05.05.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни карантин шароитини янада енгиллаштириш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мамлакатимизда эпидемиологик вазият ижобий томонга ўзгаргаётгани боис 22 апрелдан карантин шароити босқичма-босқич юмшатила бошлаган эди. Бу ишларни изчил давом эттириш мақсадида жойлардаги вазият ўрганилди. Ҳар бир тармоқ ва ҳокимликлардан асосланган таклифлар олинди.
Йиғилишда ушбу таклиф ва таҳлиллар асосида бундан буён амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Ҳозирда фаолияти тикланган саноат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларига қўшимча равишда хизмат кўрсатиш субъектлари ҳам босқичма-босқич ишга туширилиши белгиланди.
Жумладан, эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда, санитария талабларини белгилаган ҳолда, ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат бериш кераклиги қайд этилди. Шунингдек, стикерлар бекор қилиниб, шахсий автомобиллардан фойдаланиш мумкин бўлади.
Лекин, коронавирус тўла бартараф бўлмагани сабабли, одамлар кўп тўпланадиган объектлар, жумладан, театр, концерт ва спорт заллари, тўйхоналар, жамоат транспорти бўйича чекловлар маълум муддатгача сақланиб қолади.
Республика комиссиясига хизмат кўрсатиш турларини қайси ҳудудларда ва қандай шартлар асосида йўлга қўйишни белгилаш топширилди.
– Эпидемиологик вазият яхшилангани сари чекловларни бекор қилишни давом эттирамиз. Аксинча, вазият ёмонлашса, карантин чораларини қайта тиклаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Корхоналар барқарор ишлаб кетиши учун уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Унга кўра:
- тўқимачилик корхоналари ва кластерларини янада қўллаб-қувватлаш, маҳсулот рақобатдошлигини ошириш мақсадида хомашё нархини 10 фоизгача пасайтириш имкониятини берувчи халқаро биржа нархларига ўтилади;
- 1 апрелга қадар ички бозорда сотилган пахта толаси учун якуний тўлов муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилди;
- тўқимачилик корхоналари экспорт қилган маҳсулот республикадан чиқиб кетиши билан қўшилган қиймат солиғи тўлиқ қайтарилади;
- соҳа учун муҳим бўлган 64 турдаги хомашё ва материаллар божхона божидан озод қилинди.
Шунингдек, тайёр маҳсулот экспортини кескин кўпайтириш, йирик, камида 1 мингта одам ишлайдиган, халқаро бренд остида ишлаб чиқарувчи замонавий йирик тўқимачилик ва тикув кластерларини барпо этиш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.
Унга мувофиқ, ташиш харажатлари учун субсидия бериладиган маҳсулот турлари ҳозирги 52 тадан 86 тагача кўпайтирилди. Бу рўйхатга 32 турдаги сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳамда ҳўл, музлатилган ва консерваланган мевалар қўшилди.
Ушбу транспорт харажатини субсидиялаш механизмидан 2 мингдан зиёд экспортёр корхоналар фойдаланиши имконияти яратилмоқда ва бунга бюджетдан 360 миллиард сўм йўналтирилади.
– Бундай чоралардан мақсад – корхоналар фаолиятини тез тиклаш, экспорт ҳажмини барқарор ошириш, янги иш ўринларини ташкил қилиш учун катта имконият яратиш. Шу сабабли барча даражадаги раҳбарлар доимий равишда ҳар бир туман ва маҳаллада янгича ғоя ҳамда ташаббусларни жорий этиб, оддий халқ ёки камбағалнинг ҳаётини яхшилаш, уларни банд қилиш ва даромадини ошириш масалалари билан устувор даражада шуғулланиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда карантин чоралари енгиллаштириладиган ҳудудларни белгилаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳарнинг карантин даражасини белгилаш, жойлардаги вазият ўзгаришига қараб, тезкорлик билан карантин даражаларини янгилаб бориш вазифаси қўйилди. 23 апрель куни тасдиқланган пандемия даврида вақтинчалик санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормаларга риоя этиш зарурлиги таъкидланди.
Карантиндан кейин иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлар барқарор фаолият юритиб кетиши учун шароит яратишни ҳозирдан бошлаш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тармоқ раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ва банклар билан бирга 1 июнга қадар корхоналарга кўрсатиладиган ёрдам турлари ва миқдорини аниқлаб, ҳар бир корхона бўйича Инқироздан кейинги манзилли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилди. Ушбу режада корхоналарга айланма маблағлар учун қўшимча кредитлар бериш, экспорт мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш, томорқа ва иссиқхоналар учун давлат томонидан бериладиган субсидиялар миқдорини оширишга устувор аҳамият берилади.
Видеоселектор йиғилишида солиқ тушумларини таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Жорий йилнинг январь-апрель ойларида бу борадаги прогноз 102,7 фоизга бажарилган. Бундан буён бюджетга тушумлар сезиларли равишда ортиб бориши қайд этилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам яна бир бор эътибор қаратилиб, аҳолини асосий турдаги маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари белгиланди.
Видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар ва ҳокимлар ахборот берди.