07.12.2016
Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси
Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Ватанимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – Конституциямиз қабул қилинган кунни нишонлаш арафасида гўзал ва муҳташам “Ўзбекистон” анжуманлар саройида сизлар билан учрашиб турганимдан ғоят мамнунман.
Барчангизга, бутун халқимизга ўзимнинг чексиз ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этишга рухсат бергайсиз.
1992 йил 8 декабрда мустақил Ўзбекистонимиз Конституциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди.
Конституциянинг яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилишида замонамизнинг буюк давлат арбоби, улуғ йўлбошчимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хизмати беқиёс эканини барчамиз яхши биламиз.
Халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва бутун ҳаётини тубдан ўзгартирган ушбу муҳим сиёсий ҳужжатни ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичнинг концептуал аҳамиятга эга, теран фикрлари мустаҳкам замин бўлди.
Олий Кенгаш депутати сифатида мен ҳам Конституциявий комиссия таркибида Бош қомусимизни яратиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганимни доимо фахрланиб эслайман. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар бугунгидек ёдимда.
Ҳақиқатан ҳам, 90-йиллардаги ўта оғир даврда Асосий қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичдек кенг миқёсда, стратегик фикрлайдиган, узоқни кўра оладиган буюк сиёсий арбобнинг бу ишга раҳбарлик қилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Ёш давлатимиз эндигина оёққа туриб келаётган қалтис ва нозик бир вазиятда турли тор манфаатлар, маҳаллийчилик, сепаратизм ва миллатчилик каби салбий ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмасди.
Асосий қонунимизда умумэътироф этилган демократик принциплар билан бирга, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ва бой давлатчилик тажрибасини ифодалаш муҳим эди.
Айнан Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди.
Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Конституциямизнинг лойиҳаси бўйича 1992 йил 8 декабрда, Олий Кенгашнинг тарихий сессиясида сўзлаган нутқида қуйидаги фикрни алоҳида таъкидлаган эдилар:
“Биз сўнгги етмиш йил мобайнида давлатга қарамлик ва сиғиниш ҳолатида яшадик. Мамлакатнинг, ундаги барча бойликларнинг, мулкнинг эгаси давлат, деб ҳисоблаб келдик. Ана шу масалада ҳам Конституцияда туб бурилиш ясалган.
Яъни, Асосий қонунимизга “давлат, унинг идоралари ва мансабдор шахслари жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деган модда киритилган.
Эндиликда инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиб, улар давлат томонидан кафолатланади”.
Биринчи Президентимизнинг ана шу фикрлари у кишининг давлат, жамият ва инсон ҳаёти билан боғлиқ ҳар бир масалага нақадар теран ёндашганидан, шу асосда Конституциямизда энг мураккаб саволларга ҳам жавоб топиш мумкин эканидан далолат беради.
Бир сўз билан айтганда, Ислом Каримовни ҳақли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи, деб эътироф этиш учун барча асосларга эгамиз.
Қадрли дўстлар!
Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Асосий қонунимиз фуқаролик жамиятининг таркибий қисми бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва сиёсий партияларнинг шаклланиши, уларнинг эркин фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратди, сайлов тизимининг асосий тамойил ва қоидаларини мустаҳкамлади.
Бош қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Ўтган давр мобайнида Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар негизида юртимизда миллий қонунчилик тизими барпо этилди. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалишига, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган самарали ислоҳотларга асос бўлди.
Фуқароларимиз ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларнинг сиёсий фаоллигини оширишда ҳам Конституциянинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Куни кеча мамлакатимизда бўлиб ўтган муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқимизнинг фаол иштироки эса бунинг яққол далилидир.
Азиз дўстлар, биз бу сайловни Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиёсий меросига ва у киши ўзининг чексиз меҳрини берган халқимизга муносиб тарзда ўтказдик.
Сайлов сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат ва кураш, президентликка номзодларнинг сайловолди дастурларини эркин муҳокама қилиш шароитида ҳамда демократик принципларга тўлиқ мос келадиган ошкоралик ва очиқлик руҳида ўтганини мамнуният билан қайд этамиз.
Сайловларни мана шундай юқори савияда ташкил этган Марказий сайлов комиссиясига, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига, уларга кўмак берган барча фуқаролик жамияти институтларига, сиёсий партиялар фаолларига самимий ташаккур билдиришга ижозат бергайсиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сайлов жараёнида 5 та халқаро ташкилот ҳамда 46 та давлатдан 600 нафарга яқин кузатувчилар иштирок этдилар. Жумладан, илк бор Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 32 та мамлакатга мансуб 200 нафарга яқин таркибдаги тўлақонли миссияси кузатувчилари қатнашдилар.
