31.03.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ўзбекистон Республикасининг инвестиция салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, йиллик инвестиция дастурларини сифатли ишлаб чиқиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитлар яратиш, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукуматларнинг молия институтлари, етакчи чет эл компаниялари ва банк тузилмалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, жалб этиладиган чет эл инвестициялари самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ягона давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш учун масъул ваколатли давлат органи ҳисобланади.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига инвестициялар киритиш ҳажмини кенгайтиришни рағбатлантириш, республикада инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ягона давлат инвестиция, жумладан, хорижий инвестициялар жалб қилиш сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш;
хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестиция фаолиятини кенгайтириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг йиллик Инвестиция дастурлари ва ҳудудий инвестиция дастурларини, жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилишда иштирок этиш, хорижий инвестициялар, кредитлар ва молиявий-техник кўмаклашишга қаратилган маблағларни жалб этиш учун инвестиция таклифлари бўйича ягона базасини юритиш;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро иқтисодий ва молия институтлари, чет эл банклари, жамғармалари, агентликлари, компаниялари ва бошқа халқаро ҳуқуқ субъектлари билан инвестиция соҳасидаги ҳамкорлигини ўзаро манфаатли асосда ривожлантириш ва ҳамкорлик йўналишларини диверсификация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича асосий йўналишларни белгилаш ва амалга ошириш, шунингдек, халқаро молия институтлари ва чет эл инвесторлари билан инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари, халқаро ташкилотлардаги доимий вакилларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукуматларнинг молия институтлари, етакчи хорижий компания ва банк тузилмалари билан инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича халқаро шартномаларини ўрнатилган тартибда тайёрлаш, келишиш ва имзолашда иштирок этиш;
тармоқ инвестиция дастурлари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги комплекс дастурлар, ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация ва ижтимоий соҳалардаги инфратузилмаларни ривожлантириш дастурлари билан боғлиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий инвестициялар, авваламбор тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, кредитлар ва молиявий-техник кўмаклашишга қаратилган маблағларни жалб этиш;
инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини тизимли назорат қилиш, чет эл капитали иштирокидаги корхоналар фаолиятини, шунингдек, инвесторлар томонидан инвестиция мажбуриятлари қандай бажарилаётганини таҳлил қилиш, хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш асосида мамлакатимиз иқтисодиётига жалб этилаётган хорижий инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳукуматлар молия институтларининг жалб этиладиган кредит ресурслари ва техник кўмаклашишга қаратилган маблағлар (грантлар), Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан йўналтириладиган марказлаштирилган инвестициялардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
мамлакатимизнинг иқтисодий ва инвестиция салоҳияти тўғрисида хорижий инвесторларни кенг хабардор қилиш учун Ўзбекистон Республикасида ва чет элларда халқаро конференциялар, семинарлар, инвестиция форумлари ўтказилишини ташкил этиш;
иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида технологик ускуналар, бутловчи буюмлар ва материалларни харид қилиш учун тендер (танлов) савдолари ўтказиш ва уларнинг якунлари бўйича ғолибларни аниқлашда иштирок этиш, ишлаб чиқариш самарадорлиги, маҳсулот сифати ва рақобатдошлиги, энергия ва ресурс тежамкорлиги бўйича замонавий талабларга, экологик стандартларга жавоб берадиган илғор технология ҳамда ускуналар бўйича жаҳон бозоридаги вазиятнинг чуқур таҳлилидан, таклиф этилган нархларнинг дунё бозоридаги ўртача баҳо ва юзага келган бозор конъюнктурасига мос келиши, шунингдек, тайёр ҳолда топшириладиган лойиҳалар қиймати таклиф этиладиган технологияга қанчалик мувофиқ эканидан келиб чиққан ҳолда, тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тендер таклифларини баҳолашда қатнашиш, зарурат туғилганда, ўтказилган тендер (танлов) савдолари натижаларини рад этиш, тендер натижаларига кўра тузилган импорт шартномаларини бекор қилиш бўйича таклифлар киритиш;
инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида сотиб олинадиган ускуналар, техника ва технологиялар, бутловчи буюмларнинг нарх кўрсаткичлари, шунингдек, тайёр ҳолда топшириладиган лойиҳаларнинг қиймат кўрсаткичларига доир импорт шартномаларини тизимли асосда пухта экспертизадан ўтказиш;
мамлакатимиз лойиҳа институтлари ва ташкилотларининг инвестиция лойиҳалари, аввало хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳадан олдинги ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган ва меъёрий-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, хўжалик субъектлари томонидан бажарилиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов раҳбарлик қиладиган Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси таркибига киради.
4. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари ва халқаро ҳамда хорижий молия институтларидаги доимий вакили лавозими Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси номенклатурасига киради;
савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилар ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига ҳисобот беради;
Ўзбекистон Республикасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари, халқаро ва хорижий молия институтларидаги доимий вакиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг буйруғига асосан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхонлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига иқтисодиётнинг таянч тармоқлари ва инфратузилмани ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳамда илғор технологияларни, устувор дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар) ва имтиёзли кредитларни жалб этиш бўйича бажарилган ишлар тўғрисида таҳлилий материаллар, ҳисоботларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан инвестиция соҳасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир таклифларни ҳар чоракда мунтазам тақдим этиб бориши шарт.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг чет эл компания ва ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитациядан ўтказиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига ўтказилсин.
6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра, 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси зиммасига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида технологик ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар етказиб бериш, шунингдек, битта шартнома бўйича қиймати 100 минг АҚШ долларидан ортиқ ҳажмдаги ишлар (хизматлар)нинг бажарилиши юзасидан тендер (танлов) савдолари натижаларини мувофиқлаштириш, экспертизадан ўтказиш, келишиш ҳамда уларга риоя этилишини назорат қилиш вазифалари қуйидагиларни назарда тутган ҳолда юклатилсин:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ёки унинг кафолати остида жалб этилган кредитлар (қарз маблағлари) ҳисобидан молиялаштириладиган;
Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан биргаликда молиялаштириладиган;
устав фондида давлат улуши 50 фоиздан зиёд бўлган хўжалик субъектлари томонидан хорижий инвестициялар (кредитлар) ҳисобидан тайёр ҳолда топшириладиган лойиҳалар бўйича харид қилинадиган лойиҳалар.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, «Ўзбекэкспертиза» акциядорлик жамиятининг қуйидаги вазифалари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига ўтказилсин:
битта шартнома бўйича қиймати 100 минг АҚШ долларидан зиёд бўлган инвестиция лойиҳалари, жумладан, тайёр ҳолда топшириладиган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида харид қилинадиган ускуналар, техника ва технологиялар, бутловчи буюмларнинг нарх кўрсаткичларига доир импорт шартномаларини экспертизадан ўтказиш;
инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида тендер натижалари бўйича тузилган импорт шартномаларини буюртмачи банк кафолатини олганини тасдиқлаганидан кейин амалдаги қонунчиликка мувофиқ рўйхатдан ўтказиш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 ноябрдаги «Тендер савдоларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 456-сонли қарори билан тасдиқланган Хомашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтказиш тўғрисидаги низомнинг 55- ва 62-бандларига тегишли ўзгартишлар киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 мартдаги «Инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа олди ҳужжатларини ишлаб чиқиш сифатини ошириш тўғрисида»ги ПҚ-2836-сонли қарорининг 6-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига халқаро молия институтлари, хорижий ҳукуматларнинг молия ташкилотлари ва донор мамлакатлар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари доирасида ташкил этилган ва амалга оширилаётган лойиҳаларни жорий этувчи гуруҳлар ходимлари, шунингдек, инвестиция лойиҳалари ташаббускори бўлган вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари мутахассисларини тендер ҳужжатларини тайёрлаш, келиб тушадиган тендер таклифларини баҳолаш жараёнларига жалб қилиш ҳамда уларни келишган ҳолда тендер комиссиялари таркибига киритиш ҳуқуқи берилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда тегишли иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида Товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш бўйича идоралараро тендер комиссияси таркибини қайта тасдиқласин ва унга Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раҳбарларини идоралараро тендер комиссиялари раисларининг ўринбосарлари сифатида албатта киритсин ҳамда Идоралараро тендер комиссияси тўғрисидаги низомни тубдан қайта кўриб чиқсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан ҳамкорликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида тендер (танлов) савдолари ўтказиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга доир таклифлар киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳасини ўрнатилган тартибда тасдиқлаш учун тақдим этсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В.А.Голишев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 31 март