21.05.2019
Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 2 апрелда қабул қилинган
Сенат томонидан 2019 йил 3 майда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Яйловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Яйловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг яйловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Яйловлар
Яйловлар чорва моллари учун озуқа бўлган ўсимликларнинг табиий қопламига эга ерлардир.
Яйловлар умуммиллий бойлик бўлиб, давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Яйловлар чўлдаги, ярим чўлдаги, тоғ олдидаги, тоғдаги ва текисликдаги, сув билан таъминланган ҳамда сув билан таъминланмаган яйловларга ажратилади.
Тоғдаги яйловлар мавсумий бўлиб, улардан йилнинг фақат муайян вақтида фойдаланилади.
2-боб. Яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасини тартибга солиш
4-модда. Яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш;
яйловларни сақлаб қолишга қаратилган қоидалар, нормалар ва нормативларни белгилаш;
давлат назоратини амалга ошириш;
яйловлардан оқилона фойдаланишни, уларни муҳофаза қилишни, такрор кўпайтиришни ва тиклашни таъминлаш;
илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш;
халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
5-модда. Яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат бошқаруви
Яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари амалга оширади.
Яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси;
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси.
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
яйловларни фойдаланиш учун бериш тартибини тасдиқлайди.
7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;
яйловларда пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш нормалари ҳамда муддатларини тасдиқлайди;
юридик ва жисмоний шахсларга яйловларни фойдаланиш учун беради;
яйловлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича чоралар кўради;
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширади.
8-модда. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг яйловлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси:
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
яйловларнинг ҳолатини яхшилаш, улардан фойдаланишни прогноз қилиш ва истиқболли режалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширади;
яйловларни инвентаризациядан ўтказади;
яйловларни геоботаник жиҳатдан текширишни амалга оширади;
яйловларнинг мониторингини юритади.
9-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг яйловлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида давлат экологик экспертизасини ўтказади;
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат экологик назоратини амалга оширади;
яйловлардаги ўсимликлар ҳолатининг мониторингини ўтказишда иштирок этади.
10-модда. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:
ўрмон фонди ерларида яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
яйловларда пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш нормалари ҳамда муддатларини белгилашда иштирок этади;
чорва молларини ўтлатиш учун участкалар берилишини таъминлайди;
ўрмон фонди ерларида яйловлар мониторингини ўтказишда иштирок этади.
11-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни ташкил этишдаги иштироки
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар:
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар ўтказилишига кўмаклашади;
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.
12-модда. Яйловлардан фойдаланувчилар бирлашмалари
Яйловлардан фойдаланувчилар яйловлардан биргаликда фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш учун яйловлардан фойдаланувчилар бирлашмаларини тузиши мумкин.
Яйловлардан фойдаланувчилар бирлашмалари яйловлардан оқилона фойдаланишга ва уларни муҳофаза қилишга доир ишларни ташкил этади ҳамда яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.
3-боб. Яйловлардан фойдаланиш
13-модда. Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқи
Юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларини доимий эгалик қилишга, ижарага, шунингдек вақтинча фойдаланишга олиш йўли билан яйловлардан фойдаланиши мумкин.
Яйловлар доимий эгалик қилишга, ижарага ва вақтинча фойдаланишга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорига
кўра берилиши мумкин.
Ўрмон фонди ерларида яйловлардан давлат ўрмон хўжалиги органларининг рухсатномаси бўйича фойдаланилади.
14-модда. Яйловлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Яйловлардан фойдаланувчилар:
яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларга мувофиқ чорва молларини ўтлатиш ва пичан ўриш;
яйлов инфратузилмасини барпо этишга доир ишларни амалга ошириш;
яйловлардан фойдаланувчилар бирлашмасини тузиш ҳуқуқига эга.
Яйловлардан фойдаланувчилар:
яйловлардан уларнинг белгиланган мақсадига кўра оқилона фойдаланиши;
яйлов ўсимликларини такрор кўпайтиришга кўмаклашишга, ўсимлик қопламини тиклашга, шунингдек яйловларнинг таназзулга учрашига йўл қўймасликка доир чора-тадбирларни амалга ошириши;
яйловлар алмашинишини ташкил этиши ва унга риоя қилиши;
яйловларда ёнғинларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар кўриши, ёнғин ўчоқларининг ўз вақтида тугатилишини таъминлаши;
яйлов ўсимликлари зараркунандаларига ва касалликларига қарши курашиш тадбирларини амалга ошириши;
яйловларни сақлаб қолишга қаратилган белгиланган қоидалар, нормалар ва нормативларга риоя этиши шарт.
15-модда. Яйловлардан фойдаланишга доир тадбирлар
Яйловлардан фойдаланишга доир тадбирлар яйловларни инвентаризациядан ўтказиш ва геоботаник жиҳатдан текшириш маълумотларидан келиб чиққан ҳолда тузилади ҳамда қуйидагиларни ўз ичига олади:
яйловлардан фойдаланувчиларнинг рўйхатини;
яйловларда ўтлатиш учун мўлжалланадиган чорва моллари рўйхатини;
ҳайвонлар касалликларини профилактика қилишни;
яйловларнинг чегаралари ва участкалари белгиланган харитани;
поданинг мавсумий ҳаракатланиш йўналишларининг календарь жадвалини, яйловларнинг алмашиниши, чорва моллари ҳайдаб ўтиладиган жойлар ва фойдаланиладиган қўтонлар схемаларини;
яйлов инфратузилмаси объектларини ривожлантиришни, шу жумладан сувлоқларни тиклашни;
яйлов участкаларининг ҳолати ва сифатини яхшилашни, ўт-ўланлар таназзулга учрашининг олдини олишни.
16-модда. Яйловлардан фойдаланиш нормалари ва муддатлари
Чорва молларини ўтлатиш ва пичан ўриш яйловларнинг турига, шунингдек яйловнинг муайян участкасида ўтлатиладиган чорва молларининг тури ва сонига қараб тасдиқланадиган яйловлардан фойдаланиш нормалари ҳамда муддатларига риоя этган ҳолда амалга оширилади.
Яйловлардан фойдаланиш нормалари ва муддатлари яйловларни инвентаризациядан ўтказиш ҳамда геоботаник жиҳатдан текшириш материаллари асосида белгиланади.
17-модда. Яйловларнинг алмашиниши
Яйловларнинг алмашиниши яйлов участкаларидан даврий равишда ва навбати билан фойдаланишдир.
Яйловларнинг алмашинишини таъминлаш учун яйловлар участкаларга ажратилади.
Яйловларнинг алмашиниш участкалари майдонини белгилашда яйловлар участкаси учун энг кўп йўл қўйиладиган фойдаланиш нормаси инобатга олинади.
Яйловларнинг алмашиниши яйловлардан оқилона фойдаланиш
ва уларни муҳофаза қилиш учун ташкил этилади.
18-модда. Яйловлардан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш
Яйловлардан фойдаланганлик учун ҳақ ер солиғи ёки ижара ҳақи тарзида ундирилади.
19-модда. Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқининг тугатилиши
Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тугатилади:
юридик шахс тугатилганда;
жисмоний шахс вафот этганда;
яйловлар берилган муддат тугаганда;
бошқа мақсадда фойдаланилганда;
оқилона фойдаланилмаганда;
яйлов ерлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда;
яйловлардан фойдаланишдан ихтиёрий равишда воз кечилганда.
20-модда. Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш
Таназзулга учраган яйловларни такрор кўпайтириш ва тиклаш, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ҳамда йўқолиб кетаётган ўсимлик ва ҳайвонлар турларини муҳофаза қилиш мақсадида махсус ваколатли давлат органлари томонидан яйловлардан фойдаланишга чекловлар ҳамда тақиқлар белгиланади.
4-боб. Яйловларни муҳофаза қилиш, такрор кўпайтириш
ва тиклаш
21-модда. Яйловларни муҳофаза қилиш
Яйловларни муҳофаза қилиш яйловлардан белгиланган мақсадда, оқилона фойдаланишга, уларни такрор кўпайтиришга ва тиклашга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, иқтисодий ва бошқа тадбирлар тизимини ўз ичига олади.
Яйловларни муҳофаза қилиш:
яйловлардан фойдаланиш, уларни такрор кўпайтириш ва тиклаш қоидалари, нормалари ҳамда нормативларини белгилаш;
яйловлардан фойдаланишга чекловлар ва тақиқлар белгилаш;
яйловлардан ўзбошимчалик билан фойдаланишнинг, ўсимликларни пайҳон қилишнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш;
яйловларни инвентаризациядан ўтказиш;
яйловларнинг геоботаник жиҳатдан текширилишини амалга ошириш;
яйловларнинг мониторингини юритиш;
яйловлардан фойдаланиш, уларни такрор кўпайтириш ва тиклаш устидан назоратни амалга ошириш йўли билан таъминланади.
22-модда. Яйловларни такрор кўпайтириш ва тиклаш
Яйловларни такрор кўпайтириш ва тиклаш яйловларни инвентаризациядан ўтказиш ҳамда геоботаник жиҳатдан текшириш асосида амалга оширилади.
Яйловларни такрор кўпайтиришга доир тадбирлар тупроқ унумдорлигини, яйловлардаги ўсимликлар қопламининг миқдорий ва сифат ҳолатини сақлаб туришнинг табиий жараёнларига кўмаклашишдан иборатдир.
Яйловлардаги тиклаш тадбирлари ўсимликларнинг муайян турларини экишни қўллаш йўли билан амалга оширилади. Бунда табиий яйловларда ўсимликларнинг бегона турларини экиш тақиқланади.
23-модда. Яйловларни инвентаризациядан ўтказиш
Яйловларни инвентаризациядан ўтказиш яйловлар ҳолатининг миқдорий ва сифат кўрсаткичларини аниқлашга ҳамда картографик ва бошқа материалларда яйловларнинг ҳолатини тасвирлашга (акс эттиришга) доир ишлар мажмуидан иборатдир.
Инвентаризация жараёнида сифат ҳолати яхшиланиши талаб этиладиган ва фойдаланиш учун яроқсиз бўлган таназзулга учраган
яйлов участкалари, шунингдек сув билан таъминланмаган яйловлар аниқланади.
Яйловларни инвентаризациядан ўтказиш материалларидан яйловларда пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш нормалари ҳамда муддатларини белгилаш учун фойдаланилади.
24-модда. Яйловларни геоботаник жиҳатдан текшириш
Яйловларни геоботаник жиҳатдан текшириш яйловларнинг маҳсулдорлигини, ўт-ўланларнинг тузилиши ва таркибини, уларнинг униб чиқиш жойларини, яйловлардан чорва молларини ўтлатиш учун фойдаланиш имкониятини, яйловлардаги ўсимликларнинг сифати ва захираларини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган текширувдир.
Яйловларни геоботаник жиҳатдан текшириш материалларидан:
ер тузиш лойиҳаларини ишлаб чиқишда;
ажратилган участкада ерни, ўсувчи ўтларнинг озуқабоплик хусусиятларини кадастр жиҳатдан баҳолашда;
яйловлардан фойдаланишни яхшилаш бўйича ишлар амалга оширилишини ўз ичига оладиган яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқишда;
яйловларнинг геоботаник хариталарини тузишда;
ерларни рекультивация, консервация қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилишда, ердан фойдаланишга доир чекловлар белгилашда, яйловларни такрор кўпайтириш, тиклаш, муҳофаза қилиш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш бўйича тадбирлар ўтказишда, шунингдек яйловлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан тадбирлар ишлаб чиқишда фойдаланилади.
25-модда. Яйловлар мониторинги
Яйловлар мониторинги яйловлар тўғрисидаги миқдорий ва сифатга доир маълумотлар ҳақида ахборот тўплаш, уларнинг ҳолатини баҳолаш ва прогноз қилиш, салбий жараёнларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида яйловларнинг ҳолати, яйловлардан фойдаланиш натижасида юзага келаётган ўзгаришлар юзасидан кузатувлар
тизимидир.
Яйловларни геоботаник жиҳатдан текшириш ва инвентаризациядан ўтказиш йўли билан олинган тизимли кузатиш маълумотлари мониторингнинг асосидир.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича яйловларнинг ҳолати тўғрисидаги мониторинг маълумотлари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг веб-сайтида вақти-вақти билан жойлаштириб борилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
26-модда. Яйловларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш
Юридик ва жисмоний шахслар яйловларни ифлослантирганлик, улардан оқилона фойдаланмаганлик, уларнинг таназзулга учраганлиги
ва яйловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузганлик натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.
27-модда. Низоларни ҳал этиш
Яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
28-модда. Яйловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини
бузганлик учун жавобгарлик
Яйловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор юридик ва жисмоний шахслар белгиланган тартибда жавобгар
бўлади.
29-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
30-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга
мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган
ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
31-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.Мирзиёев