24.01.2020
Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил ва кейинги йилларда иқтисодиёт соҳасида амалга оширилиши зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларга кўрсатиб ўтди:
“Биринчидан, 2020 йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляцияни жиловлаш – иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги бош вазифамиздир.
Биз, шу йилдан бошлаб инфляциявий таргетлаш тизимини жорий қилишга ўтдик.
Бу борада Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк, Молия вазирлиги иқтисодий ўсиш билан инфляция ўртасида мувозанатни таъминлаши, ташқи хавф-хатарларни ҳисобга олиши зарур.
Давлат томонидан 37 турдаги маҳсулот ва хизматлар нархининг тартибга солинаётгани, эркин рақобатга салбий таъсир қилмоқда.
Шуни ҳисобга олиб, энди асосий эътиборни нархларни белгилашга эмас, балки корхоналар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш орқали, нархларни пасайтиришга ва сифатни оширишга қаратишимиз керак.
Халқаро тажрибани ўрганиб, рақобатни олиб кириш мумкин бўлган монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очиш ва шу орқали рақобат муҳитини шакллантириш лозим.
Бу борада табиий монополия ва рақобат тўғрисидаги қонунларни янгилаш ҳамда Иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш стратегиясини ишлаб чиқиш талаб этилади.
Истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлашнинг ягона йўли – мева-сабзавот, чорвачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш ҳамда “даладан дўконгача” бўлган узлуксиз занжирни яратишдир.
Ҳукумат, барча даражадаги ҳокимликлар билан ушбу вазифа ижросини тўлиқ таъминлаши керак.
Бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан, назоратни янада кучайтириш зарур.
Жорий йилда давлат ташқи қарзининг юқори чегарасини белгиладик. Бундан буён халқаро молия ташкилотларидан олинадиган маблағларни қайтариш имконияти ва уларнинг натижадорлигига жиддий эътибор қаратилади.
Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, “Давлат молиявий назорати тўғрисида” ва “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин.
Ислоҳотларимизга жиддий тўсқинлик қилаётган “яширин иқтисодиёт”га барҳам берилмас экан, соғлом рақобат ҳам, қулай инвестиция муҳити ҳам шаклланмайди.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, “яширин иқтисодиёт”нинг вужудга келиш омилларини чуқур таҳлил қилиб, унга қарши курашиш дастурини тасдиқласин.
Шунингдек, “яширин иқтисодиёт” улуши юқори бўлган алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш учун товарларни рақамли маркировка қилиш тизимини жорий этиш ишлари бошланди.
Бу тизим келгусида фармацевтика маҳсулотлари учун ҳам қўлланилади.
Вазирлар Маҳкамаси қиймати 200 миллион доллар бўлган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётган ушбу “рақамли маркировка ва онлайн касса” лойиҳасини, алоҳида назоратга олсин.
Иккинчидан, иқтисодиётни юқори суръатлар билан ривожлантириш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттириш зарур.
Жорий йилда 23 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилади ҳамда 206 та янги йирик қувватлар ишга туширилади.
Жумладан, Шўртан газ-кимё комплексида синтетик суюқ ёқилғи, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида азот кислотаси, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади.
Тошкент металлургия заводи, Тошкент метросининг Сирғали тармоғи, ер усти ҳалқа йўлининг биринчи босқичи ишга туширилади.
2020 йилда ўзлаштириладиган инвестицияларнинг салмоқли қисми, тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ва кредитлар бўлишини алоҳида қайд этмоқчиман.
Инвесторларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш, инфратузилма яратиш харажатларини қисман давлат томонидан қоплаш механизмлари жорий этилмоқда.
Шунингдек, фойда солиғини ҳисоблашда, янги технологик ускуналар харид қилиш, янги объектларни қуриш ва модернизация қилиш харажатлари бўйича чегирмалар кенгайтирилди.
Мавжуд 3 мингга яқин давлат иштирокидаги корхоналарни хатловдан ўтказиб, хусусий сектор ва рақобат ривожланган йўналишлардаги корхоналарда давлат иштирокини кескин камайтириш чораларини кўриш керак.
Навоий ва Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатлари каби йирик саноат корхоналарида янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан бирга, ушбу корхоналарни халқаро молия бозорининг тўлақонли иштирокчисига айлантириш лозим.
Бунинг учун, 2020 йилда халқаро стандартлар асосида молиявий ҳисоботларни тузиш, захираларни қайта ҳисоблаш, корпоратив ошкораликни татбиқ этиш каби ишларни якунлаш зарур.
Нефть-газ соҳасидаги давлат корхоналарини бошқаришга хорижий экспертларни жалб қилиб, уларнинг самарадорлигини ошириш ва харажатларини оптималлаштириш, қарз миқдорини камайтиришга эришиш лозим.
Вазирлар Маҳкамаси ана шу вазифаларни тўлиқ ҳисобга олиб, икки ой муддатда, Давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш, уларни бошқариш ва ислоҳ этиш стратегиясини ишлаб чиқсин.
Хорижий инвесторларни фаол жалб этиш мақсадида, жорий йил март ойида Тошкент халқаро инвестиция форумини юқори савияда ўтказиш зарур.
Инвестиция жалб қилишнинг самарали воситаларидан бири бўлган давлат-хусусий шериклик механизмларини транспорт, энергетика, йўл, коммунал, тиббиёт, таълим каби соҳаларга кенг татбиқ этиш керак.
Ҳозирги вақтда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг муҳим “драйвер”ларидан бирига айланди. Бу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 6 фоиздан ошгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди.
Ушбу тармоқни янада ривожлантириш учун қурилишга оид нормаларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, замонавий қурилиш технологиялари ва материалларини татбиқ этиш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарур.
Шунингдек, тендерлар ўтказишнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш ва соҳада ахборот технологияларини кенг жорий этиш керак.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда қурилиш соҳасини 2025 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқсин.
Учинчидан, банк тизими ва капитал бозорини ривожлантириш учун бу йил кескин чоралар кўришимиз лозим.
Афсуски, банк тизими рақамли технологияларни қўллаш, янги банк маҳсулотларини жорий этиш ва дастурий таъминотлар бўйича замон талабларидан, 10-15 йил орқада қолмоқда.
2020 йилдан бошлаб ҳар бир банкда кенг кўламли трансформация дастури амалга оширилади.
Бу борада банкларимизнинг капитал, ресурс базаси ва даромадларини ошириш алоҳида эътиборимиз марказида бўлади.
Банк тизимида тадбиркорларни қўллаб-қувватлайдиган “лойиҳалар фабрикаси” фаолиятини йўлга қўйишимиз лозим.
Банкларимиз халқаро молия бозорларига чиқиб, арзон ва узоқ муддатли ресурслар олиб келиши зарур. Миллий банк ва Ипотека-банк бу йил ўз “евробонд”ларини чиқариши мақсадга мувофиқдир.
Давлат улушига эга бўлган банклар босқичма-босқич стратегик инвесторларга сотилади.
Банк соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади – тижорат банкларини “мижоз учун ишлаш”га ўргатишдан иборатдир.
Соҳа учун замонавий кадрлар тайёрлаш мақсадида, Банк-молия академияси хорижий мутахассислар билан биргаликда тўлиқ қайта ташкил этилади.
Шунингдек, давлат банкларида замонавий банк амалиёти, менежменти ва хизматларини жорий қилиш учун раҳбарлик лавозимларига хорижий етакчи молия институтларининг малакали мутахассисларни жалб этиш бошланди ва бу жараён изчил давом этади.
Банкларда ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш орқали, уларнинг дастурий таъминотларини тубдан янгилаш лозим.
Шу йил 1 июлга қадар “кредит тарихи” ахборот тизимини тўлиқ ишга тушириш зарур.
Аҳолида банк тизимига нисбатан ишончни шакллантириш ва банклар фаолиятига четдан аралашишга чек қўйиш керак.
Тўртинчидан, барқарор иқтисодий ўсишнинг энг муҳим гарови – рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар учун янги халқаро бозорлар топиш ва экспортни кўпайтириш, транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳисобланади.
Бу йил экспортёрларга кафиллик берадиган ва харажатларнинг бир қисмини қоплайдиган – Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда экспортни олдиндан молиялаштириш учун – Экспорт – кредит агентлиги ташкил этилади.
Шунингдек, экспорт қилишда замонавий суғурта хизматлари жорий қилинади, автомобиль ва ҳаво транспорти харажатларини қисман давлат томонидан қоплаб бериш механизми жорий қилинади.
Ташқи савдо билан боғлиқ назорат тизими ва инфратузилмани яхшилаш зарур.
Жумладан, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, божхона постларида назоратни амалга оширувчи божхона, санитария, карантин, ветеринария ва бошқа идоралар фаолиятини ислоҳ қилиш лозим.
2020 йилда 3 мингга яқин стандартларни қабул қилиш, уларнинг сонини 10 мингтага ва халқаро стандартлар билан уйғунлашиш даражасини 40 фоизга етказиш зарур.
Андижон, Термиз ва Қўнғирот туманларида эркин савдо зоналарини ташкил этиб, улар орқали чегара олди савдосини ривожлантириш зарур.
Харидоргир маҳсулотлар турларини аниқлаш, уларга бозор топиш ва сотиш билан хусусий “трейдинг” компаниялари шуғулланиши, бунинг учун эса, савдо фаолиятини тартибга соладиган қонун лойиҳалари пакетини ишлаб чиқиш лозим.
Бу ташқи савдо билан бир қаторда, ички бозорга ҳам тегишли. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш концепциясини ишлаб чиқсин ҳамда ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли қарорларни тайёрласин.
Маҳсулотларимизни ташқи ва ички бозорларга етказиш, уларнинг таннархини тушириш учун транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришимиз зарур.
Темир йўл соҳасида йўловчи ва юк ташиш, эксплуатация ва хизмат кўрсатишни бир-биридан ажратиш, яъни табиий монополия қисмини алоҳида, хусусий секторни жалб қилиш мумкин бўлган йўналишларни алоҳида ривожлантириш лозим.
Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, инфратузилмани яхшилаш, мосла–шувчан тарифлар қўллаш ва янги истиқболли йўналишларни шакллантириш ҳисобидан, бизда транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннага етказиш имконияти мавжуд.
Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.
Аҳоли даромадларини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун бизга янги-янги бозорлар керак.
Бунинг учун бозор иқтисодиёти ва давр талабларига мос кўплаб қонун ва қарорларни қабул қилаяпмиз.
Лекин, афсуски, уларни ижро қиладиган кўпгина амалдорлар ҳали ҳам эскича иш услуби, расмиятчилик ва бефарқликдан қутулгани йўқ.
Очиқ бозор – маҳсулот сифатини ошириш, таннархни пасайтириш, янги технологиялар олиб келишга мажбур қилади, бозор ислоҳотларини жадал ривожлантиради.
Содда қилиб айтсак, жаҳон ишлаб чиқариш занжирларига, дунё бозори талабларига ва иқтисодий интеграция жараёнларига ҳамоҳанг бўлишимиз лозим.
Мулоқот ва рақобатга тайёр бўлиш учун тармоқ раҳбарлари ўз устида тинимсиз ишлаши шарт.
Мана, нима учун бизга иқтисодий интеграция керак!
Бизнинг ташқи савдога чиқадиган юкларимизнинг 80 фоизи Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва Россиянинг транзит йўлаклари орқали ўтади.
Шунингдек, тайёр маҳсулотларимиз экспортининг 50 фоизи, айрим товарлар бўйича эса 80 фоизи Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади.
Ана шу омилларни инобатга олиб ҳамда Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун борган фуқароларимизга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида, бугунги кунда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ масалалар ўрганилмоқда.
Биз, албатта, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таянамиз.
Шунинг учун халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторларимиз парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган хулосаларини айтишлари керак.
Вазирлар Маҳкамаси ушбу йўналишдаги таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишларини якунлаб, тегишли хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига тақдим этсин.
Шу билан бирга, биз Жаҳон савдо ташкилоти билан бошланган мулоқотимизни, ҳамда Европа Иттифоқи билан Ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги янги битимни тузиш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз.
Шунингдек, биз бошқа халқаро ва минтақавий иқтисодий ташкилотлардаги иштирокимизни, янада кучайтирамиз.
Бешинчидан, саноат тармоқларини узлуксиз хомашё ва замонавий инфратузилма билан таъминлаш зарур.
Иқтисодиётнинг қатор муҳим тармоқлари, жумладан, кимё, нефть ва газ, энергетика, электротехника, қурилиш материаллари, заргарлик саноатини хомашё билан таъминлаш учун, аввало, геология-қидирув соҳасини тубдан ривожлантириш лозим.
Шуни ҳисобга олиб, жорий йилда истиқболли конларни аниқлаш ва мавжуд захираларни кўпайтириш учун бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилмоқда.
Давлат геология қўмитаси олдига ушбу маблағларни самарали ишлатиш орқали шу йилда янги истиқболли майдонлар ва конларни аниқлашни 35 фоизга, келгуси йилда эса 40 фоизга ошириш вазифаси қўйилади.
Давлат геология қўмитаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан бирга камида 20 та кон бўйича тайёр лойиҳалар тўпламини шакллантириб, салоҳиятли инвесторларга таклиф этиши лозим.
Шунингдек, қўмита углеводородлар ва уларнинг захиралари бўйича ҳисоб-китоб юритиш, тоифага ажратиш ва бошқаришнинг халқаро тизимини амалиётга жорий этиши керак.
Иқтисодий юксалишни таъминлаш учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий инфратузилма барпо этиш ниҳоятда зарур.
Биз кейинги 3 йилда йўл қурилишига 9,8 триллион сўм, сув тармоқларига – 4,6 триллион сўм, электр тармоқларига – 18,2 триллион сўм, табиий газ таъминотига – 1,2 триллион сўм маблағ ажратдик.
Бу рақамлар – ушбу тармоқлар учун сўнгги 10-15 йилда сарфланган маблағлардан бир неча баробар кўпдир.
Лекин, шунга қарамасдан, замонавий инфратузилма яратиш, мавжуд тизимни модернизация қилиш учун бундан бир неча ўн баробар кўп маблағ талаб этилади.
Қанчалик қийин бўлмасин, биз ҳар йили Инвестиция дастури доирасида катта маблағ ажратиб, бу йўналишдаги ишларни албатта жадал давом эттирамиз.
Бунга қўшимча равишда, республика ва маҳаллий бюджетларнинг прогноздан юқори тушумларининг ярмини инфратузилма объектларини ривожлантиришга йўналтириш – Молия вазирлиги ва ҳокимлар учун жорий йилдаги асосий вазифалардан бири бўлиши керак.
Қонунчилик палатаси, Ҳисоб палатасини жалб этган ҳолда, ушбу маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини жойларга чиқиб, мунтазам равишда ўрганиб бориши мақсадга мувофиқ”.
Иқтисодиёт соҳасига доир яна кўплаб вазифалар белгиланмоқда.