11.11.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориҚорақалпоғистон Республикасининг мавжуд ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан, ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ҳудудда муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар 2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
а) муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида:
141 минг нафардан зиёд аҳолини марказлашган ичимлик суви таъминоти тармоғига улаш ва аҳолининг марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 61,5 фоиздан 70,1 фоизга етказиш;
Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманлари марказларида 105 минг нафардан зиёд аҳоли хонадонларини оқова сув тармоқларига улаш ва уларнинг оқова сув хизматлари билан таъминлаш даражасини 14,1 фоиздан 20,2 фоизга етказиш;
Нукус шаҳри ва Тахиатош туманида кўп квартирали уй-жойларнинг ички иссиқлик таъминоти тизимларини тўлиқ реконструкция қилиш;
9 та аҳоли пунктида табиий газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва 246 та аҳоли пунктини маиший газ баллонлари билан узлуксиз таъминлаш;
442 та трансформатор пунктини ва 1 023,8 км электр узатиш тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ва электр энергияси истеъмоли қувватини 1,5 миллиард кВт/соатдан 2,1 миллиард кВт/соатга ошириш;
444,7 км халқаро ва республика аҳамиятига молик ҳамда 408,1 км маҳаллий ва ички автомобиль йўлларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш;
290 та аҳоли яшаш пунктига оптик толали тармоқларни тортиш, 150 та янги базавий станция қуриш ва 200 тасини модернизация қилиш, ҳар бир аҳоли пунктини 10 Мб/соатдан кам бўлмаган тезликдаги Интернет тармоғига улаш;
90,9 минг гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг сув таъминотини, 208 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва 45 минг гектар экин ерларида сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш;
б) ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш соҳасида:
21 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 400 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти биноларини қуриш, 55 тасини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, 20 та мактабгача таълим ташкилотини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш;
7 та умумий ўрта таълим мактабини қуриш, 101 та мактабни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шу асосда умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчи ўрни коэффициенти 1,1 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш;
32 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда хусусий тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш, шу асосда тиббиёт муассасаларининг қабул қилиш қувватини 20,4 мингга, ўринлар сонини 7,1 мингга етказиш;
21 та маданият объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, шу асосда аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, уларнинг маданий эҳтиёжларини қондириш ва бўш вақтининг мазмунли ўтишини таъминлаш;
181 та мактабни “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига киритиш ва 3 мингдан ортиқ ёшларни компьютер дастурлаш асосларига ўргатиш орқали рақамли технологиялар йўналишида етук мутахассисларни тайёрлаш, уларга керакли билим ва кўникмаларни бериш;
39 та спорт объектини қуриш, реконструкция қилиш, қўшимча 83 минг нафар аҳоли ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шу асосда ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш;
в) 7 004 та хонадонли 235 та замонавий кўп квартирали турар жой мажмуасини барпо этиш, шунингдек, ёш оилалар ва кам таъминланган аҳоли учун 2 084 та хонадонли 36 та арзон уй-жой қурилишини ташкил этиш орқали уларнинг уй-жой шароитини яхшилаш;
г) инвестицияларни фаол жалб қилиш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш соҳасида:
2020–2022 йилларда ҳудудий инвестиция лойиҳалари доирасида умумий қиймати 12,3 триллион сўмлик 1 359 та лойиҳани ишга тушириш ва 17,5 мингта янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, 523 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш;
халқаро молия институтларининг 1 миллиард доллар миқдоридаги маблағларини муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга йўналтириш;
йиллик экспорт ҳажмини 347 миллион долларга, экспорт қилувчи корхоналар сонини 250 тага, экспорт географиясини 45 та мамлакатга етказиш ҳамда экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар турини 30 тадан ошириш;
эркин иқтисодий зоналарда қиймати 21,2 миллион долларга тенг бўлган 9 та лойиҳани, кичик саноат зоналарида қиймати 28 миллион долларга тенг бўлган 81 та лойиҳани ишга тушириш;
д) саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш, жумладан, 9 та янги саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, 27 та саноат кластерини ташкил этиш, саноати паст даражада ривожланган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида камида 50 та янги саноат корхонасини ишга тушириш;
е) қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, шу жумладан, чорвачилик, балиқчилик, шоличилик ва кунжут етиштириш ҳамда қайта ишлаш кластерларини ташкил қилиш соҳасида:
12 минг гектар ер майдонида пахта етиштиришни бекор қилиш;
фойдаланишдан чиққан 35 860 гектар ер майдонларини ўзлаштириш;
қишлоқ хўжалиги фойдаланишига қайта киритиладиган 875 гектар ер майдонларида иссиқхоналар ташкил қилиш;
музлаткичли омборхоналар қувватини 40,8 минг тоннага ошириш;
қишлоқ хўжалиги техникалари сонини 1,4 мингтагача ошириш;
наслли қорамоллар сонини қўшимча 30 минг бошга ошириш;
30 минг гектар ер майдонларида кунжут етиштириш ва маҳсулотни тўлиқ экспортга йўналтириш;
балиқ етиштириш ҳажмини икки бараварга ошириш ҳисобига балиқ маҳсулотларини 2021 йилда 35 минг тоннага, 2022 йилда 50 минг тоннага етказиш;
ж) ҳар йили камида 900-950 та янги хизмат кўрсатиш объектини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали хизмат кўрсатиш ҳажмини камида 2,5 бараварга ошириш;
з) хорижий туристлар сонини 80 минг нафарга, туризм хизматлари экспортини 45 миллион долларга етказиш, шунингдек, ички туристлар сонини 800 минг нафаргача ошириш, 210 ўринли янги меҳмонхоналар қуриш ҳамда туроператор ва турагентлар сонини 45 тага етказиш;
и) шароити оғир бўлган 45 та маҳалла ва овулда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ободонлаштириш ҳисобига уларни оғир тоифадан чиқариш ҳамда маҳалланинг ўрни ва ролини кучайтириш, жумладан, 12 та туман марказида “Маҳалла марказлари” мажмуаларини қуриш ва реконструкция қилиш, 157 та маҳалла ва овул маъмурий комплексларини қуриш;
к) 19,7 минг нафар фуқароларни иш билан таъминлаш ва 6 минг нафар фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш орқали “Темир дафтар”га киритилган 15,5 мингта оила даромадларини ошириш ҳамда уларнинг ҳудуддаги жами оилалардаги улуши 4 фоиздан ошмаслигини таъминлаш;
л) ёшлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жумладан, “Ёшлар дафтари”га киритилган 14 минг нафар ёшларни иш билан таъминлаш, 1,6 минг нафар ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, “Фидойи ёшлар отрядлари”ни ташкил қилиш орқали 8 минг нафар ишсиз ёшларни ҳақ тўланадиган жамоат ва мавсумий ишларга жалб қилиш, 3 та ёш тадбиркорлар коворкинг маркази, 7 та “Ёшлар меҳнат гузари” комплексини барпо этиш;
м) аёлларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва “Аёллар дафтари”га киритилган 8,4 минг нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаш;
н) меҳнат бозорига янги кириб келаётган фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат миграциясидан қайтган 9 минг нафар фуқароларни иш билан таъминлаш ҳамда фуқароларни хорижга меҳнат қилиш фаолиятига юбориш учун уларни талаб қилинадиган мутахассисликларга ўқитиш.
Мазкур банд ижросини самарали ташкил этиш мақсадида:
Бош вазир ўринбосарлари (А.Ж.Раматов – “а” ва “в” кичик бандлар, Б.А.Мусаев – “б”, “и”, “л” ва “м” кичик бандлар, С.У.Умурзаков – “г” кичик банд, Ж.А.Қўчқоров – “д”, “ж”, “к” ва “н” кичик бандлар, Ш.М.Ғаниев – “е” кичик банд, А.А.Абдухакимов – “з” кичик банд бўйича):
мазкур бандда назарда тутилган кўрсаткичларга тўлиқ ва ўз вақтида эришилишини таъминлаш юзасидан масъул вазирлик ва идораларнинг биринчи навбатдаги вазифаларини белгилаб берсин ҳамда фаолиятини мувофиқлаштириб борсин;
зарур маблағлар ўз вақтида ажратилиши, манзилли сарфланиши ва тўлиқ ўзлаштирилишини таъминласин;
амалга оширилган ишлар бўйича масъулларнинг ҳар ойлик ҳисоботларини эшитиб борсин;
юклатилган вазифалар тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан лавозимидан озод этишгача бўлган таъсир чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритиб борсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.К.Камалов:
бир ҳафта муддатда ҳар бир шаҳар ва туманларда белгиланган устувор йўналишлар бўйича ишчи гуруҳларини ташкил этсин;
мазкур бандда назарда тутилган кўрсаткичларга эришиш жараёнида вужудга келадиган жорий муаммоларни жойида тезкор ҳал этиш чораларини кўриб, республика даражасида ҳал этиладиган масалалар юзасидан аниқ таклифлар киритиб борсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) маъқуллансин:
1-иловага мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларининг ўсиш нуқталари (“драйвер” соҳалари);
2-иловага мувофиқ 2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси оғир бўлган шаҳар ва туманларини ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар;
3-иловага мувофиқ 2020-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар;
4 ва 4а-иловаларга мувофиқ 2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини молиялаштириш йиғма кўрсаткичлари;
5 ва 5а-иловаларга мувофиқ 2020-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари йиғма жадвали ва манзилли рўйхати;
6 ва 6а-иловаларга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳамда амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхатлари;
7–7е-иловаларга мувофиқ 2021–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар (объектлар) йиғма кўрсаткичлари ва манзилли рўйхатлари;
8–8е-иловаларга мувофиқ 2021-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар (объектлар) йиғма кўрсаткичлари ҳамда манзилли рўйхатлари;
9-9а, 10-10а ва 11-11а-иловаларга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиш даражаси паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларини ривожлантиришни молиялаштириш манбалари йиғма кўрсаткичлари ва чора-тадбирлар дастурлари;
12-иловага мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида шароити оғир 45 та маҳалла ва овулда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
13-иловага мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида пахта-тўқимачилик, мева-сабзавот ва кунжут кластерларини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури.
3. Белгилансинки:
а) мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси туманларининг ўзига хос “ўсиш нуқтаси” деб белгиланган иқтисодий фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил қилинган тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғини тўлашдан озод қилинади;
б) ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиш даражаси паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида янгидан ташкил этиладиган саноат йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар:
ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғини тўлашдан озод қилинади;
фойда солиғи ва сув солиғи тўловини амалдаги белгиланган солиқ ставкаларининг 50 фоизи миқдорида амалга оширади;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва фақат ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган асбоб-ускуна, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан озод қилинади;
в) Қорақалпоғистон Республикасида шароити оғир 45 та маҳалла ва овулда янгидан ташкил этиладиган хизмат кўрсатиш йўналишидаги тадбиркорлик субъектларига 2026 йил 1 январга қадар:
фойда солиғи, ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғини тўлашдан озод қилиш имтиёзи қўлланилади;
бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида миллий валютада олинадиган банк кредитлари фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш учун Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсация берилади;
г) Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида бўш турган давлатга тегишли бино-иншоотлар ва йирик бўлмаган давлат активларини тадбиркорлик субъектларига соддалаштирилган тартибда бериш тартиби жорий қилинади. Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Давлат активларини бошқариш агентлигига Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси раиси билан келишган ҳолда уларнинг қарори асосида:
давлат корхоналари ва хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат улушларини ҳамда давлатга тегишли кўчмас мулк объектларини, шу жумладан, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланмаган ер майдонларини (Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ алоҳида тартиб асосида сотиладиган давлат активлари бундан мустасно) сотиш, унинг шартлари, савдо тури ва нархини белгилаш;
бўш турган бино-иншоотлар ва самарасиз фойдаланилаётган ортиқча ер майдонларини балансда сақловчи вазирлик ва идораларнинг розилигидан қатъи назар захирага қайтариб олиш ва сотиш юзасидан қарор қабул қилиш;
давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларини қайта ташкил этиш, тугатиш, устав капиталидаги давлат улушини бошқа хўжалик жамиятлари устав капиталига ўтказиш ваколатлари берилади;
д) Қорақалпоғистон Республикаси бўйича давлат активларини сотишда:
давлат активининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 минг бараваридан юқори бўлган тақдирда, тузиладиган олди-сотди шартномаларига мувофиқ тўловларни 5 йилгача бўлган муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби жорий этилади;
олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб бир ой ичида сотиб олиш тўловлари тўлиқ амалга оширилган тақдирда, сотиб олиш тўловлари суммасининг 20 фоизига тенг миқдорда чегирма берилади;
е) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг қарорлари асосида сотиладиган давлат мулки объектларини сотишдан тушадиган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетига йўналтирилади, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси тасарруфида қолдириладиган маблағлар бундан мустасно;
ж) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган, умумий эгаллаган майдони 3 минг квадрат метргача бўлган давлатга тегишли бино-иншоотларни оммавий савдолар орқали сотиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилади.
4. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра, истисно тариқасида, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун 2022 йил 1 январга қадар олинадиган банк кредитлари бўйича гаров таъминоти сифатида тегишли вилоят ҳокимликлари кафолатлар бериши мумкин. Бунда:
бизнес-лойиҳалар мазкур қарорга мувофиқ ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиш даражаси паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида, шароити оғир 45 та маҳалла ва овул ҳудудларида, шунингдек, “ўсиш нуқтаси” деб белгиланган иқтисодий фаолият йўналишлари бўйича тегишли туманларда жойлаштирилади;
кафолатлар банк кредити суммасининг 50 фоизигача қисмига, бироқ 5 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда берилади;
кафолатлар солиқлар ҳамда олдинги тузилган кредит шартномалари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлиги мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларига берилиши мумкин эмас.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев) Халқ таълими вазирлиги (Ш.Х.Шерматов) билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6108-сон Фармонига мувофиқ:
Финляндиянинг таълим соҳасидаги ижобий тажрибасини, шу жумладан, ўқув дастурлари, дарсликлари ва ўқитиш методикаларини Қорақалпоғистон Республикасидаги умумтаълим муассасаларнинг таълим жараёнига жорий қилиш;
умумий ўрта таълимнинг сифатини ошириш, тизимдаги муассасаларнинг кўрсаткичларини юқори даражага олиб чиқиш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида хусусий сектор вакилларини кенг жалб қилиш;
математика, кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш, уларни зарур ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, услубий адабиётлар, инвентарлар ва моддий-техник ресурслар билан жиҳозлаш;
ҳудудий олий таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини жалб қилган ҳолда халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш, мазкур соҳага замонавий таълим технологияларни жорий қилиш;
мактаб ўқувчилари ўртасида касбга йўналтириш ишларини олиб бориш, ўқувчиларнинг мактаб фанлари бўйича амалий дарсларини салоҳиятли ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида ўтказиш, олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган мактаб битирувчиларини иш билан таъминлаш;
туман (шаҳар) кесимида тузилган рейтингда юқори ўринларни эгаллаган умумтаълим муассасалари раҳбар ходимлари ва педагогларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш чораларини кўрсин.
6. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев) билан биргаликда икки ҳафта муддатда Солиқ кодексига ва бошқа қонунларга Қорақалпоғистон Республикасининг тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар беришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда:
аҳолига ўз хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуна, материал ва товарлар етказиб берувчи балиқчилик кластерлари ва бошқа тадбиркорлик субъектларига;
сув чиқариш учун қудуқ бурғулаш ва ишга тушириш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, улар томонидан олиб кириладиган бурғулаш ускуналари ва махсус транспорт воситаларига;
Қорақалпоғистон Республикасининг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, энг долзарб иқтисодий фаолият йўналишларида тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари бериш назарда тутилсин.
7. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.И.Норқулов) Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев), манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантиришда мазкур қарорнинг 7–7е ва 8–8е-иловаларида кўрсатилган лойиҳаларни (объектларни) назарда тутсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Мўйноқ туманида алоҳида мақомга эга туристик-кўнгилочар зона ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (С.У.Умурзаков) Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.А.Абдухакимов), Бош прокуратура (Н.Т.Йўлдошев) ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев) билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар ушбу бандда назарда тутилган туристик-кўнгилочар зонани ташкил этиш юзасидан “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, амалга оширилишини таъминласин.
9. Қурилиш вазирлиги (Б.И.Закиров) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р.Т.Маматов), Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.И.Норқулов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев) билан биргаликда икки ой муддатда шароити оғир 45 та маҳалла ва овуллар ҳудудларининг бош режа-схемалари ишлаб чиқилишини таъминласин.
10. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (С.У.Умурзаков), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.И.Норқулов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев) 14-иловага мувофиқ белгиланган ҳудудлар чегаралари доирасида “Қорақалпоқ-агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чораларини кўрсин. Бунда:
икки ой муддатда “Қорақалпоқ-агро” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирларини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
“Қорақалпоқ-агро” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини бошқариш вазифаси “Нукус” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонасига юклансин.
11. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (С.У.Умурзаков), Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) 2021 йил I чораги якунига қадар Қорақалпоғистон Республикасида иссиқхоналар ташкил қилиш ҳамда чорвачиликни ривожлантириш учун халқаро молия институтларининг 120 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредит линияларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
12. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (С.У.Умурзаков), Давлат активларини бошқариш агентлиги (С.Х.Бекенов) ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг (Қ.Р.Сариев) тугатилаётган “Қорақалпоқпахтасаноат” ҲАБнинг Нукус шаҳри, Т.Қаипбергенов кўчаси, 39-уй манзилида жойлашган биноси 1-қавати, 2-қаватининг 300 кв.м қисми, меҳмонхона, гараж ва омборхона биноларини тегишли ҳудуди билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи билан бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Бунда, объект баҳоланган бозор қийматида “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимидаги корхоналарнинг ўзаро қарздорликларини камайтириш асосида “Ўзпахтасаноат” АЖнинг Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети олдидаги қарздорлигини камайтириш ҳисобига берилади.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев):
а) Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (М.И.Курбанов) ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари билан биргаликда:
бир ой муддатда бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги шифокорларга бўлган эҳтиёжларни ва талабгорларни ҳар бир маҳалла кесимида аниқласин;
икки ой муддатда аҳолини хатловдан ўтказиб, уларни бирламчи тиббий-санитария муассасаларига бириктирсин. Бунда, олис ва чекка ҳудудлардаги шифокорларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб бўш шифокор иш ўринлари рўйхатини тузсин ва мунтазам янгилаб борсин;
ташкил қилинаётган “тиббиёт бригадаларини” махсус компьютер-планшетлар ва мобил тиббиёт-диагностика воситалари билан таъминласин;
б) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Н.Н.Обломурадов), Қорақалпоғистон тиббиёт институти (О.А.Атаниязова) билан биргаликда уч ой муддатда мазкур институт ҳузурида саломатлик, атроф-муҳит ва экология масалалари бўйича илмий-тадқиқот таълим марказини ташкил қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 15-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 16-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
16. Дастур амалга оширилиши устидан назорат Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (С.У.Умурзаков) юклансин.
Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (С.У.Умурзаков):
Дастур доирасида амалга оширилаётган инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминласин;
Дастурга киритилган лойиҳаларнинг бажарилишини ҳар ойда бир марта Қорақалпоғистон Республикасида, ҳар чоракда бир марта республика даражасида муҳокама қилиб борсин ва муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан зарур ҳамда тезкор чора-тадбирларни амалга оширсин;
Дастурга киритилган лойиҳаларнинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиб, уларнинг амалга оширилишига тўсқинлик қиладиган масалаларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий чоралар кўрсин.
17. Олий Мажлис Сенатига (Т.К.Нарбаева, Б.Б.Алиханов):
масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан биргаликда Дастур доирасида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини таъминлаш, юзага келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш ва аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларига ҳар ойда чиқиш тизимини яратиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси (М.К.Камалов) билан биргаликда Олий Мажлис Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасига ўз фаолиятини бевосита Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этиш ҳамда соҳага оид муаммоларни шаҳар ва туманларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда жойида ҳал этиб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиш топширилсин.
18. Қуйидагилар:
Бош вазир ўринбосари С.У.Умурзаков – мазкур қарорнинг ижроси ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш, белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишга масъул вазирлик ва идораларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция муҳитини яхшилашга;
Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров – мазкур қарорда назарда тутилган, шу жумладан, “Қорақалпоқ-агро” ва “Нукус” эркин иқтисодий зоналарининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ҳамда бошқа ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларининг сифатли амалга оширилишини, зарур маблағларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминлашга;
Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев – Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни ўзлаштириш, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш, “Қорақалпоқ-агро” эркин иқтисодий зонасида амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлашга;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р.Сариев – Қорақалпоғистон Республикасига хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш, инвестицияларни самарали ўзлаштириш, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, саноат корхоналарининг тўлиқ қувватда ишлашига кўмаклашиш, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларининг ўз вақтида ишга туширилишини таъминлаш, шунингдек, жойларда тадбиркорлик субъектларининг муаммоли масалаларини тезкор ҳал қилиб боришга;
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Т.Маматов – шароити оғир бўлган маҳалла ва овулларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ободонлаштириш ҳисобига уларни оғир тоифадан чиқариш, “Маҳалла марказлари” ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари комплексларини қуриш ва реконструкция қилиш орқали маҳалланинг ўрни ва ролини кучайтиришга;
тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари – Дастур ижросининг самарадорлигини ҳамда мазкур қарорда назарда тутилган мақсадли кўрсаткичларга тўлиқ эришилишини таъминлашга шахсан масъул ва жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.
19. Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев