
Шавкат Мирзиёев Туркия Президентини табриклади
29.10.2020

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг миллий байрами – Республика эълон қилинган кун муносабати билан Президент Режеп Таййип Эрдоғанга табрик йўллади.
Мактубда сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, инфратузилма ва молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа устувор соҳалардаги кўп қиррали алоқалар жадал ривожланиб, том маънода стратегик шериклик даражасига кўтарилгани мамнуният билан қайд этилган.
Давлатимиз раҳбари Туркия етакчиси ва оила аъзоларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, Режеп Таййип Эрдоғаннинг серқирра ва масъулиятли фаолиятига янги зафарлар ва туганмас куч-ғайрат, қардош турк халқига эса тинчлик-омонлик ва бардавом тараққиёт тилаган.