20.07.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, шунингдек, ҳудудларда коронавирус инфекцияси тарқалишини камайтириш ҳамда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мамлакатимиз, халқимиз жорий йил бошида ўз олдига катта мақсадлар қўйган эди. Бутун дунёга тарқалган коронавирус инфекцияси март ойида юртимизга кириб келдию режалар ўзгариб кетди. Давлатимиз биринчи навбатда одамлар соғлиғини сақлаш чораларини кўрди.
Республика махсус комиссияси тузилди. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Қисқа муддатда махсус шифохона ва карантин зоналари қурилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди.
Шу серташвиш беш ойда Президентимиз коронавирус билан боғлиқ қатор фармон ва қарорлар қабул қилди. Уларга мувофиқ, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари имкон даражасида қўллаб-қувватланмоқда.
Давлатимиз раҳбари эпидемиологик ҳолатни жиддий назоратга олган. Деярли ҳар бир йиғилишда бу масалага эътибор қаратилмоқда. Маълумки, аввалроқ пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида коронавирус билан боғлиқ вазият ҳар томонлама таҳлил қилинган эди. Бу галги видеоселектор йиғилишида барча ҳудудлардаги аҳвол, долзарб чора-тадбирлар муҳокама этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимлари касаллик кўрсаткичлари, даволанаётганлар сони ва бу борада яратилган захира ўринлари бўйича ҳисобот берди. Аҳоли мурожаатлари, шошилинч тиббий ёрдам машиналари, дори-дармон таъминоти бўйича ҳолат таҳлил қилинди.
Йиғилишда жойлардаги муаммолар очиқ муҳокама қилинди. Коронавирусга қарши курашиш учун қайси ҳудудга қандай техника ва воситалар кераклиги белгиланди.
Президент мутасаддиларга вазиятнинг ҳақиқий ҳолатини реал вақт режимида назорат қилиб, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиб бориш бўйича қатъий топшириқ берди.
Даволаш ишларини сифатли ва хавфсиз ташкил этиш, шу билан бирга, аҳоли ва объектларни дезинфекция воситалари билан таъминлаб, касаллик юқишининг олдини олиш муҳимлигини таъкидланди.
Ҳар бир ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиқиб, етарлича дори-дармон, тиббий буюмлар ва тест тизимлари билан таъминлаш, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш манбалари белгиланди.
Шунингдек, видеоселекторда ҳудудлар раҳбарлари пандемия шароитида иқтисодитётни барқарор ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини ошириш борасидаги 6 ойлик якунлари бўйича ҳам ҳисобот бердилар.
Кескин суръатларда давом этаётган пандемиянинг иқтисодиётга кўрсатаётган таъсирини аввалдан баҳолаш ва мамлакат макроиқтисодий барқарорлигини таъминлаш, инвестицион лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва қурилиш соҳасидаги прогнозларни бажариш, экспортни кўпайтириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари таҳлил қилинди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир ҳудуддаги корхоналарда пул тушумлари камайганини қайд этиб, 2020 йил 1 октябрга қадар тижорат банклари билан бирга қурилиш ва саноат корхоналарининг аксар қисмини, йил якунигача эса 100 фоиз корхоналарнинг фаолиятини тиклаш бўйича топшириқ берди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам қатор ҳудудларда иқтисодий прогнозлар бажарилмаганини кўриш мумкин. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти қиймати прогнозга нисбатан 59 миллиард сўмга кам бўлган. Бу кўрсаткич Қашқадарё вилоятида 177 миллиард, Сирдарё вилоятида 173 миллиард, Тошкент вилоятида 129 миллиард сўмни ташкил қилади.
Шавкат Мирзиёев ҳар бир ҳудудда такрорий майдонлар ҳисобига сабзавот ва полиз маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги қолоқликларни қоплаш, аҳоли хонадонларига парранда тарқатиш ишларини жадаллаштириш ҳамда чорвачилик, балиқчилик соҳасида интенсив технологияларни кенг қўллаш ҳамда йил якунига қадар ҳудудлар салоҳиятини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни 3-4 % га ошириш бўйича кўрсатмалар берди.