13.01.2017
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 13 январь куни Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25-йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тинчлик ва осойишталигимиз посбонлари – ҳарбийлар байрами мамлакатимизда ҳар йили кенг нишонланади. Бу юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва барқарорлик самарасидир.
...13 январь куни эрталаб Мустақиллик майдонида Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси вакиллари саф тортди.
Ватан ҳимоячилари ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди.
...“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи байрамона безатилган. Бу ерга сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари таклиф қилинган.
Байрам тадбирини Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов очди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25-йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларини самимий табриклади.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармони билан 1991 йил 6 сентябрда Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилган. Давлатимиз раҳбарининг 1992 йил 14 январда қабул қилинган қарорига мувофиқ республикамиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилган.
Ана шу тарихий кун – 14 январ мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.
Ўтган вақт мобайнида Қуролли Кучларимиз ташкилий ва таркибий жиҳатдан такомиллашди. Тузилмаларнинг ҳаракатчанлиги, жанговар қобилияти, ҳарбийларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлиги ошди. Қисм ва бўлинмалар замонавий қурол-яроғ ва жанговар техника билан таъминланди.
Миллий армиямизни профессионал кадрлар билан тўлдириш, ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлигини, билим ва кўникмаларини янада юксалтириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Ҳарбий ўқув ҳамда машғулотлар илм-фан ва техниканинг илғор ютуқлари асосида ўтказилмоқда. Олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳар қандай хавф-хатарни бартараф этишга қодир, тезкор қарорлар қабул қила оладиган, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга офицер кадрлар тайёрланмоқда.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирувнинг йилда бир марта амалга оширилаётгани, шартнома асосида хизмат қилиш, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматнинг жорий этилгани натижасида ҳарбий жамоалардаги маънавий муҳит тубдан ўзгарди. Ҳарбий хизмат ёшларда мустаҳкам ирода ва характерни шакллантирадиган, жисмоний чиниқиш ва юксак инсоний фазилатлар камол топадиган ўзига хос мактабга айланди. Натижада ёшлар орасида ҳарбий хизматга қизиқиш тобора ортиб бораётир.
Муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида қабул қилинаётгани армия сафларини жисмоний тайёргарлиги ва интеллектуал салоҳияти юксак йигитлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлмоқда. Бунинг самарасида аскарлар жанговар тайёргарлик дастурларини, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланишни пухта ўзлаштирмоқда.
Ватан ҳимоячиларининг хизматни ўташ ва яшаш жойларидаги ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, резервга бўшатилган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш ҳам доимий эътиборда.
Ҳарбий хизматчилар учун янги турар жойлар қуриш, мавжуд турар жой фондини таъмирлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш, узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Янги йил байрами арафасида ҳам мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида ҳарбийлар учун янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Юзлаб ҳарбийларимиз Янги йилни янги уйда кутиб олди.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган ёшлар мамлакатимиз олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида имтиёзли баллга эга бўлмоқда. Бу уларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириб, касб-ҳунар эгаллаши, ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу йил Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида нишонланмоқда. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ушбу мавзуда ҳарбий қисм ва бўлинмаларда, барча вилоятларда, олис қишлоқ ва маҳаллаларда кўплаб учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда тинчлик-осойишталикнинг қадри, бу азиз неъматни асраб-авайлашга барча бирдек масъул экани кенг тарғиб этилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги фармонига мувофиқ, Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25-йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак мукофотлари – орден ва медаллар билан тақдирланди. Ушбу юксак мукофотларни Давлатимиз раҳбари тантанали равишда топширди.
– Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Бош штаби бошқармаси бўлими катта офицери, "Содиқ хизматлари учун" медали соҳиби Фазлиддин Аҳмадиллаев. – Мен ана шу бойликни асраб-авайлаш, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. Ватанимизнинг юксак медалини кўксимга тақиш менга янада ғурур-ифтихор бағишлайди. Бундай ишончни оқлаш, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги, фарзандларимиз келажагини ҳимоя қилиш учун бор кучимни сарфлайман.
Қуролли Кучлар офицери Лазиз Усмонов, аскар онаси Лайло Жўраева, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев ва бошқалар байрам қатнашчиларини Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган улкан эътибор учун самимий миннатдорлик билдирди.
Тантанали маросим катта байрам концерти билан якунланди.