06.12.2016
Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни узоқ йиллар давом этган мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Буюк Йўлбошчимиз ғоят оғир ва таҳликали вазиятда турли қийинчилик ва машаққатларга қарамасдан, тарихан қисқа давр мобайнида Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган замонавий демократик давлатга айлантирди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас ва ёрқин из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди.
Халқимизнинг самимий истаклари ва хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, она Ватанимиз тараққиёти, эл-юртимиз манфаати йўлидаги унутилмас буюк тарихий хизматларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Фанлар академияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси ва кенг жамоатчиликнинг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича Халқаро ижодий танловни (кейинги ўринларда Халқаро танлов деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича Халқаро ижодий танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда ташкилий қўмита деб аталади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмита (А.Арипов) ўн беш кун муддатда Халқаро танловнинг тадбирлар режаси, харажатлар сметаси, низоми, регламенти ва дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
3. Белгилаб қўйилсинки, тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Бадиий академиясининг 2016-2017 йиллар учун харажатлар сметасида назарда тутилган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ва хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари орқали Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тақдим қилинган Халқаро танлов ҳамда унда иштирок этиш тартиби тўғрисидаги маълумотларнинг тегишли хорижий ижодий ташкилотларга йигирма кун муддатда етказилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташкилий қўмита буюртманомаларига биноан Халқаро танлов ўтказилиши жараёнида таржимонлар иштирокини таъминласин.
6. Ўзбекистон Бадиий академиясининг буюртманомаларига биноан Халқаро танлов доирасида хорижий давлатлардан келтириладиган юклар божхона тўловларидан озод қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро танловнинг хорижий қатнашчиларига кириш визаларининг консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
8. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Халқаро танловнинг хорижий қатнашчиларини ва унга алоқадор юкларни тўловларнинг барча турларидан озод қилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро танловнинг ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ тадбир ўтказиладиган жойларда жамоат тартибини ҳамда унинг қатнашчилари ва меҳмонларига хизмат кўрсатувчи автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминласин.
10. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Халқаро танлов жараёнларини кенг ёритиш тавсия этилсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2016 йил 2 декабрь