Халқаро кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларга юксак баҳо бердилар. Барча сайлов участкаларида сайловчиларга қулай шароитлар яратилганини, айниқса, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, турли миллат вакиллари учун сайлов ҳуқуқини амалга ошириш имконияти юқори даражада ташкил қилинганини эътироф этдилар.
Барча чет эллик кузатувчилар томонидан сайлов тенглик ва адолат принциплари асосида, очиқ ва ошкора ўтгани бир овоздан тан олингани ҳаммамизга мамнуният бағишлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларга катта эътибор бериб, сайлов жараёнида иштирок этган барча халқаро кузатувчиларга, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига ташаккур изҳор этамиз.
Азиз ватандошлар!
Мана шу юксак минбардан туриб, аввало, бўлиб ўтган сайловда менга юксак ишонч билдириб, мен учун овоз берган барча сайловчиларга, нуроний отахон ва онахонларимизга, муҳтарама опа-сингилларимизга, навқирон ёшларимизга, кўпмиллатли бутун халқимизга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдириб, таъзим қиламан.
Халқимиз ўзининг хоҳиш-иродаси билан мени мана шундай юксак лавозимга муносиб кўрганини ўзим учун олий шараф деб биламан. Сизларнинг менга билдирган юксак ишончингизни оқлаш учун бор куч ва салоҳиятим, билим ва тажрибамни, бутун борлиғимни сафарбар этаман.
Қадрли дўстлар!
Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатидир.
Ўтган даврда қабул қилинган 400 га яқин яхлит қонунлар ҳаётимизнинг барча соҳаларини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга экани ҳақида сўз юритганда, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаш зарур.
Афсуски, ҳозирги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаяпти. Уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолмоқда.
Бу ҳолат мамлакатимиз қонунчилик тизимига фуқароларимиз, тадбиркорлар, қолаверса, чет эл инвесторларининг ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.
Аминманки, ҳурматли Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари бу масалага жиддий эътибор қаратадилар.
Бу борадаги ишларни ташкил этишда авваламбор қонун лойиҳаларини пухта ва ижтимоий муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга соладиган даражада ишлаб чиқиш, айниқса, идоравий ҳужжатларни кескин қисқартириш зарур, деб ҳисоблайман.
Шу ўринда Ҳукуматнинг парламент билан қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил соҳасидаги ҳамкорлигини янада самарали ташкил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисда доимий асосда фаолият кўрсатадиган вакили лавозимини таъсис этиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳаммамиз яхши тушунамизки, қонунларни қабул қилиш – бу ишнинг бир қисми, холос.
Асосий масала – қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир.
Афсуски, мазкур йўналишдаги ишлар талаб даражасида эмас. Бунинг оқибатида охирги уч йилда давлат органларининг 157 та қарори ўз кучини йўқотган қонунлар асосида чиқарилган.
Энди ўйлаб кўрайлик, қонунчиликка киритилаётган янгиликлар ўз вақтида жойларга, айниқса, ижрочиларга етказилмайдиган бўлса, уларнинг бажарилиши ҳақида нима дейиш мумкин?
Бу муаммони самарали ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли – қонунлар ижросини ташкил этиш бўйича соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратишдир.
Қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказишда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларида битта-иккита мақола ёки кўрсатув билан чекланиш мумкин эмас. Қабул қилинган қонунларни атрофлича муҳокама қилиш, юртдошларимизнинг уларга муносабатини ифода этадиган таҳлилий материаллар, кўрсатув ва эшиттиришлар, афсуски, жуда кам.
Янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг асосий маъносини аҳолига етказиш бўйича самарали механизм яратиш керак.
Ҳозирги кунда Адлия вазирлигининг бу борадаги фаолиятини талаб даражасида деб бўлмайди. Шу муносабат билан ушбу вазирлик ва унинг жойлардаги бўлинмалари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш зарур.
Адлия вазирлиги мутасадди идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунларнинг маъно-мазмунини жойларга етказиш, уларни кенг тарғиб қилишга қаратилган аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим.
Иккинчидан, қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.
Айнан шу нуқтаи назардан қараганда, 20 йил аввал бу борада қабул қилинган Миллий дастурни янгидан ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Парламентимиз жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича янги Миллий дастурни яратишда бош-қош бўлиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Конституциямизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Бунинг учун суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини албатта барчамиз яхши тушунамиз.
Бу борада яқинда қабул қилинган Фармон ижросини таъминлаш биринчи даражали вазифамиздир.
Хусусан, судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш, суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, юксак малакали суд ходимлари корпусини шакллантиришимиз лозим.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир.
Судларда ишларни кўриш сифатини ошириш, айниқса, фуқаролик ишларида овора бўлиб юришларнинг олдини олиш, айнан бир инстанция судида ишни бир неча маротаба кўриб турли қарорлар қабул қилиш амалиётига чек қўйиш вақти келди.
Қонунчилигимизда адвокатларнинг самарали фаолият юритиши учун барча асослар яратилган. Лекин, афсуски, адвокатура ҳанузгача фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш институтига айлангани йўқ.
Шу боисдан ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатуранинг ўрни ва ролини янада ошириш, унинг ваколатларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишимиз керак.
Биз “Адолат – қонун устуворлигида” деган тамойил асосида жамиятимизда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган ишларимизни жадал давом эттирамиз.
Бу борада ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун аввало маҳалла имкониятларидан кенг фойдаланиш, профилактика инспекторларининг иш самараси ва масъулиятини ошириш, улар учун муносиб хизмат ва турмуш шароитини яратиб бериш чораларини кўришимиз даркор.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун биз фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан самарали ҳамкорликни кенг йўлга қўямиз.
Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзлари томонидан қонунни бузиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатга принципиал баҳо берилади ва қатъий чора кўрилади. Бунга ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керак.
Жамият ривожига ғов бўлаётган яна бир иллат – бу коррупция балосидир. Бундай хатарга қарши курашиш мақсадида яқинда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни тезроқ амалиётга жорий этиш чора-тадбирларини кўришимиз лозим.
Буларнинг барчаси ўз навбатида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга, халқимизнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳтарам юртдошлар!
Сизларга яхши маълумки, 2016 йил Биринчи Президентимиз ташаббуси билан “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинган эди.
Бу борада давлат дастури тасдиқланиб, кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Бу ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш йўлидаги ишларимизни изчил давом эттириб, янада юксак босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Биринчи навбатда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланаётган давлатнинг негизи бўлган оила институтини мустаҳкамлаш мақсадида қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база янада кучайтирилди.
Хусусан, жорий йилда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ушбу соҳанинг асосий йўналишлари бўлган ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирларни аниқ белгилаб берди.
Соғлом болани вояга етказишнинг муҳим шарти бўлган репродуктив саломатликни яхшилаш, туғма нуқсон ва хасталиклар билан туғилишларнинг олдини олиш, тиббиёт масканларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш учун тизимли ишлар амалга оширилди.
Бу ҳақда кўп гапириш мумкин, лекин мен фақатгина баъзи бир мисолларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун жорий йилда 80 миллион доллар қийматидаги кредит ва грант маблағлари йўналтирилди.
Дастурда белгиланган тадбирлар бўйича 9 миллионга яқин фарзанд кўриш ёшидаги аёллар ва 10 миллионга яқин болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди.
Жумладан, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш бўйича нуқсони бўлган 350 дан ортиқ болада кохлеар имплантация операциялари амалга оширилди. Бунинг учун 21 миллиард сўм маблағ сарфланди. Лекин биз учун қанча маблағ кетгани эмас, балки юзлаб болаларимизнинг саломатлиги тиклангани муҳимдир.
Ана шундай ишлар қаторида 700 минг нафар бола пневмокок инфекцияси ва бошқа юқумли касалликларга қарши эмланди.
Дастур доирасида аёлларимиз учун зарур шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этиш борасида ҳам катта ишлар қилинди.
Айни вақтда хорижий сармоялар иштирокида қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш, туман ва шаҳарлардаги сув тармоқларини модернизация қилиш мақсадида 100 миллион доллар маблағ жалб этилди.
Юртимизда болалар спортини ривожлантириш, айниқса, қиз болалар ўртасида спортни оммалаштириш борасидаги ишларнинг давоми сифатида умумтаълим мактабларида 220 дан зиёд спорт заллари барпо этилди.
Ёш оилалар, тадбиркор аёллар, коллеж битирувчилари, оилавий бизнес ва ҳунармандликни қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан йил давомида 2 триллион сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди.
Албатта, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширган ишларимиз ҳақида яна узоқ гапириш мумкин. Лекин, мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, ана шу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 7 триллион 480 миллиард сўм ва 190 миллион доллардан зиёд маблағ сарфланди.
Шунинг ўзи, ўйлайманки, бу борадаги фаолиятимизнинг кўлами ва миқёси нақадар улкан эканидан далолат беради.
Фурсатдан фойдаланиб, шу йўлда фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларига, бу олижаноб ишга ҳисса қўшган барча ватандошларимизга чин қалбдан миннатдорчилик билдирамиз.
Бугун мана шу залда ўтирган, бу масалада ўзининг ёрдам ва кўмагини аямаган халқаро ташкилотлар вакилларига, хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, келинглар, ҳаммамиз биргаликда самимий ташаккур ва эзгу тилакларимизни билдирайлик.
Азиз юртдошлар!
Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда.
Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак.
Яқинда бўлиб ўтган сайловолди учрашувларида мен бир нарсага амин бўлдим. Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди.
Ҳозирги вақтда одамлар давлат идораларидан нимани истаяпти? Бу ҳақда гапирганда, эътиборингизни муҳим бир масалага қаратмоқчиман.
Хабарингиз бор, шу йил 25 сентябрда Бош вазирнинг интернет тармоғида электрон қабулхонаси ташкил этилган эди. Ўтган даврда ушбу қабулхонага фуқароларимиздан 218 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг қарийб 59 фоизи ечимини топган бўлса, 41 фоизи кўриб чиқилмокда.
Очиқ айтишим керак, бу мурожаатлар таҳлилидан кўп нарса аён бўлди. Таъбир жоиз бўлса, улар ҳаётимизда мавжуд бўлган ўткир муаммоларга кўзимизни очиб берди.
Мана, одамлар нималар ҳақида мурожаат қилмоқда. Аввало, улар турли соҳалардаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, қонунга зид бўлган кўплаб идоравий йўриқномаларни бекор қилиш, ставкаси оптимал бўлган банк кредитлари ажратиш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш ҳақида, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти ҳақида мурожаат қилмоқда.
Шу билан бирга, аҳолимиздан уй-жой қурилиши, коммунал, транспорт ва савдо хизмати, энергия таъминотини, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Кўриб турибсизки, азиз дўстлар, бу талабларнинг барчаси қонуний ва адолатли. Бу борада ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.
Лекин шу ўринда бир савол туғилади: мана шу мурожаатларда кўтарилган ҳаётий муаммоларни жойлардаги ҳокимлик ва идоралар, тегишли мутасаддилар ўз вақтида ҳал этиши зарур эмасмиди? Ҳолбуки, бу масалада алоҳида қонун, яъни, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Лекин, минг афсуски, бу қонуннинг ижросини назорат қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Шу сабабли ана шу қонун талабларини бажармаётган раҳбар ва мансабдор шахсларни нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликка тортиш зарур, деб ҳисоблайман.
Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур.
Шу муносабат билан тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш юзасидан яқинда қабул қилинган Фармон талабларига сўзсиз амал қилишни таъминлаш шарт. Нега деганда, халқ бой бўлса, давлат ҳам албатта бой ва қудратли бўлади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчалари ўзаро шунчалик боғланиб кетганки, уларни бир-биридан асло ажратиб бўлмайди.
Ана шу заруратдан келиб чиққан ҳолда, барча қонун ҳужжатларида халқ билан мулоқот тизими ҳақидаги нормаларни аниқ белгилаб қўйиш лозим, деб ҳисоблайман.
Ана шу фикр-мулоҳазаларнинг барчасини ҳисобга олиб, кириб келаётган 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилишни таклиф этаман.
Энди, ижозатингиз билан, бу борадаги энг долзарб ва устувор вазифаларга атрофлича тўхталиб ўтсам.
Аввало, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор.
Биз аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтиш ҳақида ўйлаяпмиз. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади.
Шу билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлашимиз зарур.
Айтиш керакки, бундай қабулхоналар сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тизимида фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқдир. Чунки сиёсий партия фуқароларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида одамлар ҳаётидаги муаммолардан доимо хабардор бўлиши керак.
Айни вақтда бу қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақомини, уларнинг ваколат ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Бизнинг асосий мақсадимиз – “Халқ қабулхоналари”га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдан иборат.
