21.04.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориБизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш мақсадида:
1. 2021 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги қўшимча чоралари жорий этилсин:
а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан:
Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан кичик тадбиркорлик субъектларига миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация, унинг белгиланган миқдорларини сақлаб қолган ҳолда, тақдим этилади;
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 75 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик берилади;
тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари бўйича компенсация ва кафилликлар кредит шартномалари сонидан қатъи назар берилади. Бунда, компенсациялар тақдим этилаётган кредитларнинг умумий суммаси 10 млрд сўмдан, кафилликларнинг умумий суммаси эса 8 млрд сўмдан, бироқ умумий кредит суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим;
б) Экспортни рағбатлантириш агентлиги экспорт қилувчилар томонидан товарлар улар бўйича тўловларни кечиктириб тўлаш шарти билан экспорт қилинганда, уларнинг айланма маблағларини тўлдириш учун револьвер кредитларни молиялаштиришга тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этади. Бунда, ушбу ресурслар ҳисобидан кредитлар тўловлар кечиктирилган муддатга ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар қиймати миқдорида, бироқ 3 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда, йиллик 4 фоизли ставка (шундан, 2 фоизи банк маржаси) билан ажратилади.
2. Якка тартибдаги тадбиркорлар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллик ва компенсацияларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган кредитларнинг 70 фоизи кичик бизнес лойиҳаларига, 30 фоизи устувор равишда ўзини ўзи банд қилишга (томорқадан унумли фойдаланиш, уй шароитида ҳунармандчиликни ва касаначиликни ривожлантириш) йўналтирилсин. Бунда, ажратиладиган маблағларнинг камида 15 фоизи жойларда, айниқса, шаҳарларда хизмат кўрсатиш соҳасида кичик лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилади.
4. Қуйидагиларга:
халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйишда уларнинг бошланғич нархини 50 фоизгача камайтириш ваколати;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйишда бошланғич нархга чегирма белгиланадиган олис ва чекка ҳудудлар чегараларини белгилаш ваколати берилсин.
5. 2021 йил 1 июндан бошлаб инфратузилмага яқин жойларда, шу жумладан, республика аҳамиятидаги йўлларга туташ бўлган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун лойиҳа асосида инвесторларга “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали ажратишга рухсат берилсин.
6. Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров ва Ш.Ғаниев Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил 15 майга қадар қишлоқ хўжалиги ерларини хатловдан ўтказган ҳолда саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун ажратиладиган унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерлари рўйхатини шакллантирсин ҳамда уларнинг аниқ чегараси ва майдонини кўрсатган ҳолда ҳар бир туман кесимида тасдиқланишини таъминласин.
7. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд шаҳарлари, Ургут ва Ғиждувон туманларида замонавий савдо ва саноат ҳудудларини ташкил этиш, уларда савдо-ишлаб чиқариш объектларини қуриш ва сотиш учун инфратузилма мавжуд бўлган камида 20 гектар майдондан ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига аукцион орқали (шу жумладан, тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ҳамда аукционни ягона иштирокчи билан ўтказишга рухсат берган ҳолда) ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Бунда, савдо ва саноат ҳудудларини ташкил этишнинг асосий шарти биноларнинг биринчи қаватида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, юқори қаватларида ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш ҳисобланади.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2021-2022 йиллар давомида камида 500 та маҳалла фуқаро йиғинларининг эски биноларини давлат-хусусий шериклик асосида замонавий кўринишда қайта қуриш бўйича тадбиркорлик субъектлари билан келишувга эришилишини таъминласин.
Бунда, 1 қаватли бино ўрнига 2-3 қаватли бино қурилиши, унинг 2 ва 3-қаватларида кичик ишлаб чиқариш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил қилиш учун текин фойдаланиш асосида 30 йилга тадбиркорлик субъектининг ихтиёрида қолдирилишини назарда тутсин.
9. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 июндан бошлаб:
уч йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш;
уч йилдан ортиқ вақтдан буён товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.
Бунда, ушбу тартиб бўйича гаровсиз бўлиб-бўлиб тўланадиган солиқ ёки тўловлар суммаси тадбиркорлик субъекти томонидан охирги уч йил давомида тўланган солиқ ёки божхона тўловлари суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.
Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда мазкур банддан келиб чиққан ҳолда солиқлар ҳамда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлашнинг вақтинчалик тартибини тасдиқласин.
10. 2021 йил 1 майдан бошлаб чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар ва “эркин муомалага чиқариш” божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни ўз вақтида таъминламаган импорт қилувчилар учун қонунчиликда белгиланган жарима миқдорлари икки бараварга камайтирилсин.
2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилсин ва дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисоблансин.
11. Белгилансинки, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб ижро ишини юритиш доирасида қарздордан ундирилган пул суммалари ижро ҳужжатлари бўйича барча талабларни қаноатлантириш учун етарли бўлмаган тақдирда, бюджетга тўловлар бўйича талаблар, кредиторларнинг қарздор мол-мулки билан таъминланмаган талаблари, шу жумладан, қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган мол-мулкни реализация қилишдан тушган сумма етарли бўлмаганлиги туфайли қаноатлантирилмаган талаблари бир навбатда (тўртинчи навбатда) қаноатлантирилади.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Вазирлар Маҳкамаси ва манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартиришларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилишини таъминласин.
12. Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш юзасидан эксперимент ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳи фаолиятини тугатиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Инвесторга ер участкасини дастлабки захиралаш тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинмаган инвестиция лойиҳалари бўйича Ишчи гуруҳ қарорлари бекор қилинсин.
13. Қурилиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Автомобиль йўллари қўмитаси уч ой муддатда транспорт мақсадларига мўлжалланган ерлар, сув объектлари, гидротехника иншоотлари, магистрал қувурлар, электр тармоқлари объектларининг муҳофаза зонаси чегараларини белгилаш параметрларини уларнинг мақбуллаштирилишини назарда тутган ҳолда қайта кўриб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
14. Кадастр агентлиги 2021 йил 1 сентябрга қадар жисмоний ва юридик шахсларга “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш бўйича таклифларни киритиш, шунингдек, ер участкасини танлаш материалларини келишиш жараёнини кузатиш имконини берувчи мобиль илова ишга туширилишини таъминласин.
15. Қурилиш вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда кўп қаватли уйларнинг ертўлаларидан тадбиркорлик мақсадида фойдаланиш, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсат этиш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
икки ой муддатда енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш шохобчаларини аукцион савдолари орқали жойлаштириш тартибини жорий этиш;
бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
17. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров, С.Ў.Умурзаков ва Ш.М.Ғаниев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 сентябргача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