16.07.2021
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев юқори даражадаги халқаро конференция ишида қатнашаётган Қувайт Давлатининг ташқи ишлар вазири, Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича давлат вазири шайх Аҳмад Носир ал-Муҳаммад ас-Сабоҳни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари икки мамлакат ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлади. Қувайт ташқи сиёсий идораси раҳбарининг ушбу ташрифи мулоқот ва алмашинувларнинг фаоллашишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Қувайт ташқи ишлар вазири Ўзбекистон етакчисига Қувайт Амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.
Учрашувда амалий ҳамкорликни, энг аввало савдо, инвестиция ва инновациялар, молия, озиқ-овқат хавфсизлиги, ахборот технологиялари, таълим ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Икки томонлама Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ҳамда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида қўшма тадбирлар дастурини тайёрлашга келишиб олинди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан конструктив руҳда фикр алмашилди.