Мухтасар айтганда, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш – аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу мақсадда аҳолига кундалик ва энг зарур бўлган давлат хизматларини “ягона дарча” принципи бўйича бир идора орқали кўрсатиш тизимини такомиллаштиришимиз керак.
Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуддаги вазиятни, аввало, фармон ва қарорлар ижросини, уларнинг самарадорлигини доимий равишда ўрганиб, бу борада давлат органлари масъулиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқадиган тизимни шакллантиришимиз керак.
Фурсатдан фойдаланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати раҳбарияти, депутатлар ва сенаторларга бир таклиф билан мурожаат қилмоқчиман.
Яъни, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Ҳар қайси вилоятдан, масалан, Сурхондарёдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда, айтайлик, Музработ туманида бўлиб, ўзлари сайланган ҳудуддаги ижроия ҳокимият органи, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши ва тегишли хулоса бериши мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Маълумки, ҳозирги кунда Олий Мажлисимиз Сенати томонидан ҳар йили Бош прокуратуранинг ҳисоботи эшитилади. Бу албатта муҳим, лекин жойлардаги, масалан, узоқ Олот туманида маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура ва ички ишлар бўлимларининг ҳисоботини ким эшитади?
Шу нуқтаи назардан қараганда, Биринчи Президентимиз жорий этган тизим асосида ҳурматли Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат раиси жойларга чиққанларида маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларидан улар ўз зиммасидаги вазифаларни қай даражада ижро этаётганига, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни, уларнинг мурожаатларини қандай ҳал қилаётганига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.
Бу борадаги ишларни ташкил этишда парламент сўрови, тегишли давлат идоралари раҳбарлари ахборотларини эшитиш каби ваколатлардан кенг фойдаланиш керак.
Ўтказилган барча ўрганишлар натижаларини умумлаштириб, ҳар йили бир марта ички ишлар вазирининг энг аввало профилактика соҳасидаги фаолияти юзасидан ҳисоботини Сенатда эшитиш амалиётини жорий этиш ҳам тўғри бўлади, деб ўйлайман.
Шу мақсадда Олий Мажлис 2017 йилдан бошлаб ҳар қайси вилоят бўйича бир йилга мўлжалланган иш режасини белгилаб олиши ўринли бўларди.
Келгусида биз маҳаллий ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайлаш масаласи ҳақида ҳам ўйлаб, муҳокама қилиб кўришимиз керак. Ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ ва жамият олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришиш мумкин.
Ҳозиргина баён қилинган устувор вазифалар давлат бошқаруви тизимини бугунги ва эртанги кун талабларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштиришни тақозо этади.
Бу борада 2017-2021 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикасида маъмурий бошқарув соҳасидаги ислоҳотлар концепциясини қабул қилиш кўзда тутилмоқда.
Ушбу концепцияга мувофиқ, давлат бошқаруви органлари тузилмасини, вазифа ва ваколатларини оптималлаштириш, уларнинг ўзига хос бўлмаган, такрорланадиган функцияларини ҳамда ходимлар умумий сонини қисқартириш, шунингдек, давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги ролини кескин камайтириш бўйича аниқ тадбирлар амалга оширилади.
Президент девони ва Вазирлар Маҳкамаси ижро аппарати фаолиятини такомиллаштиришга, қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорлар самарали амалга оширилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратамиз.
Шу билан бирга, давлат хизмати институтини ислоҳ этиш, давлат хизматчиларининг моддий ва ижтимоий таъминоти, уларнинг касбий тайёргарлигини тубдан такомиллаштириш, бу соҳага янгича фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, ватанпарвар кадрларни жалб этиш бўйича самарали тизим яратилади.
Ана шу масалаларнинг барчаси яқинда ишлаб чиқиладиган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топади.
Ҳурматли дўстлар!
Инсон манфаатларини таъминлашда иқтисодиётимизнинг юксак суръатлар билан барқарор ривожланиши қандай катта аҳамиятга эга эканини барчамиз яхши тушунамиз.
Самарали меҳнат учун зарур шароитлар, муносиб иш ҳақи, замонавий уй-жойлар, сифатли таълим ва тиббий ёрдам, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш – буларнинг барчаси иқтисодий соҳадаги ислоҳотларимиз моҳияти ва мазмунини белгилаб берадиган муҳим омиллардир.
Шу борада нафақат энг кам ойлик иш ҳақини, балки бюджет ташкилотларида ҳам, хўжалик юритувчи субъектларда ҳам ўртача иш ҳақи миқдорини, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар ҳажмини босқичма-босқич кўпайтириш эътиборимиз марказида бўлади.
