30.07.2021
Муҳтарам ватандошлар!
Қадрли дўстлар!
Сиз, азизларни, бутун Ўзбекистон халқини мамлакатимизда биринчи бор нишонланаётган байрам – Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан, самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 30 июль – бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланиб келади. Ўзбекистонда шу йил 10 февралда қабул қилинган қонунга асосан ушбу сана Халқлар дўстлиги куни деб белгиланди. Бу байрамнинг таъсис этилиши бутун республикамиз аҳолисининг айни кўнглидаги иш бўлди.
Бизнинг қадимий ва қутлуғ заминимиз кўп асрлар давомида Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашиб, турли цивилизация ва маданиятлар ўзаро муносабатга киришган, нафақат савдо, балки гуманитар алоқалар амалга оширилган марказ бўлиб келган. Бу ерда ёнма-ён яшаган турли халқлар, маданият ва динлар вакилларининг айнан дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари минтақамизнинг маданий ривожи учун қудратли омил бўлган.
Чиндан ҳам, бизнинг аждодларимиз оғир замонларда авваламбор кўпмиллатли халқимизнинг бирлиги ва жипслиги, фидойилиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглигига таяниб, барча синов ва машаққатларни енгиб ўтган.
Ўзбекистон – улкан имконият ва ресурсларга эга бўлган мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир.
Биз бундай бебаҳо бойлик билан ҳақли равишда фахрланамиз ҳамда давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини мамлакатимиздаги дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга йўналтирамиз.
Мустақил Ўзбекистонда миллатлар ва конфессиялараро тотувлик ва ўзаро бир-бирини тушуниш, ёш авлодни бағрикенглик, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди.
Конституциямиз ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари, миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани муҳрлаб қўйилган. Уларга ўз маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.
Кейинги йилларда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар ўзининг сифати ва маъно-мазмунига кўра янги, янада юксак босқичга кўтарилди.
Бугун биз ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсадни қўйдик. Ҳеч шубҳасиз, бу борада жамиятимизда қарор топган дўстлик ва бирдамлик муҳити мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, ислоҳот ва янгиланишлар йўлидан изчил илгарилаб бориш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишнинг мустаҳкам асосидир.
Ҳурматли дўстлар!
Сизларга маълумки, биз Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепциясини қабул қилдик. Бу ҳужжат ушбу йўналишдаги изчил ишларимизнинг самарадорлигини оширишнинг муҳим ҳуқуқий пойдеворига айланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётгани барчамизни қувонтиради. Улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақи ва гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Юртимизда 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар ўз фаолиятини эркин амалга оширмоқда. Мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 150 та миллий маданий марказ катта роль ўйнамоқда. Уларнинг кўп қиррали фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ушбу мақсадлар учун зарур маблағларни йўналтирмоқда, турли субсидия ва грантлар ажратилмоқда.
Тошкентда Дўстлик боғи ташкил этилмоқда. Пойтахтимиз ва ҳудудларимизда барпо этилган Дўстлик уйлари фуқароларимизни ўз бағрига чорлайдиган марказларга айланмоқда.
Давлат таълим муассасаларида ўқув ишлари 7 тилда олиб борилмоқда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатув ва эшиттиришларини 12 тилда бериб бормоқда.
Биз сўнгги йилларда чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни кучайтиришга алоҳида аҳамият бермоқдамиз. Ушбу йўналишда чора-тадбирлар дастури амалга оширилмоқда.
Биз барчамиз мамлакатимизда яшаб, Ватанимиз тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари, жумладан, миллий маданий марказларнинг раҳбарлари ва фаолларини яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Бу ҳақда сўз юритганда, Виктор Пак, Маргарита Филонович, Галина Мельникова, Владимир Бойко, Виктория Акилова, Раҳматулла Жабборов, Ришат Набиуллин, Гуландом Субҳонова, Ҳанифа Солиҳова, Умризоқ Қувватов, Серикбай Усенов, Кайкеп Алиева, Темур Кападзе каби ёш авлодимизга ўрнак бўлиб келаётган таниқли жамоат арбобларининг номларини алоҳида тилга олишни истардим.
Қутлуғ байрам – Халқлар дўстлиги куни арафасида турли миллатга мансуб фуқароларимиз юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар.
Фурсатдан фойдаланиб, уларни чин дилдан табриклаб, барчасига чуқур миннатдорлик билдираман.
Муҳтарам ватандошлар!
Бугунги мураккаб замонда дунёнинг турли минтақаларида миллатлар ва конфессиялар ўртасида кескинлик кучайиб бормоқда. Бундай таҳликали шароитда биз биринчи навбатда жамиятимиздаги тинчлик, барқарорлик ва фуқаролараро тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз, фарзандларимизни кўпмиллатли халқимизнинг юксак маънавий-ахлоқий қадриятлари руҳида тарбиялашимиз зарур.
Ҳурматли дўстлар, барчангизни яна бир бор Халқлар дўстлиги куни билан табриклайман.
Ишончим комилки, ушбу байрам юртдошларимиз қалбида мустаҳкам ўрин эгаллайди ва ҳаётимизда эзгу анъанага айланади.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, ютуқ ва омад, оилаларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Гўзал ва бетакрор юртимизда доимо тинчлик ва осойишталик ҳукм сурсин, кўпмиллатли Ўзбекистон халқига бахту саодат ёр бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти