28.01.2020
Президент Шавкат Мирзиёев 28 январь куни транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Мазкур соҳадаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, транспорт коммуникацияларини стратегик ривожлантириш ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 февралдаги фармонига биноан Транспорт вазирлиги ташкил этилган эди.
Бу борада муайян ишлар қилинган бўлса-да, мамлакатимизнинг транспорт-транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, Ўзбекистон транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннага, 2030 йилда эса минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш эвазига 23 миллион тоннага етказиш имконияти мавжуд.
Жаҳон банкининг логистика рейтингида юртимиз 163 та давлат орасида 99-ўринда бўлиб, халқаро ташувларни амалга оширишнинг соддалиги бўйича 120-ўринда қайд этилган.
Оптимал тариф сиёсати мавжуд бўлмагани сабабли транзит юк оқимини жалб этиш ва маҳаллий товарларни ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш имконияти чекланмоқда.
Йиғилишда транзит сиёсатини бутунлай қайта кўриб чиқиш Транспорт вазирлигининг энг муҳим вазифаларидан бири экани таъкидланди.
Темир йўл тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага хусусий капитални кенг жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳолат ҳам танқид қилинди. Миллий авиакомпания негизида ташкил этилган Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари мустақил ташкилотлар сифатида фаолиятини тўлиқ йўлга қўймагани сабабли ислоҳотлар натижаси кўринмаяпти.
Шунингдек, ўтган йили 4 та аэропортда “очиқ осмон” режими жорий этилиб, “бешинчи ҳаво эркинлиги” ўрнатилган эди. Аммо ҳанузгача биронта ҳам хорижий авиакомпания жалб қилинмади. Бу ҳолат йўловчиларнинг асосли эътирозларига, бошқа хорижий авиакомпаниялар хизматидан фойдаланишига сабаб бўлмоқда.
Шу боис, Жаҳон банкининг тавсиялари асосида соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ якунига етказиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Навоий ва Термиз халқаро аэропортларини юк ташиш хабига айлантириш мақсадида “очиқ осмон” режимини жорий этиб, хорижий юк ташувчи авиакомпанияларни кенг жалб қилиш вазифаси белгиланди.
Янги авиакомпаниялар фаолияти учун шароит яратиш ва парвозлар географиясини янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Автомобиль ва жамоат транспорти соҳасида ҳам муайян камчиликлар бор.
Аҳолига қулай ва сифатли автотранспорт хизмати кўрсатишни таъминлаш мақсадида йўналишлар учун очиқ тендерлар ўтказиш, жамоат транспортига оид тариф ва тартибларни қайта кўриб чиқиб, рақамлаштириш лозимлиги қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда автомобиль йўлларининг ҳолатини яхшилаш масаласига ҳам тўхталиб, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, тез фурсатларда Автомобиль йўлларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги назорат органларининг иш услуби эскича экани кўрсатилиб, уларнинг фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Мутасаддилар йиғилишда қайд этилган муаммоларни ҳал этиш ва устувор вазифаларни бажариш режалари юзасидан ахборот берди.