Аҳолини иш билан таъминлаш биз учун нафақат иқтисодий, айни пайтда катта ижтимоий аҳамиятга эгадир. Ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, иш берувчи ташкилотлар билан бир қаторда банк муассасалари ҳам бу ишга янада фаол жалб этилиши керак.
Аҳоли бандлигини ҳал этишда туризмни ривожлантириш бўйича катта имкониятларни ҳам ишга солишимиз лозим.
Шу мақсадда яқинда ташкил этилган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўз маблағларини ва хорижий сармояларни халқаро стандартларга мос келадиган инфратузилмаларни ривожлантиришга йўналтириши зарур.
Мамлакатимизда инвестиция сиёсатини кучайтириш масаласига биз алоҳида устувор аҳамият қаратамиз.
Хорижий сармояларни ва илғор технологияларни иқтисодиётга жалб этиш учун чет эллардаги дипломатик ваколатхоналаримиз жиддий иш олиб бориши лозим.
Бунинг учун Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини кучайтириш, чет мамлакатлардаги элчиларимиз нафақат сиёсий, айни вақтда юртимизга инвестицияларни жалб қилиш масалалари билан ҳам фаол шуғулланишлари даркор. Уларнинг бу борадаги фаолиятини назорат қилиш учун Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг фаолият соҳаси ва ваколатларини кенгайтириш зарур, деб ҳисоблайман.
Бу қўмита халқаро иқтисодий ҳамкорлик, чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш масалалари бўйича парламент назоратининг муҳим бўғинига айланиши лозим.
Қўмита мамлакатимизга инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ишларнинг самарадорлиги, бу соҳадаги муаммолар, тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича тегишли идораларнинг масъулиятини ошириш чораларини кўриши мақсадга мувофиқ бўлади.
Инсон манфаатларини таъминлаш яна бир муҳим масала – аҳолимизнинг ярмидан кўпи яшайдиган қишлоқ жойларда ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш билан бевосита боғлиқдир. Шу сабабли биз бундан буён ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, илғор технологияларни жорий этишга асосий эътиборни қаратамиз. Шу билан бирга, хомашёни, энг аввало пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича аниқ режалар белгиланмоқда.
Яна бир устувор вазифа – янги 2017 йилдан бошлаб қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон ва қулай уй-жойлар қуриш дастурини амалга оширишга киришамиз.
Азиз дўстлар!
Барчамизга аёнки, юртимиздаги ҳар қайси инсон, ҳар қайси оиланинг энг эзгу орзу-мақсадлари, ҳаётий манфаатлари авваламбор унинг фарзандлари тимсолида намоён бўлади, рўёбга чиқади. Албатта, бу борада юртимизда улкан ишлар қилинмоқда ва улар амалда ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Бу ҳақда гапирганда, барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайдиган бир мисолни айтиб ўтмоқчиман. Жорий йилда Бразилияда ўтказилган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз 44 та медаль, жумладан, 12 та олтин медални қўлга киритгани мамлакатимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлди.
Фурсатдан фойдаланиб, халқаро майдонларда юртимиз байроғини баланд кўтариб келаётган спортчи ёшларимизга, уларнинг ота-оналари ва устоз-мураббийларига чуқур миннатдорлик билдираман.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дастуридан ёшларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласи алоҳида ўрин эгаллаши табиийдир.
Бу борада фарзандларимиз учун зарур шароитлар яратиш, янги-янги таълим-тарбия, маданият, санъат ва спорт масканларини барпо этиш, ёш оилалар учун уй-жойлар қуриш, ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш бўйича бошлаган ишларимизни янги, юксак босқичга кўтарамиз.
Биз таълим ва тарбия тизимининг барча бўғинлари фаолиятини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштиришни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз.
Ёш авлод тарбияси ҳақида гапирганда, Абдурауф Фитрат бобомизнинг мана бу фикрларига ҳар биримиз, айниқса, энди ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларимиз амал қилишларини мен жуда-жуда истардим.
Мана, улуғ аждодимиз нима деб ёзганлар:
“Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”.
Қаранг, қандай бебаҳо, олтинга тенг сўзлар!
Бугунги кунда ён-атрофимизда диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” деган турли бало-қазоларнинг хавфи тобора кучайиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу сўзларнинг чуқур маъноси ва аҳамияти янада яққол аён бўлади.
Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги вақтда ёшлар тарбияси биз учун ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган масала бўлиб қолмоқда.
Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда.
Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим.
Бунинг учун ёшларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришимиз керак. Бу борада уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Бу вазифаларни амалга оширишда биз асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой меросига таянамиз. Фарзандларимиз, айниқса, қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни эгаллашлари, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб, ҳаётдан муносиб ўрин топишлари учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Бизнинг навқирон авлодимиз манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолиятимиз яқинда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун асосида қатъий давом эттирилади.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати барча ёшларимиз интиладиган, уларнинг қобилият ва иқтидорини рўёбга чиқарадиган ва манфаатларини ҳақиқий ҳимоя қиладиган ташкилотга айланиши учун барча чораларни кўрамиз.
Азиз дўстлар!
Барчамизга яхши аёнки, инсон манфаатларини юрт тинчлиги, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитидан ажратган ҳолда тасаввур этолмаймиз. Буларнинг барчаси бизнинг бебаҳо бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Бу борада маҳалла идоралари, хотин-қизлар, нуронийлар, ёшлар ташкилотларининг ўрни ва ролини янада кучайтириш эътиборимиз марказида бўлади.
Айни вақтда ҳозирги мураккаб замон тинч-осойишта ҳаётимизни асраш ва мустаҳкамлаш, халқимизнинг кафолатланган хавфсизлигини таъминлаш масаласини янада долзарб қилиб қўймоқда. Шу мақсадда биз ҳозирги вақтда Ички ишлар вазирлиги тизимини тубдан ўзгартириш чора-тадбирларини кўряпмиз.
Ўз пайтида муҳтарам Юртбошимиз ички ишлар органларининг энг қуйи тизимида профилактика инспекторларини ташкил қилган эдилар. Аммо бугун бу инспекторлар профилактика, яъни жиноятларнинг олдини олиш билан шуғулланмаяпти, аксинча, содир бўлган жиноятларни рўйхатга олиш, юқори идораларга ҳисобот ёзиш билан банд.
Шу сабабли бу масалага қарашимизни тубдан ўзгартириб, маҳалладаги участка нозирларига самарали фаолият кўрсатиши учун барча зарур иш ва турмуш шароитларини яратиб берамиз.
Шунингдек, ҳар бир туман ҳокими ва туман ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади. Бу раҳбарларнинг асосий вазифаси маҳаллада участка инспекторлари билан ишлашни ташкил этишдан иборатдир.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Мамлакатимизда инсон манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда бизнинг сайловолди дастуримиздан жой олган, ҳозирги кунда ишлаб чиқилаётган мақсадли дастурлар муҳим ўрин тутади. Бу дастурлар одамларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада оширишни таъминлашга қаратилган.
Шу мақсадда мамлакатимиз Ҳукумати Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати билан биргаликда ва жамоат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар иштирокида 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегиясини ишлаб чиқмоқдамиз.
Ушбу стратегияда давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилади.
Азиз дўстлар!
Биз ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимизни аввало халқимиз, Ватанимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда амалга оширамиз.
Бу сиёсатнинг асосини тинчликпарварлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келадиган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш ташкил этади.
Биз бундан буён ҳам узоқ-яқиндаги барча хорижий мамлакатлар, жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорлигимизни давом эттирамиз. Бу борада очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб бориш тамойилига содиқ қоламиз.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар билан фаол муносабатлар ва ҳамкорлик олиб бориш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига хизмат қилади.
Биз Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, бошқа халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантирамиз.
Азиз ва муҳтарам юртдошлар!
Биз янги – 2017 йилга эзгу ва олижаноб мақсадлар билан қадам қўймоқдамиз.
Буни ҳозиргина эълон қилинган "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" бўйича барчамиз, бутун халқимиз қалбидаги орзу-интилишлар ифодаси бўлган режа ва мақсадларимиз яққол тасдиқлаб турибди.
Ишончим комил, ана шу олижаноб вазифаларни ҳал этишда давлат ва нодавлат ташкилотлар, маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар вакиллари, кенг жамоатчилик, бутун халқимиз фаол иштирок этади.
Кириб келаётган янги йил сиёсатимизнинг бош мақсадини, яъни, инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғояни изчил давом эттириш, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этиш йўлида яна бир улкан қадам бўлади.
Барчангизни Конституциямиз байрами билан самимий табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.