26.05.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 26 май куни инвестиция масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Тадбирда Инвестиция дастурининг жорий йил дастлабки тўрт ойидаги ижроси таҳлил қилиниб, прогноз кўрсаткичларини сўзсиз бажариш, жумладан, йирик ишлаб чиқариш қувватлари, ижтимоий ва инфратузилма объектларини фойдаланишга топшириш чора-тадбирлари муҳокама этилди.
2020 йилги Инвестиция дастурига 3 мингдан ортиқ лойиҳа киритилган бўлиб, уларни амалга ошириш учун 235 триллион сўмлик инвестициялар, жумладан, 7 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ўзлаштирилиши белгиланган.
Қарийб бир ойдан кейин биринчи ярим йиллик тугайди. Бугунги мураккаб даврда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларнинг дастлабки натижалари юзага чиқади.
Шу боис давлатимиз раҳбари тез вақтларда натижа берадиган, айниқса, янги иш ўринлари яратадиган ва иқтисодий ўсишни таъминлайдиган лойиҳалар бўйича ишлаш кераклигини таъкидлади.
Аввало, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари масаласига эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида 38 та, Тошкент вилоятида 89 та, Хоразм вилоятида 41 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари орқада қолаётгани кўрсатиб ўтилди.
Уй-жой коммунал хизмат вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлигига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан молиялаштириладиган объектларда қурилишни жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
26 май куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, металлургия комплекслари ва 2 та мис бойитиш фабрикаси барпо этиш орқали мис ва олтин ишлаб чиқариш ҳажми 3 бараварга оширилиб, мис ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 400 минг тонна, олтин – 50 тонна ва кумуш 270 тоннагача етказилади.
Заргарлик ва электр техникаси каби тармоқлар бундан фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажми ва иш ўринларини кўпайтириши зарурлиги қайд этилди.
Маълумки, жорий йилги вазиятни инобатга олиб, кечиктириш мумкин бўлган қурилишлар учун ажратилган 450 миллиард сўм Инвестиция дастуридан чиқарилган эди. Бу маблағнинг 150 миллиард сўми 40 минг гектар ерни ўзлаштириб, 80 мингта доимий иш ўрни яратишга йўналтирилди.
Йиғилишда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари бюджетдан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини яна бир бор кўриб чиқиб, харажатларини оптималлаштириши зарурлиги таъкидланди.
– Ҳар бир лойиҳани амалга оширишдан олдин ушбу объект ҳудуд ривожига ҳамоҳангми, бундан аҳолига наф борми, қанча одам иш билан таъминланади, деган саволларга жавоб топиш шарт, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бош вазир ўринбосарларига келгуси йил учун Инвестиция дастурига биринчи навбатда янги иш ўринлари яратадиган ва камбағалликни камайтиришга ёрдам берадиган лойиҳаларни киритиш мезонларини жорий этиш топширилди.
Объект қиймати, лойиҳаларнинг сифати ва уларнинг келгусидаги натижадорлиги кўп жиҳатдан лойиҳа ҳужжатларига боғлиқ. Уларнинг аксарияти халқаро талабларга жавоб бермайди, хориждан жалб қилинган компания ва мутахассислар бу лойиҳалар асосида ишлай олмайди.
Шу боис жаҳон стандартларини тезроқ адаптация қилиш шартлиги таъкидланди. Келгуси йилдан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан йирик объектларни лойиҳалашдан тортиб, уларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар халқаро меъёрлар асосида амалга оширилиши белгиланди. Шунингдек, лойиҳалашга маблағ ажратиш бўйича қўйилган чекловлар бекор қилинади.
Қурилиш вазирлигига лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қуриш, экспертизадан ўтказиш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш юзасидан топшириқлар берилди. Бунда лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик ва буюртмачиларнинг техник назорат бўйича масъулияти ва жавобгарлиги ҳам аниқ белгиланади.
Йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар ҳам атрофлича таҳлил қилинди.
Жорий йилда ўзлаштирилаётган бундай сармояларнинг 34 фоизи нефть-газ, энергетика, тоғ-кон ва металлургия тармоқлари ҳамда 52 фоизи ҳудудий лойиҳаларга тегишли. Шу билан бирга, электротехника, кимё ва озиқ-овқат саноатида бу каби инвестицияларни бир неча баравар ошириш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига “ўсиш нуқтаси” бўла оладиган ахборот технологиялари, заргарлик, кимё, электр техникаси, олий таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларига фаол сармоялар жалб қилиш бўйича алоҳида ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.
Умуман, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича ёндашувларни ўзгартириш, маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш лозимлиги таъкидланди.
Бугунгача фақат хорижлик инвесторлар учун кўзда тутилган имтиёзлар энди маҳаллий хусусий сармоядорлар учун ҳам жорий қилинади. Мисол учун, хусусий инвестор ўз ҳисобидан 25 миллион доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳа бошласа, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари бюджет ҳисобидан қуриб берилади.
Шунингдек, чет элда яшаётган ватандошларимизни мамлакатимизга инвестиция киритишга рағбатлантириш ва улар билан доимий ишлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда пандемия сабабли ўзлаштирилмай қолиши эҳтимоли бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар соҳалар ва ҳудудлар кесимида кўриб чиқилди. Бундай лойиҳаларнинг истиқболини ўрганиб, муддатларини кечиктириш ёки ўрнига янгиларини киритиш мумкинлиги қайд этилди.
Халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобига амалга ошириладиган 98 та лойиҳа бўйича маблағларни ўзлаштириш даражаси танқид қилинди. Вазирликларга муаммоларни тез орада бартараф этиб, лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Инвестиция дастури доирасида жорий йилда 206 та йирик лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Улардан 39 тасида муддатдан кечикиш хавфи бор. Бу лойиҳаларнинг асосий қисми энергетика, тўқимачилик, электр техникаси, транспорт тармоқлари ҳамда Навоий, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.
Президентимиз бу лойиҳалар натижасида минглаб иш ўринлари яратилиши, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши зарурлигини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Фойдаланишга топширилган йирик ва ўрта ишлаб чиқариш қувватларини мониторинг қилиш бўйича доимий комиссия ташкил этилиши белгиланди. Бу комиссия корхоналар ишга тушгандан сўнг уларнинг етарли хомашё ва инфратузилма билан таъминланиши, тўлиқ қувватда ишлашига масъул бўлади.
Йиғилишда, шунингдек, аҳоли даромадини оширишга хизмат қиладиган кичик лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Масалан, Андижонда мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик йўналишидаги 7 та кластер билан 9 мингдан зиёд аҳоли ўртасида касаначилик усулида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича 40 миллион долларлик лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ушбу тажриба асосида бошқа аҳоли зич ҳудудларда ҳам шундай тизим қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Саноати ривожланмаган Томди туманида 320 миллиард сўмлик 70 та ҳамда Пахтачи туманида 660 миллиард сўмлик 83 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилган. Уларни амалга ошириш учун Пахтачининг Навоий шаҳри билан, Томдининг Зарафшон шаҳри билан чегарадош ҳудудида саноат зоналари ташкил этилиши мўлжалланган.
Мутасаддиларга, шунингдек, саноати ривожланмаган бошқа туманлар бўйича имкониятларни аниқлаб, саноат зоналари ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Видеоселектор йиғилишида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар раҳбарлари жорий йилнинг ўтган давридаги натижалар ҳамда йил охиригача мўлжалланган инвестиция фаолияти юзасидан ҳисобот берди.