05.06.2018
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июнь куни ҳудудларда бюджетга қўшимча тушумлар ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш, инфляциянинг олдини олишда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, солиқ ва молия идоралари раҳбарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлисда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар, компаниялар, хўжалик бирлашмалари, банклар раҳбарлари, видеоконференция орқали Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июнда қабул қилинган “Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш имконини бермоқда.
Жорий йилнинг ўтган 5 ойида бюджетга прогнозга нисбатан 2,7 триллион сўм ёки 16 фоиз кўп тушум туширилгани шу борадаги ишлар натижасидир.
Йиғилишда бюджетга қўшимча тушумларни кўпайтириш ва инфляция даражаси барқарорлигини таъминлаш бўйича ишларнинг мавжуд ҳолати танқидий таҳлил қилиниб, бу борадаги энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Таҳлилларга кўра, маҳаллий ҳокимликлар, молия-солиқ органлари томонидан бюджетга қўшимча солиқ тушириш борасидаги резервлар ҳали ҳам тўлиқ ишга солинмаяпти.
Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида солиқларнинг 60 фоизини илгаригидек 171 та йирик корхона таъминлаб бергани буни яққол тасдиқлаб турибди. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида жами солиқ тушумининг 50 фоизи “ЎзКоргаз” ва “Устюртгаз” корхоналари, Навоий вилоятида эса 75 фоизи Навоий кон-металлургия комбинати ҳисобидан қопланган.
Йиғилишда Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида бу борадаги ишлар мутлақо талабга жавоб бермаслиги қаттиқ танқид қилинди. Мисол учун, бозордаги савдо-сотиқлар орқали тушадиган маблағлар кўрсаткичи Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 30 фоизга, Сергелида 7 фоизга, Яккасаройда 4 фоизга, Юнусободда 3 фоизга камайиб кетган.
Автомобилларни сақлаш жойларида тушум бўйича етарли назоратнинг йўқлиги кузатилмоқда. Бунинг оқибатида маҳаллий бюджетларга 18 миллиард сўм тушмасдан қолган.
Наманган вилоятининг Норин ва Наманган туманларида ўтган 5 ой мобайнида савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ҳисобидан тўланадиган солиқлар миқдори камайиб кетган. Вилоятда солиқ ҳисоботлари тўлиқ таҳлил қилинмагани ва шу асосда тегишли чора-тадбирлар кўрилмагани туфайли қарийб 20 миллиард сўм солиқ ундирилмаган.
“Ўрганиш ва ҳисоб-китоблар барча ҳудудларда ишга солинмаётган бундай резервлар кўплигини кўрсатмоқда. Агар адолатни жойига қўйсак, маҳаллий бюджетларга тушум кўп тушади, деди Шавкат Мирзиёев.
Жорий йилда прогнозга қўшимча равишда 8,1 триллион сўм солиқ тушириб, бюджетга жами солиқ тушумини 50,2 триллион сўмга етказиш имкони борлиги таъкидланди. Мутасадди вазирлик ва идораларга бу соҳада йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни тезда бартараф этиш, қўшимча равишда 8,1 триллион сўм солиқ тушириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди. Ҳар бир вилоят, шаҳар ва туманда бу борадаги ишларни самарали йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Видеоселектор йиғилишида асосий истеъмол товарлари нархи барқарорлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш, фермерлар билан такрорий экинлардан олинадиган маҳсулотлар бўйича шартномалар тузиш, аванс маблағларини ўз вақтида ажратиш зарурлиги таъкидланди.
Озуқабоп экинлар экиш, парваришлаш ва етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, ғалладан бўшаган ерларга пешма-пеш такрорий экинлар экишни уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида тегишли вазифалар белгиланди.
Мажлисда тегишли раҳбар ва мутасаддиларга 2018-2021 йилларда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш, ушбу тармоқда рационал озуқа базасини шакллантириш дастурларини ишлаб чиқиш, ҳар бир ҳудуд бўйича асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни аниқлаб, тегишли ташкилий ишларни амалга ошириш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.