01.06.2018
Президент Шавкат Мирзиёев Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари туташган жойда қурилаётган кўп тармоқли спорт саройини бориб кўрди.
Бу ерда қурилиш ишлари 2017 йил февраль ойида бошланган эди. Арена уч хил: муз, спорт ва концерт тартибида ишлайдиган бўлади. Заруратга қараб, бир ҳолатдан бошқасига мослаштирилади. Унда хоккей, фигурали учиш, шорт-трек, кёрлинг билан шуғулланиш, баскетбол, волейбол, футзал, кураш, бокс, қиличбозлик, таэквондо каби спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш учун замонавий шароит яратилади. Шунингдек, бу ерда концертлар, кўргазма ва конференциялар ташкил этиш ҳам мумкин бўлади. Режага кўра, мазкур мажмуа жорий йил декабрь ойида, Янги йил байрами арафасида фойдаланишга топширилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуа қурилишининг бориши билан танишди. Бу иншоот улкан ижтимоий аҳамиятга эга эканини, бутун йил давомида ишлаши зарурлигини таъкидлади. Бу ерда шуғулланадиган спорт жамоаларини шакллантириш, улар учун спорт кийимлари ва анжомларини ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.