icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

27.06.2019

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5139-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида кадрлар билан таъминланганлик даражасини кучайтириш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясида (кейинги ўринларда – Академия) бошқарув кадрларини тайёрлаш давлат, хўжалик ва жамият бошқарувининг талаб этилган ва истиқболли йўналишлари бўйича грант ва тўлов-контракт асосларида, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда бир йиллик ва ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда икки йиллик магистратуранинг таълим дастурлари бўйича амалга оширилади ҳамда давлат намунасидаги диплом топширилади;

Академия магистратурасига ва қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш фақат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат ташкилотлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда республика нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тавсия этилган шахслар орасидан, жойларда номзодларни бирламчи саралаб олиш ва кейинчалик Академияда тест синовлари ва суҳбат ўтказиш йўли билан танлов асосида амалга оширилади;

Академия магистратураси ва қайта тайёрлаш курслари тингловчилигига номзодлар учун қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади;

б) Академия магистратураси ва қайта тайёрлаш курслари битирувчиларини раҳбарлик лавозимларига тақсимлаш чораларини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларининг бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбариятининг умумий мувофиқлаштириши остида амалга оширилади;

в) бошқарув кадрларининг малакасини ошириш курслари илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда амалга оширилади ҳамда инновацион давлат бошқаруви, стратегик режалаштириш ва прогнозлаштириш (foresight), давлат хизматларини такомиллаштириш, ақлли бошқарув ва рақамлаштириш соҳасидаги ўқув дастурларини ўз ичига олади.

2. Академия томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат ташкилотлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда республика нодавлат нотижорат ташкилотларининг бошқарув кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжлари асосида Академияга 2019/2020 ўқув йили учун қабул квоталари шакллантирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. 2019/2020 ўқув йили учун қабул квоталари:

1-иловага мувофиқ, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда “Давлат бошқаруви” мутахассислиги бўйича Академия магистратураси учун 90 нафар, шу жумладан, давлат грантлари асосида – 36 нафар ва тўлов-контракт асосида – 54 нафар;

2-иловага мувофиқ, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда “Давлат бошқаруви” мутахассислиги бўйича Академия магистратураси учун 30 нафар, шу жумладан, давлат грантлари асосида – 12 нафар ва тўлов-контракт асосида – 18 нафар;

3-иловага мувофиқ, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда “Давлат бошқаруви” мутахассислиги бўйича Академия бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш курслари учун 60 нафар, шу жумладан, давлат грантлари асосида – 24 нафар ва тўлов-контракт асосида – 36 нафар;

4-иловага мувофиқ, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда “Давлат бошқаруви” мутахассислиги бўйича Академия бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш курслари учун 90 нафар, шу жумладан, давлат грантлари асосида – 36 нафар ва тўлов-контракт асосида – 54 нафар этиб белгилансин.

4. Академия ректорига номзодларнинг якуний баҳосини ҳисобга олган ҳолда Академияга қабул қилиш параметрларига белгиланган умумий квоталар доирасида ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Академиянинг магистратураси ва бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш курсларига давлат грантлари асосида қабул қилинган шахсларнинг таҳсил олиши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.

6. Академия манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

а) қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини:

бошқарув кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш;

вазирлик ва идоралар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда малака ошириш курсларининг камида 30 та ўқув дастурларини ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасида давлат органлари эҳтиёжлари асосида хорижий мамлакатларда ўқитиш учун истиқболли кадрлар маълумотлар базасини яратиш;

б) қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Р.С.Қосимов ва У.С.Исмоилов зиммасига юклансин.

 

                              Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                        Ш.Мирзиёев

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo