида минтақадаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан ҳам фикр алмашилди. Еврокенгаш Президенти фуқароларни эвакуация қилиш бўйича инсонпарварлик операцияларини ўтказишда кўрсатилаётган амалий кўмак учун Ўзбекистон етакчисига самимий миннатдорлик билдирди.
Бундан ташқари, жорий йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтган Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги масалалари бўйича халқаро конференция ҳамда август ойи бошида Туркманистонда ўтган минтақамиз давлатлари раҳбарлари учинчи Маслаҳат учрашувининг самарали натижалари юксак баҳоланди.