20.04.2019
Тошкент шаҳрида 20 апрель куни Корейс маданияти ва санъати уйининг тантанали очилиш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин рафиқалари билан биргаликда ушбу дўстлик ва маданият саройини очди.
- Пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турган ушбу муҳташам иншоот қиёфасида замонавий архитектура ютуқлари ва анъанавий корейс маданияти уйғунлашган. Бу маскан халқларимизнинг мустаҳкам дўстлиги ва мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори босқичга чиққанининг ёрқин тасдиғидир, - деди давлатимиз раҳбари.
- Бу марказ дўстлик, аҳиллик ва муштараклик майдонидир. Ўйлайманки, у Ўзбекистондаги корейс диаспораси, шу ерда ишлаётган кореяликлар ва барча ўзбекистонликлар учун умумий уй бўлади. Кўп жиҳатдан ўхшаш халқларимиз ва биродарлашган давлатларимизни боғлаб туради, - деди Мун Чжэ Ин.
Саҳнада корейсларнинг юртимизга кўчириб келиниши, халқимиз билан аҳил яшаши ҳақида бадиий композиция намойиш этилди.
Маълумки, 1937 йилда Узоқ Шарқдан ўн минглаб корейслар мамлакатимизга кўчирилган. Ўша пайтдаги қийинчиликларга қарамай, ўзбек халқи уларни очиқ қалб билан қабул қилган, уларга бошпана бериб, меҳр кўрсатган. Ўзининг меҳнатсеварлиги ва қатъий иродаси, халқларимизнинг менталитети ўхшашлиги туфайли корейслар юртимизда иккинчи Ватанини топди. Улар Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 180 мингдан зиёд корейс миллатига мансуб юртдошларимиз яшайди. Уларнинг уч юзга яқини давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган.
Барча миллат ва элат вакиллари қатори корейс юртдошларимиз учун ҳам ўз миллий маданияти, тили, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши учун зарур шароит яратилган. Ўнлаб корейс маданият марказлари фаолият юритмоқда. 12 та олий таълим муассасаси, 48 та мактаб ва лицейда корейс филологияси ўқитилмоқда.
Корейс тилида китоб ва газеталар чоп этилмоқда, кўргазмалар, концерт ва фестиваллар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Давлат раҳбарлари ўзбекистонлик корейс рассомлари асарлари кўргазмаси билан ҳам танишди.
Корейс маданият ва санъат уйи 478 ўринли киноконцерт зали, конференциялар зали, кутубхона, бадиий галерея, ресторан ва хизмат хоналарни ўз ичига олган. У жамоатчилик ва ёшлар интиладиган, муштарак маданиятимизни бойитадиган яна бир масканга айланади. Бу кун алоҳида стратегик шерик давлатлар - Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари тарихида яна бир ёрқин саҳифа бўлиб қолади.
Бугун куннинг иккинчи ярмида Президентлар Самарқандга ташриф буюриб, диққатга сазовор жойлар билан танишади.