13.05.2021
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбарлари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий табриклаб, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Икки томонлама муносабатлар ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Пандемия оқибатларига қарамай, кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлиги юқори суръатда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида товар айирбошлаш 28 фоизга кўпайди, саноат кооперацияси дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда, транспорт ва логистика соҳасида йирик лойиҳалар тайёрланмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув кенгайиб бормоқда.
Марказий Осиё минтақасида барқарорликни таъминлаш ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.