17.04.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, талабаларни ўқишга қабул қилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим жараёнига рақамли ва педагогик технологиялар ҳамда замонавий усулларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини босқичма-босқич 50 фоизга етказиш, ҳудудларда сифатли олий таълим хизматлари кўламини кенгайтириш орқали аҳоли ва жадал ўсиб бораётган иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларини таъминлаш белгиланган.
Қайд этиш керакки, мамлакатимизнинг олис ҳудудларида ёшларнинг олий маълумот олишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун муайян ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ушбу чоралар ҳамон етарли бўлмаяпти. Бунинг оқибатида мактаб ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларининг муайян қисми хорижий мамлакатлар олий ўқув юртларига бориб ўқишга мажбур бўлмоқда. Сўнгги икки йилда биргина Сурхондарё вилоятидан 7,5 мингга яқин ёшлар олий таълим муассасаларида таълим олиш учун қўшни мамлакатларга кетган.
Шу муносабат билан, республикамизнинг жанубий сарҳадларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, ёшларнинг илғор педагогик технологиялар ёрдамида таълим олиши учун қўшимча имконият яратиш, ҳудудда тадбиркорлик анъаналарини илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият билан
уйғун ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, вилоят жамоатчилиги, халқ депутатлари Кенгашларининг мурожаатлари ҳамда Сурхондарё вилоятининг энг кўп аҳолиси истиқомат қилаётган Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури амалга оширилаётганлигини инобатга олиб:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Термиз давлат университети Денов филиали негизида Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институтини (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалари, шунингдек, тадбиркорликнинг замонавий ривожланиш тенденцияларини инобатга олган ҳолда тадбиркорлик ва бошқарув, педагогика ва аниқ фанлар ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқ бошқа соҳалар бўйича юқори малакали кадрларни миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ сифатли тайёрлаш;
етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори бўлган соҳалар учун қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш;
замонавий билим ва кўникмаларга эга юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига илғор таълим технологиялари, шу жумладан масофавий ўқитиш услубларини жорий этиш;
ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, илм-фан, ишлаб чиқариш ва амалиёт олдида турган долзарб вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда республика ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;
юқори малакали профессор-ўқитувчилар, мутахассисларни жалб этган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётнинг эҳтиёж юқори бўлган тармоқлари учун кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш;
республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига истиқболли ёшларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.
3. Белгилансинки:
Институт Термиз давлат университети Денов филиалининг барча ҳуқуқ, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Институт юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақлари ва банк ҳисобварақларига эга бўлади;
Институт Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади;
Институтнинг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;
Термиз давлат университети Денов филиали талабалари таҳсил олаётган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича Институтда ўқишни давом эттиради;
Институтга талабаларни қабул қилиш ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида белгиланади;
Институт Сурхондарё вилоятининг Денов, Сариосиё, Узун, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларидаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус таълим муассасаларида чет тили ва аниқ фанлар бўйича дарс машғулотларини олиб борувчи ўқитувчиларга доимий равишда илмий-услубий ёрдам кўрсатиб боради.
4. Ислом тараққиёт банки иштирокида “Олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Институтда илмий фаолиятни ривожлантириш ҳамда таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида:
2020/2021 ўқув йили давомида “Олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ҳамда халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилган ҳолда Институтнинг ахборот-технологиялари, биология, кимё ва физика бўйича замонавий лаборатория ускуналари билан жиҳозланишини таъминласин;
уч ой муддатда Институтга юқори салоҳиятга, жумладан фан номзоди, фалсафа доктори ҳамда фан доктори илмий даражасига эга бўлган профессор-ўқитувчиларни жалб қилсин.
