icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Президент карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш кераклигини таъкидлади

07.05.2020

Президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши бошида коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

– Охирги пайтда дунёда ҳар куни 90-100 минг нафар инсон бу вирусни юқтириб олмоқда, – деди давлатимиз раҳбари. – Бугунга келиб, унга чалинганларнинг умумий сони қарийб 4 миллионга етди. Минг афсуски, уларнинг 265 минг нафари оламдан ўтди.

Ўзбекистонда касалликка чалинганлар сони 2 минг 269 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 1 минг 624 нафари ёки 72 фоизи соғайди. Айни пайтда шифохоналарда 635 нафар бемор даволанмоқда. Хориждан қайтган ва беморлар билан мулоқотда бўлган 45 минг фуқаромиз карантинга олинган.

Биз жуда катта куч сарфлаб, кўп саъй-ҳаракатлар, халқимизнинг кўмаги ва чуқур тушуниши, сабр-тоқати билан Ўзбекистонда бу офатни жиловлаб турибмиз. Лекин барибир жуда ҳам зийраклик ва эҳтиёткорлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз шарт. Бу хавф бутун дунёда бутунлай бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилишга асло ҳақимиз йўқ.

Республикамизда эпидемиологик вазият барқарорлашганидан фойдаланиб, вирусдан холи ҳудудларда иқтисодиётни юрғизиб юбориш ва одамларни даромад билан таъминлаш мақсадида карантин талабларини аста-секин юмшата бошладик. Бунда биз аҳолининг карантиндаги турмуш шароитини яхшилаш учун уларнинг кўплаб мурожаатларини ҳам инобатга олдик.

Ўтган селекторда берилган топшириққа мувофиқ, Республика комиссияси томонидан 8 майдан бошлаб, инфекция аниқланмаган ёки беморлар тўлиқ соғайган Навоий, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари “яшил”, охирги 14 кунда вирус аниқланмаган, лекин даволанаётган беморлар бўлган Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри “сариқ”, доимий равишда инфекция аниқланаётгани учун бошқа ҳудудларнинг барчаси “қизил” тоифали ҳудуд деб эълон қилинди.

Шунингдек, минтақаларнинг тоифасига қараб, рухсат этиладиган хизмат турлари ҳам аниқ ва тушунарли қилиб белгилаб берилди. Албатта, “яшил” ҳудудларда кўпроқ, “сариқ”да камроқ, “қизил”да чекланган сондаги хизматлар кўрсатилади.

Такрор ва такрор айтаман, жаҳонда, айниқса биз яқин ҳамкорлик қиладиган давлатларда пандемия тобора кучайиб бораётганини, бу ҳолат бизга ҳам катта хавф солиши мумкинлигини асло унутмаслигимиз керак. Шу сабабли барчамиздан ҳушёрликни янада ошириш талаб этилади. Бу борада, фаолиятини умуман тўхтатмаган корхоналарда ҳам, ўз ишини қайтадан бошлашга рухсат берилган соҳаларда ҳам вирусга қарши курашиш бўйича чекловлар сўзсиз бажарилиши керак.

Яна бир бор такрорлайман, ҳар биримиз карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзимиз, яқинларимиз ва халқимизнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур ва шарт.

Шу билан бирга, “сариқ” ва “қизил” тоифадаги вилоятларда касаллик умуман аниқланмаган туманлар ҳам борлигини инобатга олиш лозим. Худди шундай, эртага “яшил” вилоятдаги бирор бир туманда касаллик аниқланадиган бўлса, бутун вилоятнинг тоифасини ўзгартириш шарт эмас, – деди Президентимиз.

Республика комиссиясига ҳудудларни тоифага ажратишни туман ва шаҳарлар даражасида белгилаш бўйича топшириқ берилди.

 

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo