12.08.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 август куни ҳудудларда саноатни ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Саноат корхоналари иқтисодий барқарорликни таъминлаш, иш ўринларини сақлаб қолиш ва янгиларини яратишда муҳим ўрин тутади. Шу боис пандемияга қарамасдан мамлакатимизда бундай корхоналарнинг узлуксиз ишлаши учун шароитлар яратиб берилди.
Бунинг натижасида йилнинг биринчи ярмида “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзавтосаноат”, тўқимачилик, чарм-пойабзал, металлургия, электр энергияси тармоқларида ўсишга эришилган. Қўрғонтепа, Қумқўрғон, Ромитан, Музработ, Избоскан, Норин ва Янгибозор туманларида саноат ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробар кўпайган.
Лекин, умумий ҳисобда олганда, биринчи ярим йилликда саноат маҳсулоти ҳажми 167 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилгига нисбатан 1,9 фоизга камайган.
Таҳлилларга кўра, қолган олти ойда 229 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқариб, йил якунигача бу борадаги кўрсаткични 3,5 фоизга ошириш учун барча имкониятлар бор. Бунинг учун ҳозирги мураккаб ва фавқулодда ҳолатдан келиб чиқиб, саноат сиёсати, иш услуби ва ёндашувларни ўзгартириш, рақобатбардош товарлар занжирини ташкил этиш зарур.
Видеоселектор йиғилишида шу борадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Энг аввало, ҳудудлар ва тармоқлар яқин ҳамкорликда ишлаши муҳимлиги таъкидланди.
Мисол учун, Қорақалпоғистонда иккинчи ярим йилликда 7,8 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш режалаштирилган. 5 та йирик лойиҳани фойдаланишга топшириш мўлжалланган. Тўқимачилик, кимё тармоқларидаги бу лойиҳалар ҳисобидан 500 та янги иш ўрни ташкил этилади.
Худди шундай, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ҳам катта режалар белгиланган.
Давлатимиз раҳбари уларга бирма-бир тўхталиб, саноат корхоналарида ишлаб чиқариш марраларини кафолатли таъминлаш ва инвестиция лойиҳаларини якунлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Тармоқ ва ҳудудларнинг ўзаро ҳамкорлигига масъул ишчи гуруҳ тузиб, ҳудудларга чиққан ҳолда, корхоналарнинг муаммоларини ҳал қилиш ва қўшимча захираларни сафарбар этиш орқали саноат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Президентимиз “саноат кластерлари”ни йўлга қўйиш масаласига алоҳида аҳамият қаратди.
Мисол учун, Наманганда тўқимачилик ва у билан боғлиқ тармоқлар, Навоий вилоятида қурилиш ва безак материаллари, Тошкент вилоятида фармацевтика, Тошкент шаҳрида электроника ва мебель бўйича “саноат кластерлари”ни ташкил этиш учун тадбиркорлик муҳити шаклланган. Лекин, шу билан бирга, рақобатдош маҳсулот чиқариш учун кластерда илм, инновация, лойиҳа, молия, инжиниринг ва инвестиция ташкилотлари бўлиши керак.
Бош вазир ўринбосарига ушбу тизимни йўлга қўйиш, ҳар бир ҳудудда “саноат кластерлари”ни ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Пандемия оқибатида 11 мингта саноат корхонасининг даромади тиклангани йўқ. Уларнинг асосий қисми тўқимачилик, озиқ-овқат, мебелсозлик, металл буюмлар, қурилиш материаллари корхоналаридир.
Шу боис, тўлиқ қувватда ишламаётган корхоналарни жонлантириш, уларга бориб, хомашёси, айланма маблағи, маҳсулот бозори билан боғлиқ масалаларга кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди. Ҳокимлар саноат билан шахсан шуғулланиши кераклиги таъкидланди.
Иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси ва табиий газ билан барқарор таъминлаш, барча лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Режадаги 133 та лойиҳа ишга тушмагани, яна 261 таси тўлиқ қувватга етмагани, оқибатда 1,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмай қолгани кўрсатиб ўтилди. Бу борадаги камчиликлар вилоятлар кесимида таҳлил қилиниб, уларни ҳал этиш чоралари белгиланди.
Пандемия даврида маҳсулотни намойиш қилиш имконияти чеклангани боис Электрон кооперация порталидан кенг фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган барча товарларни ушбу кооперация порталига жойлаштириш, унинг мақоми ва савдо ҳажмларини кескин кўтариш бўйича топшириқ берилди.
– Одамларнинг даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, инвестициялар жалб қилиш саноат ривожи билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун саноат масалалари бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлади, – деди Президент.
Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, саноат тармоқлари раҳбарлари ва ҳокимлар ахборот берди.