29.04.2021
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Туркманбоши руҳи” мажмуасига ташриф буюрди.
Туркманистоннинг биринчи Президенти Сапармурат Ниёзов мақбараси зиёрат этилди.
Ўтганлар ҳақига Қуръон суралари тиловат қилинди.
Мажмуа яқинида Туркманистон Президентининг отаси Маликгули Бердимуҳамедов хотирасига бағишлаб ифтор дастурхони ёзилди. Тадбирда икки мамлакат муфтийлари, уламо ва ёшуллилар иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Маликгули отанинг вафоти муносабати билан халқимиз номидан чуқур таъзия билдирди. Марҳумнинг ибратли ҳаёти, самарали фаолияти, савобли ишлари ёдга олинди.
– Ўзбек ва туркман халқлари қадимдан бир-бирига елкадош бўлиб, дўст ва биродар бўлиб яшаб келмоқда. Буюк мутафаккир Махтумқулининг:
Фироғийнинг икки кўзи бор, Бири туркман бўлса, бири ўзбегим, деган ўлмас сатрлари ҳам буни тасдиқлайди. Бугунги хотира маросими ҳам ана шу азалий қардошлик ва биродарлигимизнинг яна бир амалий намоёнидир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Рўзадорлар Аллоҳ таолодан дунёга тинчлик, саломатлик, халқларимизнинг дўстлиги ва қардошлиги мустаҳкам бўлишини тилаб дуолар қилди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг амалий ташрифи якунланди. Давлатимиз раҳбарини Ашхобод халқаро аэропортида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кузатиб қўйди.