28.02.2019
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Фарғона водийсида йиллар давомида электр энергетикаси бўйича муаммолар бор эди. Шу боис Тўрақўрғон туманида замонавий технологиялар асосида иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланган эди. Қуввати 900 МВт бўлган ушбу станциянинг ишга туширилиши аҳоли ва саноат корхоналарини электр энергиясига бўлган талабини тўлиқ қоплашга хизмат қилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 195 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлиб, у Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва “Ўзбекэнерго” АЖ маблағлари асосида молиялаштирилган. Станция Япониянинг “Mitsubihi Corporation” ва “Mitsubishi Hitachi Power Systems” консорцуми томонидан барпо этилмоқда.
Бугунги кунгача электр энергиясини ишлаб чиқарадиган асосий агрегатлардан биринчи ва иккинчи блок трансформаторлари, буғ-газ трубинаси ва бошқа технологиялар монтаж қилинган. Ташқи коммуникация ишлари якунланган, ичимлик сув тармоғи тортилган. Объект “Сўх-Наманган” магистрал газ тармоғи орқали ёнилғи, Катта Наманган канали орқали техник сув билан таъминланади.
Станциянинг биринчи буғ-газ қурилмаси жорий йилнинг сентябрь ойида, иккинчиси декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида Фарғона водийси истеъмолчилари учун 900 МВт қўшимча қувват ёки йилига 6,7 миллиард кВт/соат электр энергия ишлаб чиқарилади. 300 киши иш билан таъминланади.
Энг муҳими, бу ерда ишлаб чиқарилган электр энергия таннархи бошқа иссиқлик электр станцияларникидан арзонлиги билан ажралиб туради.
Давлатимиз раҳбарига иссиқлик электр станциясида амалга оширилган ишлар, объектнинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари ҳақида маълумот берилди.
Президентимиз бу лойиҳа муҳим стратегик аҳамиятга эга эканини, станция водий вилоятларининг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш ва аҳолини ишончли электр энергия билан таъминлаш имконини беришини таъкидлади.
Иссиқлик электр станциясини муваффақиятли ишга тушириш ва фойдаланиш, бунинг учун соҳага ихтисослашган юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди.