05.10.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентини таваллуд айёми билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги муваффақиятлар тилади.
Президентлар икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, тарих, маданият ва анъаналар муштараклигига асосланган стратегик шериклик муносабатларининг бугунги даражасини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ мураккаб даврда пандемия оқибатларини енгиб ўтишда ўзаро ёрдам кўрсатилмоқда. Тожикистон томони ушбу хавфли касалликка қарши курашда кўрсатилган амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида товар айирбошлаш ҳажмлари ортяпти, ҳудудлар ва тадбиркорлар ўртасида кооперация кенгаймоқда.
Давлат раҳбарлари ўтган ойда бўлиб ўтган қатор икки томонлама тадбирларнинг самарали натижаларини юқори баҳоладилар. Хусусан, Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси ҳамда бизнес-форум, илмий-амалий конференция, парламент аъзолари ва зиёлилар учрашувлари муваффақиятли ўтказилди, қўшма ишлаб чиқариш қувватлари ва ижтимоий объектлар очилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари икки мамлакат ҳукуматларига кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда бўлажак саммитнинг янги кун тартибини ҳар томонлама пухта тайёрлаш бўйича “йўл харита”сини ишлаб чиқишга топшириқ бердилар.
Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Телефон мулоқоти сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонга мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим тадбир – жорий йил 11 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови муваффақиятли ўтишини тилади.
Суҳбат ҳар доимгидек самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.