02.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни Афғонистон Ислом Республикасининг делегацияси – мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ва Президент Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргарни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари учрашувни очар экан, икки томонлама муносабатларнинг бугунги суръатини сақлаб қолиш ва олий даражада аввал эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.
Афғонистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон Президентига кўрсатилган самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказдилар.
Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган қатъий саъй-ҳаракатлари учун чуқур миннатдорлик билдирилди.
Бугун Тошкент шаҳрида етакчи халқаро молиявий институтлар раҳбарлари иштирокида ўтган Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ биринчи йиғилишининг самарали якунлари юксак баҳоланди.
Томонлар ушбу лойиҳани тез фурсатда тайёрлаш ва амалга оширишни бошлаш, қабул қилинган “йўл харита”си асосида хорижий ҳамкорлар ва салоҳиятли инвесторларни фаол жалб қилиш муҳим эканини таъкидладилар.
Бундан ташқари, учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Бу борада сўз юритилганда, аввало, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва уни яқин йилларда камида 2 миллиард долларга етказиш учун қулай шароитлар яратиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида кооперацияни кучайтириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида муҳим дастурларни амалга оширишни қайд этиш лозим.
Учрашувда олий ва юқори даражадаги бўлажак тадбирлар ва мулоқотлар режаси ҳам кўриб чиқилди.