12.01.2021
Бугун, 12 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29-йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни арафасида Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди.
Давлат раҳбари ўқув муассасаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва у ерда яратилган таълим инфратузилмаси объектлари, шунингдек, Қуролли Кучларимизнинг замонавий қурол ва ҳарбий техника намуналари ҳамда миллий мудофаа саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан танишди.
Шундан сўнг Академияда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раислигида Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятининг 2020 йил якунлари ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучларнинг раҳбар ва қўмондонлик таркиби, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз мудофаа қобилиятини янада ошириш борасида амалга оширилган ишлар, Қуролли Кучларни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалари батафсил сарҳисоб қилинди. Вазирлик ва идоралар ҳамда жойлардаги давлат хокимияти органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятига танқидий баҳо берилди.
Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида, мамлакат ҳаётининг бошқа жабҳалари билан бир қаторда, ҳарбий соҳанинг энг муҳим йўналишлари бўйича замон талабларига мос қарорлар қабул қилинганлиги, амалга оширилган тизимли ва стратегик комплекс чора-тадбирлар натижасида қисқа давр ичида миллий армиямизнинг жанговар шайлиги ва умуман мамлакатнинг мудофаа қобилияти сезиларли даражада ошгани таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари Қуролли Кучларни ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновацияларни кенг татбиқ этиш бўйича муҳим кўрсатмалар берди.
Жумладан, барча даражадаги қўмондонлик ва бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш, қўшинларда автоматлаштирилган бошқарув воситалари ва комплексларни жорий қилиш орқали уларнинг ҳамкорликдаги оператив ва жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш истиқболдаги долзарб вазифалардан бўлиб қолади.
Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда ҳарбий илмни ривожлантириш борасида Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан ҳарбий можаролар ва замонавий жанг амалиётларини ҳамда миллий ҳарбий санъат тарихини чуқур ўрганиб, қўшинларнинг тайёргарлик усул ва услубларини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
Бунда ҳарбий таълим тизимида бошланган ислоҳотларни узвий давом эттириш, олий ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар, жумладан, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари фаолиятини такомиллаштириш, уларда таълим олаётган ўқувчилар қалбида миллий руҳ, она-Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, буюк аждодларимиз, жумладан, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби саркардаларимизнинг бой жанг санъатидан кенг фойдаланиш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида барпо этилган “Ғалаба боғи” ва “Шон-шараф” музейи мажмуасини ҳарбий хизматчилар, юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарихни ва буюк аждодларимиз қаҳрамонлигини ўрганиш илмий марказига айлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бугунги кунда глобал ахборот маконидаги қарама-қаршилик, инсон, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун курашнинг кучайиши шароитида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг роли ва аҳамияти ортиб бормоқда.
Шунинг учун давлатимиз раҳбари томонидан аҳолининг ва биринчи навбатда ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимини такомиллаштириш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятни намоён қилишга шароит яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Мамлакатимиз аҳолисини ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаролик позициясини кучайтириш билан боғлиқ ишларни “Жасур жангчи – ёшлар учун намуна” шиори остида янада жадаллаштириш, ҳарбий округлар қўмондонликларига камида 10 тадан мактабни оталиққа олиш ҳамда ҳарбий қисм командирлари томонидан уларда ватанпарварлик ва ҳарбий шон-шараф дарсларини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.
Қуролли Кучларимизда яратилган замонавий инфратузилмадан фойдаланган ҳолда уюшмаган ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан бирга, меҳнат бозорида талаб қилинадиган касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ишларни ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари “ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди”, дея таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари, йиғилишда мамлакат мудофаа саноати комплексини янада ривожлантириш, давлат чегараларини қўриқлаш тизимини такомиллаштириш, фавқулодда вазиятлар прогноз ва мониторинг қилиш ҳамда авария ва техноген ҳалокатларнинг олдини олиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш бўйча зарур топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳарбий оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, соғлом турмуш тарзи ва болалар тарбиясига ёндашувларни намунали даражага кўтариш, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уй-жой билан таъминлаш ишлари келгусида ҳам муҳим ва устувор йўналиш сифатида қолишини қайд этди.
Тадбир якунида давлатимиз раҳбари Қуролли Кучларни янада ривожлантириш бўйича олиб бораётган ишлар, биринчи навбатда, халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган янги Ўзбекистонни барпо этиш бош талаб эканини таъкидлади.