20.02.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 19-20 февраль кунлари ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
Давлат раҳбарлари дастлаб тор доирада музокара ўтказди. Президентлар раислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Музокараларда мамлакатларимиз ҳамкорлигига оид барча масалалар ва уларнинг ечимлари, истиқболдаги асосий вазифалар ҳамда қўшма лойиҳалар юзасидан келишувларга эришилди.
Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида қўшма баёнот, шунингдек, иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид ҳужжатлар имзоланди.
Ташрифнинг иккинчи кунида давлатимиз раҳбари Туркиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи якунланди. Давлатимиз раҳбарини «Эсонбуға» аэропортида Президент Режеп Таййип Эрдоған кузатиб қўйди.