5. Белгилансинки, Институтнинг педагогик ва илмий салоҳиятини ошириш, таълим жараёнини сифатли ташкил этиш учун юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида, шунингдек, жойлашув ҳудудини инобатга олиб Институт профессор-ўқитувчилари ва ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашда мос равишда ягона тариф сеткаси разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 1,5 баравар миқдорда ҳисобланади.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:
Институт тузилмаси олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ тасдиқланишини таъминласин;
Институт уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилиши чораларини кўрсин;
Институтни танлов асосида, шу жумладан республика олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган амалий тажрибага эга бўлган юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Институтда ўқув-методик жараённинг ташкил этилишини таъминлаш, белгиланган тартибда штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни зарур жиҳозлар билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;
Институт ахборот-ресурс марказини қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти Васийлик кенгаши таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Республика олий таълим тизимидаги мавқеи, илмий салоҳияти, узоқ йиллар давомида шаклланган анъаналарини инобатга олган ҳолда Самарқанд давлат университети зиммасига Институтни оталиққа олиш вазифаси юклансин ва унга қуйидаги йўналишларда кўмак бериб бориш топширилсин:
салоҳиятли кадрларни жалб этган ҳолда таълим ва илмий фаолиятни сифатли ташкил этиш;
таълим, тарбия, илмий ва услубий жараёнларни самарали бошқариш;
таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий этиш;
дарслик, ўқув қўлланмалар, ўқув-услубий материал ва ахборот ресурслари билан таъминлаш;
профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва иқтидорли ёшлар селекциясини амалга ошириш;
илмий-тадқиқот ишлари учун қўшимча шароитлар яратиш ва илмий мактабларни ривожлантириш.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги Институтни салоҳиятли профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш мақсадида етакчи олий таълим муассасаларида тегишли соҳалар бўйича 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб магистратура мутахассисликлари ва 2021 йилдан бошлаб таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш чораларини кўрсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Республика олий таълим кенгаши билан биргаликда Институт фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида қуйидагиларни амалга оширсин:
Институт фаолиятини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳамда унинг натижалари бўйича хулоса ва таклифлар киритиш;
профессор-ўқитувчилар, талабалар ўртасида сўровлар ўтказиш, жамоатчилик ва иш берувчиларнинг фикрини ўрганиш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш орқали ўқув дастурларини такомиллаштириш ва замонавий педагогик технологияларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
бошқариш тизими самарадорлиги ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар, улар томонидан таълим беришда қўлланилаётган таълим-тарбия усулларининг таъсирчанлигига холисона баҳо бериш;
очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш, коррупцияга шароит яратувчи омилларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириши бўйича тавсиялар киритиш;
истиқболли қўшма таълим дастурларини ташкил этиш, ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, чет эллик профессор-ўқитувчилар ва хориждаги ватандошларни жалб этиш бўйича таклифлар киритиш.
11. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтларининг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
12. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатларни молиялаштириш 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Институтнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳалари Ўзбекистон Республикасининг 2021–2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда республикамиздаги етакчи олий таълим муассасалари томонидан уларнинг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда Институтда онлайн маъруза ўтказиш ҳамда масофавий таълим технологияларини жорий этиш учун телекоммуникация жиҳозлари ва инфратузилма билан таъминлаш, шунингдек, юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда электрон таълим миллий тармоғига улаш чораларини кўрсин;
Институтда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб илғор хорижий, шу жумладан Туркия Республикаси олий таълим муассасалари билан келишув асосида қўшма таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳамда талабалар алмашинуви йўлга қўйилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда “Ёш тадбиркорлар” бизнес-инкубаторини ташкил этиш, унда ҳудуд ёшлари учун тадбиркорлик ва стартап лойиҳаларини амалга ошириш кўникмаларини шакллантириш ҳамда талабаларнинг амалиётларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
15. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Институт фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида жалб этиладиган малакали профессор-ўқитувчиларни хизмат уйлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5812-сон Фармонига мувофиқ Термиз давлат университети Денов филиалига унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун оператив бошқариш ҳуқуқи асосида берилган Денов қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари Институтда сақлаб қолинсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 мартдаги “Термиз давлат университетининг Денов филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги 171-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
18. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Ушбу қарор ижросини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов – ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этсин ва мувофиқлаштирсин, улар раҳбарларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини ҳар чоракда қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов – Институт фаолиятини самарали ташкил этсин, мазкур қарорни ижро этиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилишини таъминласин, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда ахборот киритиб борсин;
Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А. Боболов – Институт фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда ҳар томонлама кўмаклашсин;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К. Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси А.Д. Хаджаев – ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти, амалий аҳамияти ҳамда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ҳудудда илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни мунтазам ёритиб борсин.
20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев