06.07.2021
6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга ташриф билан келган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси Раиси Волкан Бозкирни қабул қилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари билан кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, бугунги куннинг янги таҳдид ва хатарларига қарши курашиш, шу жумладан коронавирус пандемияси оқибатларини енгиб ўтиш каби устувор йўналишларда мамлакатимиз ҳамда ташкилот институт ва тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканини мамнуният билан қайд этди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида Ўзбекистон бу борада муҳим ташаббусларни фаол илгари сурмоқда ва глобал кун тартибини рўёбга чиқаришда иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақада туризмни барқарор ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, маърифат ва диний бағрикенглик, Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини яратиш каби муҳим масалалар бўйича Бош Ассамблеянинг қатор махсус резолюциялари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Бош Ассамблеянинг жорий сессияси раиси Волкан Бозкир халқаро майдонда, энг аввало, БМТда Ўзбекистоннинг нуфузи ортиб бораётгани, давлатимиз раҳбарининг глобал ва минтақавий ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда мамлакатимиз ва Марказий Осиё минтақасини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, гендер тенглик ва ёшларни қўллаб-қувватлашнинг долзарб жиҳатлари бўйича шериклик муносабатларини, шу жумладан парламентлараро ҳамкорлик доирасида илгари суриш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, вакциналардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан тартибга солиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва БМТ институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича яқин ва самарали мулоқотни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.